16:00 18.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

...

 — Президентимиз Ислом Каримов Асосий қонунимизнинг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд-ҳуқуқ тармоқларининг манфаатлар мувозанатини ва бир-бирини тийиб туришини таъминлаш, сиёсий партиялар ролини кучайтириш бўйича демократик талабларга жавоб берадиган ислоҳотлар таъсири хусусида сўз юритиб, Ўзбекистонда стратегик тараққиётнинг энг устувор йўналиши сифатида хусусий мулкнинг дахлсизлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратдилар.Бу эътироф кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада ривожланишига катта туртки бўлиш баробарида ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлайдиган ўрта синф – яъни мулкдорлар қатламининг мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизациялашда тутган ўрни ва аҳамиятига берилган муносиб баҳо ҳамдир. Демак, ўз навбатида, айнан ана шу синф манфаатини ҳимоя қилаётган O’zLiDeP бундан кейинги фаолияти давомида мулкдорларга ҳам назарий, ҳам амалий кўмаклашиш билан боғлиқ ишларини янада кучайтириши, тадбиркор ва фермерлар ҳуқуқини ҳимоялашга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифларни илгари суриши лозим.  Зеро, тараққиёт йилларимизда эришган ютуқлар аввало, барча фаолият турларининг бош ҳуқуқий асоси – Конституцияда мужассам бўлган принциплар, қоида ва нормаларнинг нақадар чуқур ўйланганини яққол намоён этади. Фикримиз исботи учун битта рақам келтириш ўринлидир: Осиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, мамлакатимиз аҳолиси даромадлари кейинги уч йилда 3 баробарга кўпайган. Бу кўрсаткич кўп жиҳатдан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи билан боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас, албатта.   Юртбошимиз алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистон иқтисодиётининг йигирма йил давомида 3,5 баробардан зиёд ўсиши замирида оғир қийинчилик ва синовларни енгиб ўтишдек машаққатли меҳнат ётибди. Агар мамлакатимиз аҳолиси сўнгги вақтда қарийб 9 миллион кишига кўпайиб, 30 миллионга яқинлашганини инобатга олсак, ўтган давр мобайнида ялпи ички маҳсулотнинг жон бошига 2,5 баробар ошганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради. Айниқса, глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистонда охирги беш йилда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати дунёдаги саноқли давлатлар қаторида 8,2 фоиздан кам бўлмагани, макроиқтисодий кўрсаткичлар барқарорлиги ва мутаносиблиги, давлат бюджети ва тўлов балансининг профицит билан бажарилиши фақат айтишга осон, холос. Аслида бу рақамлар халқимизни обод турмуш сари етаклаб келган устувор йўналишлар – изчил иқтисодий ислоҳотлар самарасини ифодаловчи кўрсаткичлардир. Бошқача айтганда, истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб изчил амалга оширилган ишларда айни шу ғоя, яъни халқ фаровонлигини таъминлашдек эзгу интилиш мужассам эди. Кириб келаётган 2013 йилнинг «Обод турмуш йили», деб эълон қилиниши эса аниқ тизимга солинган саъй-ҳаракатларнинг яна бир ҳаётий ифодаси бўлди. Шулар ҳақида гапирар экан, Юртбошимиз тадрижий тараққиёт концепциясини амалга ошириш, иқтисодиётнинг мафкурадан холи бўлиши,  демократик ислоҳотларни босқичма-босқич жорий қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлатнинг бош ислоҳотчилик ролини тан олиш ва ўтиш даврида унинг таъсирини ошириш, мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, кучли ижтимоий сиёсат юритиш каби принципларга қатъий амалга қилганимиз ижобий ўзгаришларнинг ҳал қилувчи омили бўлганини алоҳида таъкидладилар.Бир сўз билан айтганда, кириб келаётган янги йилга «Обод турмуш йили» деб ном берилиши мамлакатимизнинг бош мақсади бўлмиш инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада обод ва эркин, эртанги кунимизнинг янада ёруғ бўлиши йўлида улкан қадам бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме