16:00 18.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

2013 йил – «Обод турмуш йили»

Тўлқин ТУРСУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:—  Маълумки, ҳар қандай давлат ва жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш мураккаб жараён бўлиб, у муайян бир даврни талаб этади. «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, бугунги демократик янгиланиш ва модернизациялаш жараёнлари истиқлолнинг дастлабки йилларида бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми, дея таъкидланган эди. Дарҳақиқат, мазкур Концепция ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларини қамраб олган узоқ муддатга мўлжалланган стратегик ҳужжат бўлиб, бугунгача унда кўзда тутилган 50 дан зиёд қонун ҳужжатларининг 12 таси қабул қилинди. 30 дан ортиғи эса кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинаяпти. Маърузада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ва янада либераллаштириш, «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини  кенгайтириш бўйича қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари ахборот тизимини ислоҳ этиш, хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари ва телевидение тизимида сўз эркинлигини таъминлаш борасида Концепцияда белгиланган қатор вазифалар амалга оширилгани қайд этилди. Энг муҳими, Концепция асосида O’zLiDeP электорати манфаатларига бевосита хизмат қиладиган, кичик бизнес тараққиётининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайдиган қатор қонунлар қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Жумладан, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунларда мулк эгасининг ҳуқуқи устувор аҳамиятга эга экани ҳақидаги ҳал қилувчи принцип – қонунчиликда мулк эгаси билан давлат органлари муносабатларида пайдо бўладиган барча зиддият ва тушунмовчиликлар мулкдорнинг фойдасига ҳал этилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Маърузада, шунингдек, янги таҳрирда қабул қилинган «Рақобат тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар ҳамда улар асосида имзоланган «Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида», «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларнинг аҳамияти хусусида сўз юритилдики, улар мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда юртимизда инвестицион муҳит жозибадорлиги ва қулайлигини оширишнинг кафолати бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.Шу маънода, кириб келаётган 2013 йилнинг Ўзбекистонда “Обод турмуш йили”, деб эълон қилиниши халқ фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, таъбир жоиз бўлса, мавжу3д имкониятлардан янада кенг фойдаланишда долзарб аҳамиятга эгадир.
Одилжон АШИРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:— Президентимиз маърузасида бугунги глобаллашув жараёнлари жаҳондаги йирик давлатларнинг манфаатлари ўзаро тўқнашадиган минтақамизнинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва изчил ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас, албатта. Ана шундай бир шароитда салбий воқеаларнинг олдини олиш учун анчадан буён муҳокама этилаётган энг мақбул вариант – БМТ раҳнамолигида Афғонистонга қўшни мамлакатлар ва АҚШ, НАТО ҳамда Россия иштирокида мулоқот гуруҳини шакллантириш лозимлиги таъкидланди.Шу ўринда халқаро ҳамжамиятда катта акс садо берган «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонуннинг долзарб аҳмиятига тўхталиш жоиздир. Маълумки, ана шу муҳим ҳужжатда Ўзбекистоннинг турли ҳарбий-сиёсий блок ва альянслардан узоқ бўлиши, ўзининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қатъий позицияга эга экани, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштирилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Зеро, халқимиз ҳар доим юзага келадиган низоларни фақатгина тинч йўл билан бартараф этиш тарафдори бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.  Бир сўз билан айтганда, тантанали маросимда қайта-қайта такрорланганидек, минтақамизда мураккаб вазият вужудга келаётган, узоқ ва яқин атрофимизда турли қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз тинчлиги ва фаровонлигини сақлаш, қўшни давлатлар ва халқлар билан ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган ташқи сиёсатгина Ўзбекистон хилқининг орзу-умид ва интилишларига мос келади. Зеро, обод турмуш кўнгилдаги хотиржамлик, юртдаги осойишталикдан бошланади ва ундан маънавий куч-қувват олади. Юртбошимизнинг «Мустаҳкам оила йили»да қўлга киритилган натижаларни сарҳисоб қилиб, кейинги йилни «Обод турмуш йили» деб эълон қилишларига айни шу нуқтаи назардан ёндашсак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Барнохон АБДУЛЛАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:– Бош қомусимизнинг 20 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройига йиғилган кенг жамоатчилик, дипломатик корпус вакиллари яна бир бор мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги ва тадрижийлигига гувоҳ бўлдилар, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари маърузасида қайд этилган далил ва рақамларнинг гулдурос қарсаклар билан қарши олингани, иқтисодиётимизни янада тараққий эттириш ва халқаро муносабатларга оид фикрларнинг якдиллик билан қўллаб-қувватлангани ҳам шундан далолат берди. Агар поёнига етаётган «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури доирасида барча молиявий манбалар ҳисобидан 2 триллион сўмдан ортиқ ҳамда 100 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланганини инобатга олсак, чиндан ҳам Ўзбекистонда амалга оширилган ишларнинг кўлами ва миқёсини яққолроқ ҳис этамиз. Шунингдек, ёш оилаларга ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилишни янада кучайтириш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари ўтаётган йилнинг энг муҳим масалалари саналганини таъкидлаш жоиз. «Ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори асосида 2012 йилда ҳар бири 48 та хонадондан иборат бўлган 100 та кўпқаватли уй қурилгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Ана шу даврда оилалар фаровонлиги ва даромадини ошириш учун тижорат банклари томонидан қарийб 80 миллиард сўмга яқин, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун эса салкам 47 миллиард сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. O’zLiDeP электорати бўлган якка тартибдаги тадбиркорларнинг уч йил муддатга солиқлардан озод этилгани 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этиш имконини берди.  Маърузада кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш ҳисобидан хотин-қизлар учун 204 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилгани ҳам алоҳида тилга олинди. Янги йилда эса O`zLiDeP ўрта қатлам манфаатини ҳимоя қилаётган сиёсий куч сифатида ана шундай рақамларнинг янада салмоқли бўлиши учун барча имкониятларни ишга солиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Агар маърузада 2012 йилда қишлоқ аҳоли пунктларини марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш бўйича кўрилган қўшимча чора-тадбирларга асосан қарийб 108 миллиард сўм ва 96 миллион АҚШ доллари миқдорида  маблағ сарфланиб, 1 минг 220 километрдан зиёд янги сув тармоқлари барпо этилгани қайд этилган бўлса, буларнинг бари шубҳасиз «Обод турмуш йили» учун мустаҳкам заминга айланганини таъкидлаш лозим. 
