20:30 18.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
2012 йил - Мустаҳкам оила йили
БИЗНИНГ ЙЎЛИМИЗ – ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ ВА МОДЕРНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНЛАРИНИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТТИРИШ ЙЎЛИДИР
07.12.2011
Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси.
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!
Қадрли дўстлар!
Шу кунларда биз мамлакатимизнинг янги тарихидаги қутлуғ сана – мустақил, суверен ва демократик Ўзбекистон Республикасини барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётган Асосий Қонунимиз – Конституциямиз қабул қилинганининг 19 йиллигини кенг нишонламоқдамиз.
Авваламбор, мана шу муҳташам залда тўпланган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни ушбу улуғ айём билан чин қалбимдан муборакбод этиш ва шу имкониятдан фойдаланиб, барчангизга самимий ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этиш менга улкан мамнуният бағишлайди.
Том маънодаги тарихий бу санани ҳар сафар байрам қилар эканмиз, Конституциямиз – Асосий Қонунимиз қабул қилиниши билан биз Ўзбекистон келажагини, янгитдан барпо этилаётган давлатимизнинг чуқур мазмуни, маъно ва моҳиятини, сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиётнинг, юртимиз қиёфасини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадларини аниқ-равшан белгилаб олганимизни ҳақли равишда юксак баҳолаймиз.
Агарки мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Конституциямизнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган беқиёс аҳамияти ва тарихий ролини биринчи навбатда биз учун мутлақо янги бўлган миллий давлатчилик ва унинг ижтимоий-сиёсий тизимини яратиш, демократик тамойиллар асосига қурилган сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий пойдеворни айнан Асосий Қонунимиз белгилаб берганида кўрамиз.
Иккинчидан. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатларнинг принципиал қоидаларини ўзида мужассам этган ҳолда, Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг эркинликлари давлат манфаатларидан устунлигини мустаҳкамлади, одамларимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратишни ўзининг туб мақсади этиб белгилади, ижтимоий адолат тамойилларини эълон қилди.
Учинчидан. Конституциямиз қонун устуворлиги, унинг барча фуқаролар учун тенглигини ва шунингдек, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий принципини белгилаб берди, уларнинг мустақиллиги, мустақил ҳокимият тармоғи сифатида ривожланишини кучайтиришга, демократик давлатнинг асосий ҳал қилувчи шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини шакллантиришга қаратилган қонуний негизни яратди.
Тўртинчидан. Конституциямиз хилма-хил фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиши ва ривожланиши, сиёсий партияларнинг эркин фаолияти, кўппартиявийлик тизимининг шаклланиши ва ривожланиши учун ҳуқуқий база яратди, сайлов тизимининг асосий тамойил ва механизмларини тасдиқлади, сайлов эркинлиги, одамларимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлиги кафолатларини, ҳар қайси инсоннинг ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини мустаҳкамлади.
Бешинчидан. Миллий истиқлол ғоясини ва умумбашарий қадриятларнинг энг яхши жиҳатларини ўзида мужассам этган ҳолда, Конституциямиз миллий анъаналаримиз, она тилимиз, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва маданий меросини тиклашни таъминлади, инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Олтинчидан. Конституциямиз миллий, кўпукладли иқтисодиётимиз асосларини мустаҳкамлади, ўзини оқламаган, бутунлай касодга учраган марказлашган маъмурий-тақсимот тизимидан эркин бозор иқтисодиётига қатъият билан ўтиш учун шароит яратиб, хусусий мулкнинг устуворлигини ўрнатди.
Еттинчидан. Асосий Қонунимиз миллий хавфсизлик ва мудофаа органлари тизимининг шаклланиши ва самарали фаолият кўрсатиши, ўзининг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатини давлатимиз, халқимизнинг олий манфаатлари, эл-юртимизнинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилайдиган мамлакатимизнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги мақомининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди. Бир сўз билан айтганда, Асосий Қонунимиз ҳуқуқий давлат қуриш йўлига ўтишимизнинг пойдеворини қуриб берди.
Шу борада мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш жараёнларининг изчиллиги ва босқичма-босқичлиги, биз танлаган тадрижий тараққиёт йўли, биз учун номақбул бўлган, “шок терапияси” деб аталган ислоҳотларни асоссиз равишда тезлаштиришнинг турли шаклларидан воз кечганимиз, четдан қарз олиш сиёсатининг пухта ўйлангани ва эҳтиётлик билан амалга оширилгани, мамлакатимизнинг тарихий, миллий ва анъанавий ўзига хос хусусиятларини ҳар томонлама ҳисобга олганимизни таъкидлаш муҳим, албатта.
Ўйлайманки, орадан йиллар, неча ўн йиллар ўтади, лекин ҳаётимизда ҳар томонлама синовдан ўтган, “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг”, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган қоида ва тамойиллар ўзининг ўткир аҳамияти ва долзарблигини ҳеч қачон йўқотмайди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Биз танлаб олган ва машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг нақадар тўғри экани сиёсий ва иқтисодий тизимни демократлаштириш, умуман, мамлакатимиз ҳаётидаги туб ўзгаришлар, Ўзбекистоннинг истиқлол йилларидаги жадал ривожланиши мисолида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.
Ўтган давр мобайнида биз эришган марралар ҳақида гапирар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, кўпчиликнинг ҳайрати ва ҳавасини уйғотадиган натижалар, яъни, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмининг, аҳоли реал иш ҳақи ва даромадларининг юксак ўсиш суръатларини; иқтисодиётимиздаги туб таркибий ўзгаришлар ва мамлакатимизда ишлаб чиқариш ўзлаштирилган мутлақо янги, рақобатдош маҳсулотларнинг жаҳон бозорига чиқарилаётганини; юртимиз қиёфасини бутунлай ўзгартираётган иншоотлар ва ишлаб чиқариш корхоналари, ижтимоий обектлар ва турар-жой биноларини барпо этиш бўйича кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишларини; таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларида қўлга киритаётган улкан ютуқларимизни ёрқин мисолларда кўриш ва англаш қийин эмас.
Ана шундай беқиёс ўзгаришларнинг амалий, ҳаётий натижаси сифатида юртимизда болалар ва оналар ўлими кескин қисқаргани, аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси ҳозирги кунда собиқ СССР ҳудудидаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига – 73 ёшга, аёлларимиз ўртасида эса 75 ёшга етганининг ўзи, ўйлайманки, ҳеч кимни, авваламбор, шу юртда яшаётган одамларни бефарқ қолдирмайди, албатта.
Ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози туғдираётган муаммоларга қарамасдан, Халқаро валюта фонди томонидан таъкидланганидек, Ўзбекистон дунёдаги саноқли мамлакатлар қаторида сўнгги 5 йил мобайнида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача 8,5 фоизга тенг бўлган йиллик ўсишини таъминлаб келаётгани, жорий йилда ушбу кўрсаткич 8,3 фоиздан кам бўлмаслиги бизнинг алоҳида эътиборга сазовор энг катта ютуқларимиздан биридир.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонимиз, юртимизни янгилаш ва модернизация қилиш йўлида биз қўлга киритган ва дунё тан олаётган мана шундай ютуқ ва марралар, ҳеч шубҳасиз, барчамизга, бутун халқимизга фахру ғурур бағишлаши табиийдир.
Шу билан бирга, биз мамлакатимизда барқарор ривожланадиган эркин иқтисодиётга асосланган очиқ ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда энг олий қадрият бўлган, жаҳонда ҳурмат-эътибор қозонган жамиятни шакллантиришга қаратилган узоқ ва машаққатли йўлнинг фақат бир қисмини босиб ўтганимизни ўзимизга яхши тасаввур этишимиз зарур.
Шуни унутмаслигимиз лозимки, биз ХХI асрда, интеллектуал қадриятлар устувор бўлган асрда, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олаётган ва жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган асрда яшамоқдамиз.
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз даркор. Бундай замонда, бундай шароитда эришилган ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, ҳаволанишга берилмасдан, тез ўзгариб бораётган дунё билан ҳамқадам бўлиб яшаш, вужудга келган вазиятни ҳушёр ақл-идрок билан баҳолаш, юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олишга қодир бўлган мамлакатгина муваффақият қозониши мумкин.
Ўйлайманки, 2010 йил ноябр ойида Олий Мажлисимиз – Парламентимиз томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси моҳият эътибори билан Ўзбекистонимиз яқин ва узоқ истиқболда ўз олдига қўяётган юксак мақсадларга эришишнинг амалий стратегияси сифатида хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир.
Бу ҳақда сўз юритганда, аввало Конституциявий ислоҳотларни давом эттириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг қонунчилик, ҳуқуқий ва норматив базасини чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг ҳар томонлама пухта ўйланган дастурини амалда жорий этишни назарда тутамиз. Ушбу дастур, биринчи навбатда, давлат ва жамият қурилиши соҳасида; суд-ҳуқуқ тизимида; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида; сайлов қонунчилигини янада демократлаштириш; фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш ва ниҳоят, мамлакатимизда олиб борилаётган бозор ислоҳотлари ва бозор инфратузилмасининг самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш соҳасидаги ўзгаришларни ўз ичига олади.
Мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизация қилиш бўйича концепцияда ўз ифодасини топган ислоҳотлар бир-икки йилга эмас, балки ўнлаб йилларга мўлжалланган ҳал қилувчи муҳим вазифа эканини биз албатта яхши англаймиз.
Бу дастур ўз маъно-мазмуни билан бугунги кунда олдимизда турган энг юксак мақсад бўлмиш – мамлакатимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига кўтариш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган эзгу ишларимизни ўзида мужассам этиб, жамиятимиз учун давр синовидан ўтган яккаю ягона тўғри йўл, деб қабул қилишимиз зарур.
Азиз ватандошлар!
Айни шундай буюк мақсадларни ўз олдимизга қўяр эканмиз, бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб вазифаси – Концепцияда ва уни амалга ошириш стратегиясида ўз ифодасини топган олижаноб мақсадлар барча-барча юртдошларимиз учун ҳаёт мазмуни ва амалий интилишларга айланиб боришини истардим.
Соддароқ қилиб айтганда, саховатли Ўзбекистон заминида яшаётган ҳар қайси одам мамлакатимизда олиб борилаётган ва кўзда тутилаётган барча ислоҳотлар авваламбор унинг манфаати, унинг оиласи ва фарзандлари учун, шу юртнинг фаровонлиги ва тараққиёти учун амалга оширилаётганини аниқ-равшан англаб етиши ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун ҳаммамиз ўз устимизда ишлашимиз, аввало, ҳуқуқий маданият, ҳуқуқий онгимизни юксалтиришимиз, сиёсий фаоллигимиз ва фуқаролик масъулиятимизни оширишни бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири сифатида қабул қилишимиз даркор. Чунки, онги, тафаккури, эътиқоди мустаҳкам бўлган, ўз мустақил фикри билан яшаётган одамни чалғитиб ҳам, кимлардир хоҳлаган томонга оғдириб ҳам бўлмайди.
Бу ҳақиқатни барчамиз, аввало, бугун ҳаётга кириб келаётган ёшларимиз яхши англаб олганига ишонаман. Қолаверса, бундай қараш, бундай ёндашув билан яшаш биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим таркибий қисми, жамиятимизни ўзгартириш ва янгилашнинг асосий шартидир, десак, асло муболаға бўлмайди.
Албатта, бугунги кунда ушбу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари, ноҳукумат тузилмалар томонидан, маърифат идоралари, мактабларимиз, мамлакатимизнинг барча таълим муассасалари тарафидан кўп ишлар қилинмоқда. Лекин шуни ҳам тан олиш керакки, бу ишларнинг миқёси, савияси, сифати ва энг асосийси, самарадорлиги замон талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Бу масаланинг яна бир муҳим томони борки, унга алоҳида тўхталиб ўтиш ўринли, деб биламан.
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда мустақилликка, мана шу ёруғ кунларга эришиш йўлида кечирган синов ва машаққатларни, истиқлолимизнинг маъно-мазмунини сохталаштиришга қаратилган турли ҳаракатлар тобора ортиб бораётганини кўриш, кузатиш қийин эмас.
Аввало, собиқ совет ҳудудида эски мустабид тузумни кўрмаган, бу ҳақда етарли маълумотга эга бўлмаган ёшларга нисбатан турли сохта талқин ва уйдирмаларни ишлатиб, уларнинг онгида кечаги совет даврини қўмсаш туйғуси ва кайфиятини уйғотишга қаратилган уринишлар намоён бўлмоқда.
Бундай ҳаракатларда совет империяси бўлмиш собиқ Иттифоқнинг пароканда бўлишини табиий-қонуний ва мантиқий ҳол деб баҳоламаслик, бунинг сабабини авваламбор бу тизимнинг сиёсий, иқтисодий, мафкуравий асосларининг ноқобиллигида кўрмаслик ҳолатлари яққол кўзга ташланмоқда.
Шу борада яна бир масалага урғу беришимиз зарур.
Бугунги замоннинг талаблари, тараққиёт суръатларини янада тезлаштириш вазифалари, биринчи навбатда, ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозини енгиш зарурати интеграциялашув жараёнларини янада кенгайтириш каби ўткир масалаларни кун тартибига қўяётганини биз яхши англаймиз. Яъни, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқалар, товар алмашиш йўлидаги чегара ва божхона тўсиқларини олиб ташлаш ҳозирги кунда нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Шу муносабат билан бир муҳим нарсадан доим сезгир бўлишимиз даркор. Яъни, интеграциялашув жараёнларини кўзлаб, шу мақсадда турли давлатлараро бирлашмаларни ташкил қилиш бўйича сўз юритганда, айтиш керакки, бундай бирлашмалар вақти келганда тобора сиёсий тус олиб бориши ва бундай ҳолат бирлашма аъзоларининг бошқа хорижий мамлакатлар билан алоқалари ва ҳамкорлигига салбий таъсир ўтказиши мумкин.
Бу ҳақда гапирганда, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган, иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқларини тубдан модернизация ва диверсификация қилишга қаратилган замонавий юксак технологиялар ва инновацияларни жалб этиш дастурини амалга ошириш энг муҳим устувор йўналишдир.
Биз учун ғоят муҳим бўлган бу масалани ҳал этиш йўлида ҳамкорлик қилишга тайёр бўлган барча шерикларимиз билан, уларнинг қаерда жойлашганидан қатъи назар, алоқаларимизни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш вазифаси айнан шу мақсадга бўйсундирилиши керак.
Бунинг учун биз бугун олиб бораётган, мамлакатимизда энг қулай инвестицион иқлимни ташкил қилишга, манфаатдор томонларга узоқ муддатли ва ишончли имтиёз ҳамда преференциялар беришга қаратилган сиёсатни давом эттиришга тайёрмиз. Бундай сиёсатни амалга ошириш учун кимнингдир рухсатини олиш эмас, аввало, Ўзбекистонимиз манфаатини кўзда тутишимиз талаб қилинади.
Азиз юртдошларим, юқорида зикр этилган фикрларни умумлаштириб, айтмоқчиман: тарихни асло орқага қайтариб бўлмайди. Бизнинг халқимиз, кейинги йигирма йил давомида вояга етган навқирон авлодимиз ҳозирги вақтда эртанги келажагимизга катта ишонч билан қарамоқда ва ўз танлаб олган йўлидан ҳеч қачон – мен такрор айтаман – ҳеч қачон ортга қайтмайди.
Ҳурматли дўстлар!
Бундан роппа-роса бир йил олдин Конституция кунига бағишланган мажлисда мамлакатимизда одатга айланган анъанани давом эттириб,
2011 йилга “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб ном беришга қарор қилган эдик.
Жорий йилга айнан шундай ном беришни маъқул топганимизнинг асосий сабаб ва омиллари ҳақида жамоатчилигимиз, халқимиз яхши хабардор.
Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, аввало, биз танлаган ва мақсад қилиб қўйган замонавий демократик давлат қуриш, халқимизнинг ҳаёт даражасини муносиб босқичга кўтариш, бозор муносабатларига асосланган эркин иқтисодиётга ўтиш учун хусусий мулк устуворлигини тан олиш ҳисобидан тараққий топаётган мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – юқорида зикр этилган мақсадларга эришишнинг узвий бир қисмидир.
Шуни таъкидлаш лозимки, Конституциямизда муҳрлаб қўйилган мақсад, принцип ва қоидаларни амалга ошириш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини изчил ривожлантириш масаласи биз мустақилликка эришган дастлабки даврдан бошлаб давлатимизнинг устувор вазифаси даражасига кўтарилгани барчамизга маълум.
Бундай сиёсатни, чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган дастурларни амалга ошириш натижасида бу соҳа юртимизда нафақат қайтадан шаклланди, балки унинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Энг муҳими, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти таркибида ҳал қилувчи тармоққа, ижтимоий фаол аҳолимизнинг катта қисмини қамраб олган соҳага айланди. Ҳозирги вақтда – шунга урғу бериб айтмоқчиман – иш билан банд аҳолимизнинг 74 фоиздан ортиғи айнан шу соҳада меҳнат қилаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Бугунги кунда дунё иқтисодиёти ва халқаро бозор талаблари тез суръатлар билан ўзгариб бораётгани, уч йил олдин бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, кўзга кўринган кўпгина экспертларнинг прогнозлари бўйича яна давом этиши, янги тўфон ва зарбалар юз бериши мумкинлигини инобатга оладиган бўлсак, бундай синовларнинг олдини олиш мақсадида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига янада катта эътибор бераётганимизнинг сабаби яққол аён бўлади.
Бунинг устига, бугун замоннинг ўзи, жаҳон бозорида рақобат ғоят кескинлашиб, авжига чиқаётгани ва тобора шафқатсиз тус олаётгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг амалий ҳаётимизда янада кенг ўрин эгаллаши, бу соҳа учун янги имконият, имтиёз ва преференциялар яратиб бериш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш масалалари мутлақо бошқача маъно-мазмун топишини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, аҳолимизни иш билан таъминлаш, унинг даромадларини янада ошириш, қисқача айтганда, барқарор ҳаётимизни янада мустаҳкамлашдек ўта долзарб масалаларни ҳал қилишда алоҳида ўрин эгаллаб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига янги туртки бериш, бу соҳа олдида турган тўсиқларни бартараф қилиш бугунги ва эртанги кунимиз учун нечоғли катта аҳамиятга эга экани тўғрисида гапириш ортиқча, деб ўйлайман.
Айни шундай мураккаб муаммоларнинг ечимини топиш ҳақида бош қотирар эканмиз, 2011 йилга “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб ном берганимиз нақадар долзарб эканини ва бу йўналиш яқин ва узоқ келажагимизда, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи ўрин эгаллашига амин бўлишимиз табиийдир.
Энди жорий йилда бу соҳада амалга оширган ишларимиз ҳақида қисқача гаплашиб олишни ўринли, деб биламан.
Ҳаммамиз тушунамизки, йил якуни билан бу йўналишда қабул қилган дастуримизнинг ижроси ҳақида, бу масалага дахлдор бўлган давлат идоралари, ижтимоий ва нодавлат ташкилотлар шу борада қандай ҳисса қўшганлари ва бу соҳада биз нималарга эришаётганимиз ҳақида атрофлича хулоса чиқариш вақти келади, албатта.
Мен, бугунги фурсатдан фойдаланиб, сизларнинг рухсатингиз билан бу масаланинг фақат икки йўналишига эътибор қаратишни зарур деб ҳисоблайман. Яъни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси тараққиётининг суръат ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар асосида берилган янги имтиёз ва преференциялар, қулайликлар, бир сўз билан айтганда, бу йўналишни янги босқичга кўтариш бўйича қилинган амалий ишлар ҳақида ва бу тадбирлар туфайли эришган натижаларимиз тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Бу ҳақда гапирганда, аввало, кичик бизнес субъектларини улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб дастлабки режали солиқ текширувларидан ўтказмаслик муддати 2 йилдан 3 йилга узайтирилгани, барқарор ўсиш суръатлари ва рентабелликни таъминлаган субъектларни текширишдан ўтказиш мутлақо тақиқланганини қайд этиш лозим.
Шулар қаторида давлат ва назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига аралашувини кескин қисқартириш масаласи йил давомида доимий эътиборимиз марказида бўлганини кўп мисолларда кўриш мумкин.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 7 фоиздан 6 фоизга туширилгани, янги ташкил этилаётган кичик корхоналарни рўйхатдан ўтказиш пайтидаги ва ундан кейинги тартиб-қоидаларни янада соддалаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар бу борада муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаш ўринлидир.
Айтиш керакки, бугунги кунда ўз хусусий ишини очмоқчи бўлган тадбиркорлар 2 кун давомида тегишли рухсат олиш имкониятига эга бўлиб, бу муддат ривожланган давлатлардаги мавжуд мезонларга ҳар томонлама мос келади. Энг муҳими, тегишли ташкилотга бориб, эшикма-эшик юришга бутунлай барҳам берилиб, “битта дарча” тамойили жорий этилгани кўпчилик тадбиркорлар учун айни муддао бўлмоқда.
Шу билан бирга, кичик бизнес субъектларини давлат харидларига кенг жалб этиш механизми йўлга қўйилиб, бу ишлар Ўзбекистон товар-хомашё биржасида электрон савдолар орқали олиб борилаётгани алоҳида эътиборга сазовордир.
Кичик бизнес субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сотиш ҳажми ўтган давр мобайнида қарийб 2 баробар кўпайиб, 600 миллиард сўмни ташкил этгани, зарур хомашё ресурсларини қўшиб ҳисоблаганда, бу кўрсаткич 2 триллион 800 миллиард сўмдан ошгани ана шундай тадбирлар натижасидир. Яна шуни қайд этиш лозимки, айни шу механизмни тадбиқ этганимиз туфайли 13 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағини тежашга эришилди.
Бугунги кунда биз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда фақат савдо-сотиқ, майда ҳунармандчилик билан чекланиб қолмасдан, биринчи навбатда замонавий технология ва асбоб-ускуналар асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган, ички ва ташқи бозордаги ўзгаришларга тез мослашадиган хусусий тадбиркорлик соҳасини тараққий эттиришга алоҳида аҳамият бермоқдамиз.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 3 триллион 200 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилиб, уларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш учун берилгани айниқса эътиборлидир.
Ана шу давр, яъни жорий йилнинг 9 ойи давомида ушбу йўналишда қарийб 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилганининг ўзи бугунги кунда кичик бизнеснинг салоҳияти ва қиёфаси тобора ўзгариб бораётганининг далилидир.
Шу борада амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли кичик корхоналарнинг экспорт ҳажми 2011 йилнинг ўзида 2 миллиард АҚШ долларидан ошиши, уларнинг ялпи экспортдаги улуши эса 16,3 фоизга етиши кутилмоқда.
Бундай салмоқли кўрсаткичларни авваламбор соҳани замонавий ускуна ва технологиялар билан жиҳозлаш, ушбу тармоқда меҳнат қилаётган ишчи-муҳандисларнинг малакаси, кичик бизнес ва хусусий корхона эгаларининг ишбилармонлик маҳорати тобора ошиб бораётганининг ёрқин намоёни сифатида қабул қилиш ўринли бўлади.
Мазкур соҳанинг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган муҳим масалалардан яна бири – бу жорий йилда юртимизда яратилган қарийб
1 миллионга яқин иш ўрнининг 610 мингдан зиёди ёки 64 фоизи айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳисобидан ташкил этилгани, ҳеч шубҳасиз, бу тармоқ, такрор айтаман, Ўзбекистон учун энг долзарб масалалардан бири бўлмиш аҳолини иш билан банд қилишда етакчи ўрин эгаллаб бораётганининг яққол тасдиғидир.
Ўтиб бораётган йилда амалга оширилган бундай кенг кўламли ишлар ҳақидаги фикрларни яна давом эттириш мумкин. Буларнинг амалий натижаси сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши ҳозирги вақтда – шунга алоҳида эътибор беришингизни сўрайман – 54 фоизни ташкил этишининг ўзи, ўйлайманки, кўп нарсани англатади.
Азиз юртдошлар!
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз тараққиётида, авваламбор, халқимиз учун муносиб ҳаёт барпо этиш, олдимизда турган мураккаб ва масъулиятли вазифаларни амалга ошириш борасида қандай ҳал қилувчи ўрин ва таъсирга эга бўлиб бораётганига бугун амалий ҳаётимизда ҳар қадамда гувоҳ бўлмоқдамиз. Ва бу соҳа эртанги кунимиз, истиқболимизнинг ҳақиқатан ҳам мустаҳкам пойдеворига айланиб, янада ривожланиб бориши аниқ ва муқаррардир.
Табиийки, Ўзбекистонимизда мазкур соҳанинг ривожланиши учун астойдил ҳаракат қилаётган барча бизнес эгалари, шу тармоқда ўрнини топиб, ўз оиласи учун муносиб яшаш шароитини яратаётган, фаровон ҳаёт сари қадам қўяётган инсонлар айни шу йўлдан ҳеч қачон қайтмайди, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз.
