19:31 11.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

АДОЛАТ ҚАРОР ТОПДИ

 O‘zLiDeP аралашуви билан «Азиз Олим Нур» масъулияти чекланган жамиятининг мулки эгасига қайтарилди
Айни пайтда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг нафақат ҳал қилувчи бўғини, балки бозорларимизни зарур товар ва хизматлар билан тўлдириш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини юксалтириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланди.
Президентимиз фармон ва қарорлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган қонунлар асосида соҳа вакилларига қўшимча имтиёз ва имкониятлар берилаётгани эса хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қиляпти. 
Аммо ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, айрим ҳудудларимизда ҳалигача тадбиркор ва фермерлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Мана, бир мисол. Зангиота тумани ҳокими 2013 йил 8 июнда «Азиз Олим Нур» масъулияти чекланган жамиятининг мулки ҳисобланган иссиқхонани туман захира ер фондига қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқаради.
Лазиз Акбаров ушбу ҳужжат билан танишиб чиққач, ғалати аҳволга тушиб қолди. Асоссиз қарордан норози бўлиб, ҳокимлик ва бошқа идораларга бир неча бор мурожаат қилди. Аммо ҳадеганда жавоб ололмади. 
Тадбиркорлик осон эмаслигини бошидан ўтказгангина билади, албатта. Лазиз Акбаров ҳам 2002 йили ташландиқ ҳолга келиб қолган 1,38 гектар майдондаги иссиқхонани биржа орқали 20 миллион сўмга сотиб олиб, туман давлат кадастр хизматида расмийлаштирган эди. Яхши ниятда сотиб олинган иссиқхона деярли қайтадан қурилди. Сув чиқариш учун қанча меҳнат, маблағ сарфланди. 
— Мутасадди идоралардан наф чиқмагач, 2013 йилнинг 16 июлида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисига мурожаат этишга мажбур бўлдим, — дейди тадбиркор. — Партия раҳбарияти арзимни тинглаб, тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамда халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат гуруҳ ташкил этди. Лекин, очиғи, муаммоимга бу қадар жиддий эътибор берилишини кутмагандим.
Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати Баҳодир Тоғаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, мутасадди идораларга депутатлик сўрови йўллади. Унда иссиқхона амалдаги қонунларга зид равишда қайтариб олингани ҳақида хулоса чиқарилган эди.
Гуруҳ томонидан жамланган ҳужжатлар ва баённомалар асосида Зангиота туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш учун Тошкент вилоят хўжалик судига даъво аъризаси киритилди. Ниҳоят, 2013 йилнинг 25 декабрида суд қарори билан Зангиота туман ҳокимининг 469-сонли қарори бекор қилинди. Тадбиркорнинг мулки шу тариқа яна ўзига қайтарилди.
Шу ўринда хато туманнинг ўзида тузатилиши ҳам мумкин эдими, деган ҳақли савол пайдо бўлади кишида. Ҳақиқатан ҳам, нега туман миқёсидаги масала O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашигача етиб келди. Ахир Зангиота туманида ҳам депутатлар, тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатини ҳимоя қилишга мутасадди бўлган бошқа идоралар бор эди-ку...
Пойтахтимизнинг шундоққина биқинида жойлашган ҳудудда юз берган бу воқеа ҳақиқатан ҳам айрим маҳаллий ҳокимлик идораларининг ҳанузгача тадбиркор ва фермерлар фаолиятига юзаки муносабатда бўлаётганларидан далолат бермоқда. Бу ҳолат, ўз навбатида, маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз томонидан депутатлик назоратини янада кучайтиришни ҳам тақозо этади. Ўйлаймизки, улар ҳам юқоридаги ҳолатдан тегишли хулосалар чиқарадилар. 
"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 27 февраль, 08 (536)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме