00:32 22.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
АХБОРОТ СОҲАСИНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА
Бухоро шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан “Ахборот соҳасини либераллаштириш: қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, ҳамкор ташкилотлар, фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, мутахассислар, партия фаоллари иштирок этди.
Тадбир “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси меъёрларини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий экспериментнинг боришини муҳокама этиш, натижаларни таҳлил қилиш, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, O‘zLiDeP электорати Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментга қонун ижодкорлиги фаолиятига янгича, замонавий ёндашув сифатида қарамоқда. Қонун лойиҳаси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у нафақат ахборот соҳасини демократлаштириш ҳамда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш соҳаларидаги, балки иқтисодиётни янада либераллаштириш ва модернизациялаш, жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштиришнинг устувор вазифаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
- Ҳуқуқий экспериментни самарали ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши томонидан депутатлар билан ҳамкорликда тегишли иш режаси ишлаб чиқилган эди, - дейди Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Ўлмас Раҳматов. - Унда биз партия электорати ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш, амалга оширилаётган экспериментнинг мазмун-моҳиятини, қонун лойиҳаси меъёрларини татбиқ этишга доир амалий механизмларини тушунтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик. Барча туманлар, чекка ҳудудларда мазкур масалалар юзасидан электорат билан 30 дан зиёд семинар ва учрашув ташкил этдик. Энг муҳими, бу учрашувлар ва эксперимент жараёни кузатувларидан кўриниб турганидек, ҳуқуқий экспертимент субъектлари – давлат ҳокимияти ва бошқаруви вакилларининг онги, дунёқараши ва вилоят аҳолиси, фуқаролик институтлари ва ОАВнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати ўзгармоқда. Уларда мамлакатимизда ва вилоятда юз бераётган барча воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси кучаймоқда. Фикримизча, очиқлик – бу нафақат ахборот, қабул қилинаётган қарорлардан хабардор бўлиш имкониятини тақдим этиш ва ахборот хизматлари фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган доимий жараён ҳисобланади, балки демократик ислоҳотлар боришига, аҳолининг ва айниқса, унинг фаол қисми – жамиятимизда ўзгаришлар муваффақиятли амалга оширилиши ва барқарорлик таъминланишидан энг кўп манфаатдор бўлган мулкдорлар синфининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти, тафаккури ва ҳуқуқий онги юксалишига ҳам катта таъсир кўрсатади.
O‘zLiDeP вакиллари қайд этганидек, фуқаролар, жамоат бирлашмалари ва ОАВларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига улар фаолияти ҳақида ахборот тақдим этилиши юзасидан сўровлари акс этган мурожаатлари сони 2012 йилга нисбатан сезиларли равишда, яъни қарийб 2 баравар ошди. Масалан, Бухоро вилояти ҳокимлиги веб-сайтига ташрифлар 1,4 баравар кўпайди.
Бунда сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 89,7% дан зиёди ҳудудда ишбилармонлик муҳити анча яхшиланганини таъкидлади, бу имконият давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлигини ошириш, уларнинг ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровга тезкор муносабат билдириш ёки мазкур органларнинг иқтисодиёт, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини тушунтириш ҳисобига ҳам юзага келди.Уларнинг фикрича, давлат тузилмалари расмий веб-сайтларида ҳудудда амалга оширилаётган турли дастурлар, ўтказилаётган очиқ танловлар, кимошди савдолари, қабул қилинган қарорлар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилиши ишбилармонлик муҳити ҳолати яхшиланишига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни жадал ривожлантиришга ва бу орқали жойлардаги энг муҳим ижтимоий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бу каби учрашувларнинг нафақат Самарқанд ва Бухоро вилоятларида, балки мамлакатимизнинг деярли барча минтақаларида ташкил этилиши республикамиз аҳолисининг ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментга бўлган қизиқиши янада ошишига хизмат қилмоқда. Жумладан, бу каби учрашувлар яқинда Тошкент, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ҳам ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар давомида эксперимент бориши ҳақида фикр алмашилмоқда, қонун лойиҳаси қоидалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга доир амалий механизмлари, ислоҳотлар боришининг жамоатчилик экспертизаси ташкил этилмоқда.
- Тадбирлар давомида қонун лойиҳаси меъёрларини такомиллаштириш, давлат бошқаруви тизими барқарор фаолият юритиши, мазкур соҳада ахборот хавфсизлигини таъминлаш, унинг меъёрлари амалга оширилишининг эҳтимолий оқибатларини баҳолаш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқамиз, фракциямиз позициясини белгилаймиз, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Солиев. - Жумладан, қонун қўлланилиши предмети ва соҳасини янада аниқ белгилаш мақсадида қонун лойиҳасига алоҳида модда киритилишини таклиф этмоқдамиз. Унда мазкур қонун доирасида фаолиятининг очиқлиги таъминланаётган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг фаолияти ҳақидаги ахборот, уларнинг коллегиал мажлиси, ахборотни олишга доир сўров каби атамалар аниқ белгиланиши зарур.
Бундан ташқари, O‘zLiDeP электорати фикрича, жамоатчилик, фуқаролик институтлари ва бошқаларни уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида доимий хабардор қилиш механизмларини белгилаш зарур.
Тадбирлар чоғида эксперт ва мутахассислар, партия электорати вакиллари томонидан яна қатор таклифлар илгари сурилди. Улар ҳозир O‘zLiDeP фракцияси томонидан умумлаштирилмоқда ва ўрганилмоқда.
Давра суҳбати якунида мавзу юзасидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида тегишли хулоса ва тавсиялар қабул қилинди.
Умида РУСТАМОВА,O‘zLiDeP Бухоро вилоят КенгашиДепутатлар билан ишлаш сектори мудири
Обсудить новость на Форуме