Шу борада яна бир муҳим хулоса.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожидан манфаатдор бўлган мулк эгалари, жамиятимизнинг суянчи ва таянчига айланиб бораётган, ўрта синф деб ном олган бу ижтимоий қатлам ўз уйи, ўз мулкини ҳимоя қилиш, бунинг учун юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг қанчалик муҳим эканини ҳар томонлама англаб, ҳал қилувчи куч сифатида майдонга чиқиши эртанги кунимизнинг янада ёруғ бўлишига ишонч бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу соҳада фаолият юритаётган, ўзини шу замин, шу диёрнинг чинакам юртпарвари деб биладиган, ҳаётимизда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни сақлашга улкан ҳисса қўшиб келаётган барча инсонларга чин қалбимдан самимий ҳурматимни билдириш ва уларга янги-янги омадлар тилашни ўзим учун ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.
Муҳтарам ватандошлар!
Энди сизлар билан кириб келаётган янги – 2012 йилга ном бериш ҳақида фикр алмашиб, бир қарорга келишимиз лозим.
Аввало, ҳар қайси йилга ном беришдан асосий мақсад – бутун халқимиз, жамиятимизнинг орзу-ният ва интилишларини ифода этадиган, эртанги кунимизнинг равнақига хизмат қиладиган энг устувор йўналишни аниқ белгилаб олиш ва уни амалга ошириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишдан иборат эканини яна бир бор англаб олишимизни истардим.
Албатта, ижтимоий ҳаётимизда бир-биридан муҳим, бир-биридан зарур вазифалар кўплигини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шулар қаторида бугунги кунда энг долзарб, эл-юртимиз, аввало, инсон манфаатларини биринчи ўринга қўядиган ҳар томонлама муҳим йўналишни аниқлаб олиш бу борада алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳеч кимга сир эмас, бу дунёда ҳар қайси инсон вояга етиб, касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрни ва келажагини аниқлаб, оила қуришни истайди.
Онгли яшайдиган ҳар бир одам яхши англайдики, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, ҳаёт абадийлиги, бебаҳо неъмат бўлмиш фарзанд бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша келажагини ўйлаб, эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди.
Бугунги кунда биз ҳеч кимдан кам бўлмайдиган демократик давлат, халқимиз учун озод ва фаровон ҳаёт қуриш мақсадлари билан яшар эканмиз, оила институтини янада мустаҳкамлаш, бу борада олиб бораётган ишларимизни янги босқичга кўтариш алоҳида аҳамият касб этади.
Буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, сизларнинг рухсатингиз билан, кириб келаётган янги – 2012 йилга юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб ном беришни таклиф этаман.
Янги йилга мана шундай ном беришимиз, азал-азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оилани ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини деб қабул қилишимиз замирида, ҳеч шубҳасиз, жуда катта маъно-моҳият мужассам. Чунки, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарор. Буни исботлаб, тасдиқлаб беришнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ.
2012 йилга “Мустаҳкам оила йили” деб ном беришимиз муносабати билан давлат идоралари, нодавлат ва ижтимоий ташкилотлар, хайрия жамғармалари билан биргаликда ишлаб чиқилиб қабул қилинадиган дастурда айни шундай эзгу тушунча, орзу-интилишларимиз ўз ифодасини топиши лозим.
Бу ҳақда гапирганда, аввало, мамлакатимизда оила институтини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича янгитдан қабул қилинадиган қонун, қоида ва нормаларда бугунги ва эртанги кунимизнинг талаблари акс этиши, амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, бу масалага жамиятимизнинг эътиборини янада кучайтириш кўзда тутилаётганини таъкидлаш керак.
Иккинчидан, барчамиз яхши тушунамиз, мустаҳкам оила ва бахтли турмуш авваламбор оила қурадиган ёшларнинг ўзига, уларнинг ақл-заковати, маънавий фазилатларига, оила, жамият олдидаги ўз бурчи ва масъулиятини чуқур англаб етишига боғлиқ.
Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди. Лекин, энди пайдо бўлган, катта умид билан ҳаётга қадам қўяётган ёш оилани моддий ва маънавий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак, имтиёз ва имкониятлар яратиб бериш, аввало, уй-жой билан таъминлаш – буларнинг барчаси учун нафақат ота-оналар, биринчи навбатда давлат ва жамиятимиз масъулдир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Албатта, бугунги кунда юртимизда ёш оилаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида кўп гапириш мумкин. Шу билан бирга, холисона тан олишимиз даркор – ана шундай саъй-ҳаракатларимизни изчил давом эттириш, қаерда бўлмасин, марказда, шаҳар ёки қишлоқ жойларда бўладими, эзгу мақсадларимизнинг ҳар томонлама тасдиғини кўриш учун ҳали жуда кўп ишларни амалга оширишимиз керак.
Шу ҳақда гапирар эканмиз, бу масъулиятли вазифаларни муваффақиятли адо этиш биринчи навбатда давлат идораларининг раҳбарлари, кенг жамоатчилигимиз, турли ижтимоий тузилмаларнинг ташаббуси ва амалий ҳаракатларига боғлиқ экани барчамизга аён бўлиши даркор.
Учинчидан, “мустаҳкам оила” деган ғоянинг ҳаётимиздаги амалий ифодасини кўришда, ҳеч шубҳасиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораси сифатида ном қозонган маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Бунинг исботини бугун ҳар қадамда кўраётганимизни таъкидлаб ўтишни истардим.
Ҳақиқатан ҳам, бундай ноёб ижтимоий тузилма ҳозирги кунда “Маҳалла – халқ виждони” деган юксак таърифга ҳар тарафлама муносиб бўлиб бормоқда.
Айниқса, ёш оилани ҳаётнинг турли тўфонларидан асраш, унинг мустаҳкам оёққа туриб олиши учун елкадош бўлиш, бу борада зарур кўмак, маслаҳат кўрсатишда маҳалланинг роли ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Ўйлайманки, қабул қилинадиган дастурда маҳалла идорасининг жамиятимиздаги, кундалик ҳаётимиздаги моҳиятини кенгайтириш ва нуфузини янада ошириш масалаларига алоҳида аҳамият бериш ўринлидир.
Тўртинчидан, оилани янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритар эканмиз, мен бу масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Оила олдида турган вазифаларни ҳар томонлама амалга ошириш – авваламбор, моддий, маънавий, бугун ўта долзарб бўлиб бораётган тарбиявий муаммоларни ечиш, оиланинг барча-барча ташвишларини осонлаштириш каби муҳим масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Айнан ана шундай масалаларни ҳал этиш ҳар қайси оиланинг юкини ҳеч нолимасдан, ҳаётга шукрона қилиб, ўз елкасида кўтариб келаётган, оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган аёл зотининг, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш билан баробар эканини эсимиздан чиқармаслигимизни истардим. Ана шундай муҳим вазифаларни амалга ошириш учун дастурда аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилиши зарур.
Бешинчидан, биз маънавий ҳаётимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, тобора кучайиб бораётган, бизнинг миллий табиатимиз, урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган ҳар қандай зарарли таъсирлар, бузғунчи ғояларга қарши туришда, азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оилани мустаҳкам таянч деб биламиз.
Шу борада ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан етук, ўз мустақил фикрига эга, оқни қорадан ажратишга, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг соғлиғини асраш, ҳаётга йўллашда оиланинг ўрнини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмаслигини биз юксак қадрлаймиз.
Шу маънода, оила институтининг таълим-тарбия соҳаси билан – бу болалар боғчаси ёки мактаб бўладими, литсей-коллежлар ёки олий ўқув юртлари бўладими – ана шундай муассасалар билан амалий ҳамкорлигини янада кучайтириш вазифалари дастурда муҳим жой эгаллаши зарур.
Азиз ватандошларим, қадрдонларим!
Биз янги йилда ўз олдимизга мана шундай олижаноб мақсад ва вазифаларни қўяр эканмиз, бундай интилишларимизни амалга ошириш учун давлат ва ҳокимият идоралари, маҳалла, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари, кенг жамоатчилик, бутун халқимиз бир ёқадан бош чиқариб, фаол иштирок этади, деб ишонаман.
Биз бугун қандай оғир ва мураккаб, таҳликали бир замонда яшаётганимиз, ўйлайманки, ҳеч кимга сир эмас. Лекин, биз танлаган йўл қандай қийин ва машаққатли бўлмасин, мен ишонч билан такрор айтаман – биз бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз ва ўз мақсад-муродимизга албатта етамиз.
Айни шу йўлда Яратганимизнинг ўзи эл-юртимизни ёмон кўзлардан асрасин, эзгу орзу-ниятларимизни рўёбга чиқаришда ўзи мададкор бўлсин.
Обсудить новость на Форуме