Клара ЖУМАМУРОТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:– Юртимизда ўтган йиллар мобайнида тўпланган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, йилга фақат чиройли ном бериш эмас, балки бу ғояни умумхалқ манфаатига дахлдор бўлган аниқ мақсад ва мазмун, таъсирчан ва самарали тадбирлар билан ҳаётга татбиқ этиш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Яъни -  Президентимиз таъкидлаганларидек, «Йилга ном бериш негизида авваламбор ҳар бир одам, ҳар бир оила, қолаверса, бутун халқимизнинг хаёлидан ўрин олган вазифаларни амалга ошириш, тараққиётимизни жадаллаштириш, ҳаётимизни янада фаровон қилиш – айни шу каби эзгу мақсад-муддаолар туриши лозим».Шу маънода, янги – 2013 йилга «Обод турмуш йили» деб ном берилиши чиндан ҳам юртдошларимиз кўнглидаги ниятларининг ижобати бўлди, дейиш мумкин. Чунки обод турмуш, гўзал ҳаёт, деган тушунчалар азал-азалдан онгу тафаккуримизда, энг аввало, фаровонлик, тўкинлик, мўл-кўлчилик, қут-барака, бозорлардаги арзончилик маъносини англатади. Шунинг учун ҳам бугун фаровонлик тушунчаси Ватан равнақи ва юрт тинчлиги деган эзгу ғоянинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади.Тантанали маросимда обод турмушнинг яна бир муҳим шарти – бу аёл зотининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишлардаги ишини муносиб баҳолаш, ҳар қайси хонадонда уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш асносида турмушимизни фаровон этиш билан узвий ва чамбарчас боғлиқ эканини Юртбошимиз қайта-қайта таъкидладилар. Шу ўринда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш «Обод турмуш йили»да ҳам давлат ва кенг жамоатчиликнинг эътибор-марказида бўлиши лозимлиги тилга олинди. Зотан, таъминотсиз обод турмушни тасаввур қилиб бўлмаганидек, ҳар қандай шароитга мослашувчан кичик бизнес ривожисиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётни ҳам кўз тасаввур этиб бўлмайди. 
Муҳаммаджон ШАРИПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:– Айни пайтда бутун дунё катта қизиқиш ва ҳавас билан Ўзбекистондаги ўзгариш ва янгиланишларни кузатиб бормоқда. Ҳатто ривожланган давлатларга ҳам қаттиқ таъсир кўрсатган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган тараққиёт йўлининг тўғри ва ҳаётий эканини яна бир бор тасдиқлади. Демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиётни бозор муносабатларига ўтказиш асносида энг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олиш борасида эришаётган марраларимиз жаҳон аҳлини ҳақли равишда ҳайратда қолдираётгани ҳам шундан. Буларнинг барига, энг аввало, Бош қомусимиз ҳуқуқий асос яратиб берди, десак, муболаға бўлмайди.Шу маънода, Конституциямиз қабул қилинганининг 20 йиллик тўйига бағишланган тантанали маросимда янги йилни «Обод турмуш йили» деб эълон қилингани айни муддао бўлди. Зеро, халқ иродасини ифода этган Конституциямиз қабул қилинган кунда шу халқнинг манфаатларига хизмат қиладиган яна бир эзгу ҳаракат - «Обод турмуш йили» Давлат дастурини тайёрлаш жараёнига «старт» берилди.Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган қоидалар ҳаммага бирдек тегишли бўлганидек, обод турмуш ҳам барча тармоқларнинг комплекс ривожланиши натижасида юзага келади. Биргина фермерлик ҳаракатини олиб кўрайлик. Истиқлол туфайли Ўзбекистонда ер ўзининг ҳақиқий эгасини топди, деҳқон меҳнати қадрланди. Бунда Бош қомусимизнинг 54-моддасида «Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади», деган норма аниқ белгилаб қўйилгани асос бўлди. Натижада бугунги фермерлар нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари, балки уни қайта ишловчи тадбиркорга ҳам айландилар. Умуман, ўтган даврга назар ташласак, Конституцияда белгилаб берилган ҳуқуқлар асосида фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, яқинда Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон аграр секторни барқарор ва самарали ривожлантиришнинг, аҳоли фаровонлигини оширишнинг энг муҳим бўғини сифатида фермер хўжаликларининг роли ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида қабул қилингани ҳеч кимга сир эмас.Бир сўз билан айтганда, фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, уларга замонавий технологияларни жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги хом ашёсини комплекс қайта ишлаш, шунингдек, қишлоқда янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантиришга қаратилган ишларнинг мустаҳкам пойдевори бу —Конституциямиздир. Бу жараёнларнинг изчиллиги, ҳаётимизда ўз аксини топиши эса шубҳасиз,  обод турмуш деганидир.
Саҳифани Озод РАЖАБОВ тайёрлади. 
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме