15:00 05.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

АГРАР СОҲА РИВОЖИ ВА ҚОНУНЧИЛИК

Маълумки, Ўзбекистон бутун дунёга машҳур юқори сифатли мева, сабзавот, узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга имкон берадиган ноёб табиий иқлим шароитларига эга мамлакат ҳисобланади. Ушбу соҳа юқори даромадли бўлиб, ташқи бозорда рақобатнинг кучайиши унинг ривожланишига жиддий эътибор қаратишни талаб этади.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Боғдорчилик, сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар: амалий ижроси ва янада такомиллаштириш масалалари” мавзуидаги давра суҳбатида алоҳида айтиб ўтилди.

Давра суҳбатида кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар жойларга чиқиб 12 та қишлоқ хўжалиги корхонаси, 36 та фермер ва 15 та деҳқон хўжалиги, 28 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш ва сақлашга ихтисослаштирилган, жумладан, совитиш омборларига эга корхона, шунингдек, 14 та сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхона фаолиятини ўрганишгани қайд этилди.

Шунингдек,Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятларида “Сабзавот маҳсулотлари ва узум ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг ҳолати ва уни янада ривожлантириш, самарадорлигини ошириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш чора-тадбирлари тўғрисида” он-лайн режимида минтақавий семинарлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда фермерлар, соҳа мутахассислари, давлат идоралари ва хўжалик субъектлари, ишбилармон доиралар фаол иштирок этди. Мазкур йўналишда тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитуви ҳам ўтказилди. Қишлоқ ва сув хўжалиги, Иқтисодиёт, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирликлари ҳамда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси ва “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси депутатларга ушбу масалани чуқурроқ ўрганишда амалий кўмак беришди.  

Бу борада ўтказилган таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, қишлоқда бозор муносабатларини жорий этиш ва хусусий мулкни, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий шароитлар яратиш бўйича туб иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса қишлоқ хўжалигида, хусусан, сабзавотчилик тармоғи ва узумчиликда ишлаб чиқариш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлади.

Бугунги кунда барча тоифадаги хўжаликларда 250 минг гектар боғ ва 127 минг гектар узумзор мавжуд бўлиб, “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида юртимизда 6,7 минг гектар майдонда янги боғ, 6,8 минг гектарда узумзорлар барпо этилиши назарда тутилмоқда. Пировардида қарийб 11 минг гектар майдондаги боғ ва узумзорлар тикланади.

Тадбирда эътироф этилганидек, сўнгги 10 йилда сабзавот, картошка ва полиз етиштиришга ажратилган ер майдони 1,3 баравар, боғ ва узумзорга ажратилган ер эса 1,2 баравар кенгайди. Натижада аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш икки ва ундан кўпроқ бараварга ўсди. Шунингдек, мамлакат сабзавотчилик ва узумчилик тармоқларининг экспорт салоҳиятини юксалтиришда ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан, 2012 йилда Ўзбекистондан дунёнинг узоқ ва яқин хориж мамлакатларига қиймати 1 миллиард АҚШ долларилик сабзавот маҳсулотлари ва узум экспорт қилинди.

Тадбирда иштирокчиларнинг асосий эътибори боғдорчилик, сабзавотчилик ва узумчиликда ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили ва уларни ривожлантириш соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида фермерлик, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий эркинлигини ривожлантириш учун юздан ортиқ тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Ва бу мазкур йўналишдаги ишларни изчил тараққий эттиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, соҳадаги қонунчиликни, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг тармоққа хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, хусусий тадбиркорлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг юқори даражада қайта ишланган маҳсулот тайёрлаш бўйича ҳамкорлигини фаоллаштириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, қишлоқда янги иш ўринлари яратишга қаратилган қонунларни янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Давра суҳбатида ушбу тармоқда амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган қатор тавсиялар билдирилди.
Зиёда АШУРОВА,"Халқ сўзи" газетаси2013 йил 4 июль, №129 (5803) 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме