20:30 18.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

2010 йил - Баркамол авлод йили

ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИ - БИЗ УЧУН ДЕМОКРАТИК ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИДА ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ БАРПО ЭТИШДА МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРДИР
05.12.2009

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 17 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси.
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли дўстлар!

 Шу кунларда халқимиз давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида энг катта, алоҳида ўрин олган қутлуғ байрамлар қаторида мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйган, эркин ва обод келажагимизнинг пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз қабул қилинган кунни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонламоқда.
Шу муносабат билан сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни шу буюк айём билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг самимий тилакларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз. 

Муҳтарам юртдошлар!

Ҳақиқатан ҳам, биз бундан 17 йил олдин, яъни 1992 йил 8 декабрь куни моҳияти ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган, том маънода тарихий ҳужжатни – ҳаётимиз қомуси бўлмиш Конституциямизни қабул қилиш билан ўзини оқламаган эски тузумдан бутунлай воз кечиб, янги давлат, янги жамият қуриш йўли ва имкониятларини очдик.
Айнан ана шу кундан бошлаб юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда Асосий қонунимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.
Бугун ўтган давр мобайнида босиб ўтган йўлимизни танқидий баҳолар эканмиз, аввало Конституциямизнинг асосий принциплари ва қоидалари негизида қабул қилинган қонун ва дастурлар бўйича давлат қурилиши, ижтимоий-иқтисодий қурилиш борасида босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини қайд этишимиз табиий, албатта.
Мамлакатимиз эришган бундай улкан марраларнинг барчасини бутун дунё тан олаётганини кўриб, Асосий қонунимиз белгилаб берган мустақил тараққиёт йўли нақадар тўғри эканига такрор ва такрор ишонч ҳосил қилмоқдамиз.
Ҳаммамизга маълум, бу йил Конституциямиз байрамини нишонлаш алоҳида маъно-мазмун ва аҳамият касб этмоқда. Бунинг сабаби шундаки, шу йил 27 декабрь куни мамлакатимизда парламентга ва жойлардаги вакиллик органлари бўлган маҳаллий кенгашларга умумхалқ сайловлари бўлиб ўтади.
Юртимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа бўлмиш ана шу сайловларни Конституциямиз ва сайловлар ҳақидаги тегишли қонунларимиз талабларига, халқаро андоза ва нормаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда, муносиб тарзда ўтказиш мақсадида, мана, кейинги уч ой мобайнида Марказий сайлов комиссияси раҳбарлиги ва назоратида кенг кўламли ва катта ишлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда умумеътироф этилган стандартлар ва юксак демократик талабларга ҳар томонлама жавоб берадиган сайлов тизими шаклланди. Бу борада Конституциямиз ва сайлов қонунчилигимизга асосланган мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий замин яратилди.
Охирги йилларда, хусусан, мана шу йилнинг бошида Ўзбекистон Республикасининг сайлов тизимига замон талаблари ва халқаро андозаларга мос бўлган, аввало, сайлов қонунларини янада либераллаштириш ва демократлаштириш мақсадларига қаратилган ўзгартириш ва янги нормаларнинг киритилгани эътиборга сазовордир.
Айниқса, сиёсий партияларнинг роли ва таъсирини кучайтириш, уларнинг ишончли вакиллари сонини кўпайтириш, сайлов жараёнида уларга қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар бериш, умуман, сайловчиларнинг ҳуқуқини кенгайтиришни кўзда тутадиган бу имкониятлар сайлов тизимини янада такомиллаштиришга катта ҳисса бўлиб қўшилади, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Сайлов ҳақидаги қонунчиликка киритилган бир қанча ўзгаришлар қаторида бўлажак сайловларда фуқаролар иштирокининг кўламини кенгайтириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ўринлари сони 120 тадан 150 тага кўпайтирилди. Ва шунинг ҳисобидан, аввало, атроф муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги тамойил жорий этилди. Яъни, мамлакат парламентидаги депутатлик ўринлари сонига Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланадиган депутатлар учун 15 та ўрин ажратилди.
Енг муҳими, сайлов қонунчилигида Марказий сайлов комиссиясининг ҳуқуқ ва ваколатларини кучайтириш масаласига алоҳида аҳамият берилди.
Бизнинг қонунларимизда қайд этилганидек, сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнига ҳеч кимнинг, авваламбор, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аралашишга ҳаққи йўқ. Бундай ҳолатларга йўл қўйиш қонунда қатъиян ман қилинган ва бунга қўл урган шахсларга нисбатан чора кўриш, керак бўлса, уларни тегишли жавобгарликка тортиш ҳам белгилаб қўйилган. Ана шу фикрларни умумлаштириб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда сайлов тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг барчаси, авваламбор, сайловларни очиқлик, эркинлик ва ҳаққонийлик асосида ўтказишга қаратилганини қайд этиш лозим.
Бир сўз билан айтганда, шу юртда ғурур ва ифтихор билан яшаётган ҳар қайси инсон, ўйлайманки, навбатдаги сайлов барчамиз учун муҳим синов, таъбир жоиз бўлса, жиддий имтиҳон эканини яхши тушунади ва англайди.
Бўлғуси сайловларга айнан шу кўз билан қарайдиган бўлсак, бу имтиҳон биринчи навбатда қуйидаги мезон ва талаблардан иборат бўлишини ўзимизга тасаввур қилишимизни истардим:
аввало, бу жараён сўз эркинлиги ва танлаш эркинлигининг ҳаётимиздаги тасдиғини синаш демакдир;
иккинчидан, бу жараён юртимизнинг сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини, ҳар қайси партия ўзига хос, ўзига мос мақсадлари ва ҳаракат дастури билан сайлов майдонига чиқиши ва сайловчиларнинг овози учун ўзаро кураш олиб боришини англатади;
учинчидан, қонун устунлиги ва унинг барчага тенглигининг намойиши бўлиб, сайловда қатнашаётган сиёсий партиялар ва ҳар қайси номзоднинг сиёсий қарашлари ва эътиқодидан қатъи назар, уларнинг ҳаммасига тенг имконият ва шароит туғдириб беришни билдиради;
тўртинчидан, мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг савияси ва етуклик даражасини кўрсатади;
ва ниҳоят, бешинчидан, бу сайловлар аҳолимизнинг сиёсий-ижтимоий савияси ва маданияти, фуқаролик онгини имтиҳондан ўтказади, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Бир ўйлаб кўрайлик, ана шундай мураккаб ва масъулиятли сиёсий синовдан ўтишга, бу сайлов жараёнларини ривожланган демократик давлатларда амал қилаётган сайлов тизими даражасида ўтказишга биз қанчалик тайёрмиз?
Нафақат сайловни ташкил этишга бевосита масъул бўлган Марказий сайлов комиссияси ва унинг жойлардаги тузилмалари, сиёсий партиялар фаоллари ва ижтимоий ҳаракатлар, нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилигимиз, балки бугун овоз беришга тайёргарлик кўраётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир сайловчи бу саволни ўзига бериши албатта ўринли ва айни муддао бўлур эди.
Чунки, юқорида тилга олинган ва биз амалга оширишимиз зарур бўлган ўта муҳим омиллар демократик асосда ривожланиб бораётган ҳар қандай жамиятнинг етуклик даражасини акс эттиради.
Бу талабларга амал қилиш – бу шунчаки бир мақсад эмас, авваламбор эркин ва озод яшаш, ҳар томонлама фаровон ҳаёт қуриш дастурининг ўзагини ташкил қилиб, юксак тараққиётга эришишнинг ҳал қилувчи узвий қисми ва асосий йўли эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз тобора англаб бормоқдамиз.
Айтиш керакки, биз бу йўлни кимгадир кўз-кўз қилиш, кимнингдир олдида намойиш этиш учун танлаганимиз йўқ.
Бу йўл қандай оғир ва мураккаб бўлмасин, такрор-такрор айтаман, бизнинг миллий манфаатларимизга, асрлар давомида интилиб келган орзу-ниятларимизга тўла жавоб берадиган тараққиёт йўлидир.
Шу билан бирга, барчамиз яна бир ҳақиқатни чуқур тушунамиз – биз кўзлаган марраларга эришиш, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан ўзимиз истаган, тараққий топган давлатлар қаторига чиқиш учун ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.
Бу борада энг асосий масала – амалга оширган ишларимизга танқидий баҳо бериш, манманликка берилмаслик, халқаро тажриба ва ўзгаларнинг ютуқларига беписанд қарамаслик, ҳаётимизда бу йўналишда ҳали-бери учрайдиган ғов ва тўсиқларни бартараф этишдан иборат. Бу ўткир ҳақиқатни аввало ўзимиз англашимиз ва амалий хулосалар чиқаришимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ғоят муҳим ўрин тутади.
Шу фурсатдан фойдаланиб, олдимизда турган, мамлакатимиз ҳаётида, ҳақиқатан ҳам катта бир сиёсий воқеа бўлмиш сайловларни муносиб ўтказиш мақсадида баъзи бир долзарб масалаларга яна бир бор тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан.
Биринчидан, Конституциямиз ва шу асосда қабул қилинган, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ҳақидаги қонунларга, шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси ва унинг жойлардаги тузилмалари томонидан белгилаб берилган қоида ва нормаларга риоя қилиш, уларни сўзсиз бажариш барчамизнинг, ҳар қайси сайловчининг асосий бурчи бўлишини хоҳлардим.
Айниқса, баъзи бир сайловчиларимизга майда ёки ортиқча бўлиб туюладиган, умумеътироф этилган сайлов қоидаларига мос келмайдиган айрим ҳолатлар бўйича кузатувчилар томонидан – булар халқаро ташкилотлар ёки ўзимизнинг ижтимоий-нодавлат ташкилотлар вакиллари бўладими – билдириладиган эътирозларга ҳурмат билан қараш, уларнинг фикрларига эътибор бериш, қандай расмиятчилик бўлиб кўринмасин, бу талабларни албатта бажо келтиришимиз керак.
Енг муҳими, четдан туриб сайлов жараёнларига аралашиш, уларга таъсир ўтказишга уриниш каби ножўя ҳаракатлар бутунлай ман этилишини барча сайлов иштирокчилари, ким бўлишидан қатъи назар, чуқур англаб олишлари даркор.
Иккинчидан, яна бир бор айтиб ўтишга тўғри келади – қонун барчага тенг. Бинобарин, барча партиялар ва уларнинг номзодлари учун сайловолди жараёнларида, матбуот, телевидение орқали ва сайловчилар билан бўладиган мулоқот ва учрашувларда, улар олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларида тенг ва бир хил шароит туғдириб бериш, уларнинг ҳуқуқ ва интилишларига бир кўз билан қараш, ҳеч кимни ажратмаслик, айтиш керакки, айни шу масалалар сайловни юксак савияда ўтказишда энг катта ва муҳим ўрин тутади.
Бу масалалар учун масъул бўлган ташкилотлар томонидан ҳеч қандай истисно ёки кимгадир алоҳида эътибор бериш ҳолатларига асло йўл қўйилмаслиги шарт.
Учинчидан, аслида сайлов дегани – бу аввало ўз ҳуқуқини англаган ҳолда, эркин танлаш ва онгли овоз бериш демакдир. Шу билан бирга, сайловда қатнашиш ҳар биримиздан нафақат Конституциямиз кафолатлаб берган овоз бериш ҳуқуқини бажо келтиришни, балки фуқаролик бурчимизни чуқур англаш ва бу масалага катта масъулият билан қарашни ҳам талаб қилади.
Нега деганда, ҳар бир фуқаро ўзи сайлайдиган номзод – у эртага маҳаллий кенгашларга ёки Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига аъзо бўладими – депутатлик мандатига эга бўлганидан сўнг унга билдирилган юксак ишончни оқлаш мақсадида мамлакатимиз, юртимиз равнақи учун, халқимизнинг ҳаёти янада обод ва фаровон бўлиши учун қандай ҳисса қўшишини ҳар қайси сайловчи ўзига аниқ тасаввур қилиши, яъни, овоз беришда адашмаслиги лозим.
Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бугун биз, ҳақиқатан ҳам, Ватанимизнинг эртанги кунини ҳал қиладиган, катта сиёсий жараён арафасида турибмиз.
Ўз олдимизга қўйган юксак мақсад-муддаоларимизга етишда, ҳеч шубҳасиз, алоҳида муҳим босқич бўладиган бу жараён юртимизда яшаётган барча-барча инсонларга бевосита дахлдор бўлиб, ҳеч ким ундан четда қолиши мумкин эмас.
Бугун мана шу залда ўтирган сиз, азизларнинг юзларингизга қараб, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни ўзимга тасаввур қилиб айтмоқчиман: биз навбатдаги сайловни муносиб даражада ўтказиб, халқаро майдонда ўзимизнинг сиёсий етуклигимизни яна бир бор намоён этишга албатта қодирмиз. Чунки бизнинг Ўзбекистонимиз, бизнинг жамиятимиз кечаги давлат, кечаги жамият эмас – таъбир жоиз бўлса, уларнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.
Энг муҳими, бугун одамларимизнинг дунёқараши, онгу шуури ва тафаккури, ҳаётга ва меҳнатга муносабати, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик туйғуси, ўз Ватанидан ғурур ва ифтихори, келажакка ишончи кундан-кунга тобора ошиб бораётганини кўрмаслик, сезмаслик, англамаслик мумкин эмас.
Ишончим комилки, кўпни кўрган, эл-юрт тақдирига масъулият билан ёндашадиган халқимиз бу сиёсий жараённинг нақадар улкан аҳамиятга эга эканини чуқур англаган ҳолда, сайловда аввало фаол иштирок этади ва ўзининг, оиласининг эзгу орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш, юртимизнинг тинчлиги, Ватанимизнинг тараққиёти учун овоз беради.
Азиз дўстлар!
Маълумки, бундан бир йил муқаддам сизлар билан маслаҳатлашиб, 2009 йилга юртимизда “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб ном берган эдик. Ва шу асосда мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб эътиборимиз марказида бўлиб келаётган устувор масала, яъни қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, агросаноат мажмуида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси, ижтимоий-сиёсий ва маданий савиясини ошириш мақсадида махсус давлат дастури қабул қилганимиздан ҳам хабарингиз бор.
“Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади” деган ғояни ўзида мужассам этган бу дастурнинг маъно-моҳияти, энг муҳим йўналишлари ва молиявий манбалари нафақат 2009 йил учун, балки ўрта ва узоқ муддатли истиқбол учун белгиланиб, унинг ижроси қатъий назоратга олинди. Мен ушбу дастурнинг ўта кенг қамровли миқёсини инобатга олган ҳолда, фақатгина уни амалга ошириш йўлида қўйилган биринчи қадамлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Бу ҳақда гапирганда, авваламбор, қишлоқ аҳлининг манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилганини қайд этиш лозим.
Қишлоқ ҳаётини обод этишда уларнинг қиёфасини ўзгартириш, бугун қишлоқ жойларда яшаётган одамларнинг турмуш шароитини замон талабларига мослаштириш, керак бўлса, уни шаҳар шароитига яқинлаштириш ғоят муҳим ўрин тутади, десам, ўйлайманки, янглишмаган бўламан.
Шу мақсадда 2009 йил январ ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқларимизнинг замонавий архитектура нуқтаи назаридан режалаштирилиши, қишлоқ жойларда уй-жой ва ижтимоий обектлар қурилишини лойиҳалаштириш ва бунёд этиш тизимини такомиллаштириш, «Қишлоққурилишлойиҳа» институтини ташкил этиш бўйича қарорлари қабул қилинди.
Айтиш керакки, мазкур институт томонидан ҳозирга қадар 2 хонадан 5 хонагача бўлган замонавий уй-жойлар, маиший хизмат кўрсатиш обектларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бу ишга республикамиздаги кўзга кўринган, юқори малакали мутахассислар жалб этилиб, якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши бўйича 22 та, ижтимоий обектлар бўйича эса 16 та намунавий лойиҳа тасдиқланиб, қурилишга тавсия қилинди.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тайёргарлик ва қурилиш ишларини бажариш мақсадида ташкил этилган “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси бугунги кунда марказда ва жойларда фаолият олиб бормоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтган ва ҳозирги вақтда вилоят марказларида ўтказилаётган кўргазмаларда бу лойиҳалар кенг жамоатчилигимизга намойиш этилмоқда ва халқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда.
Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун катта миқдордаги зарур маблағларни жалб этиш мақсадида алоҳида қарор билан «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки ташкил этилиб, айни пайтда кўпчилик мижозлар унинг хизматидан фойдаланмоқда. Шуни айтиш керакки, қишлоқ жойларда қурилиш ишларини олиб бориш учун жорий йилнинг ўзида мазкур банк орқали қарийб 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Келгуси йилда эса ана шу мақсадлар учун қўшимча равишда яна салкам 530 миллиард сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган бўлиб, бунинг 256 миллиард сўмдан зиёди давлат томонидан бериладиган маблағдир.
Бундай кенг кўламли ишларни бажариш учун ҳозирга қадар мамлакатимизда 670 та ихтисослаштирилган қурилиш-таъмирлаш ташкилоти тузилди ва улар юқори малака ва тажрибага эга бўлган мутахассис кадрлар билан таъминланди.
Ана шундай ҳар томонлама пухта ўйланган режа асосида жорий йилнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 42 та ер массиви ажратилиб, қишлоқ ҳудудларида эксперимент тариқасида 840 та якка тартибдаги уй-жой барпо этилмоқда ва уларни 2010 йилнинг март-апрель ойларида фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.
Таъкидлаш лозимки, бу уйлар аввало ишлаб чиқилган намунавий лойиҳаларни амалда синаш, эртага шу уйларда яшайдиган одамларнинг таклиф ва истакларини ҳар томонлама ўрганиш ва бажо келтириш учун тегишли хулосалар чиқариш имконини беради.
Бу қурилишларда ана шу уй-жойларнинг бўлғуси эгалари ҳам ўз маблағлари билан иштирок этмоқда. Энг муҳим жиҳати шундаки, қурилиш сарф-харажатларининг аксарият қисми аҳолига “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан бериладиган узоқ муддатли имтиёзли кредит ҳисобидан қопланади.
Айни шу ҳолат, яъни, бу уйлар учун сарфланган маблағни бирданига эмас, балки 15 йил давомида аста-секин, босқичма-босқич тўлаш тартиби халқимизга катта имтиёз ва енгилликлар беради.
Бу борадаги ишларимиз 2010 йилда янада кенг кўламда давом эттирилиб, мамлакатимизнинг 159 та, яъни барча қишлоқ туманларида 7 минг 630 та янги уй-жой барпо этилади. Насиб этса, уларни келгуси йилнинг август-сентябрь ойларида ўз эгаларига топширамиз, албатта.
Алоҳида диққатга сазовор томони шундаки, бу борадаги режаларимизда нафақат шинам ва обод уйлар қуриш, айни пайтда болалар боғчалари, умумтаълим ва мусиқа мактаблари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари, маиший хизмат обектлари, равон йўллар, бир сўз билан айтганда, қишлоқ аҳлининг ҳар томонлама муносиб ва қулай ҳаёт кечириши учун зарур барча шароитларни ўз ичига оладиган замонавий турар-жой мавзеларини комплекс барпо этиш аниқ белгилаб берилган.
Ўтган давр мобайнида бу йўналишда энг муҳим масалалардан бири бўлган қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича ҳам анча ишлар қилинди.
Бу ҳақда гапирганда, аввало қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган 31 та ишлаб чиқариш қуввати, жумладан, 2 миллион квадрат метр замонавий том ёпиш материаллари ишлаб чиқарадиган 6 та корхона, шунингдек, гипс, алебастр, гипсокартон каби қурилиш ва пардозлаш материаллари, йиғма конструксиялар тайёрлайдиган янги корхоналар фойдаланишга топширилганини қайд этиш лозим. Шулар қаторида йилига 81 миллион дона ғишт ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган 12 та янги завод ишга туширилди.
Таъкидлаш керакки, янгитдан барпо этилган бу корхоналарда тайёрланадиган қурилиш материаллари, хусусан, ғишт нархини пасайтириш мақсадида уларга ҳар томонлама имтиёз ва шароитлар туғдириб берилмоқда.
Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ҳақида сўз борганда, бу соҳада энг долзарб масалалардан бири бўлмиш қишлоқ жойларда янги йўллар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш учун қарийб 100 миллиард сўм маблағ сарфлангани, транспорт қатновини яхшилаш мақсадида кўплаб янги йўналишлар очилиб, улар Самарқандда ишлаб чиқарилган замонавий автобуслар билан таъминланганини айтиш лозим.
Айни пайтда қишлоқларимизни энергетика ресурслари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш учун йил давомида 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан узунлиги 2 минг 700 километрдан зиёд электр тармоқлари, 300 километрдан кўпроқ табиий газ қувурлари реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди.
Азиз дўстлар!
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, энг муҳими, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини юксалтириш, юртимизни обод этиш йўлида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фермерлик ҳаракатининг самарасини янада ошириш мақсадида қилинаётган ишлардан, ўйлайманки, барчангиз хабардорсиз.
Бу ҳақда гапирганда, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” дастури доирасида ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ер унумдорлигини ошириш, унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилгани хусусида тўхталишимиз табиий, албатта.
Шулар қаторида 81 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 10 минг километрдан ортиқ зовурлар, салкам 1000 километрлик дренаж тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилди, кўплаб сув иншоотлари реконструкция қилинди, 50 километр узунликдаги янги каналлар ва бошқа обектлар қурилиши якунига етказилди.
Бу рақамлар ортида қандай ўта оғир ва машаққатли меҳнат ётгани, уларнинг замирида юз минглаб деҳқон ва механизаторларимизнинг фидокорона хизмати борлигини, энг муҳими, ана шундай меҳнатлар эвазига ҳосилимизга қўшимча яна қанча ҳосил қўшилаётганини инобатга оладиган, буларнинг барчасини ўзимизга тасаввур этадиган бўлсак, такрор айтаман, бундай ғоят оғир ишни бажарган меҳнатчиларимизга ҳар қанча тасаннолар айцак, арзийди, албатта.
Шуни миннатдорлик билан таъкидлаш керакки, мамлакатимизда ушбу йўналишдаги улкан лойиҳаларни амалга оширишда Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея ва бир қатор араб мамлакатларининг молия институтлари томонидан ажратилган сармоялар катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритганда, қишлоқ жойларда тобора ривожланиб бораётган хизмат кўрсатиш шохобчалари ва муассасаларининг фаолияти, сервис хизмати хусусида кенгроқ тўхталиб ўтмоқчиман.
Маълумки, ҳозирги вақтда қишлоқларимизда анъанавий маиший хизматлар билан бир қаторда замонавий телекоммуникация тизимлари, хусусан, интернет, уяли алоқа, яъни мобил телефон алоқаси, компютерда турли хизматлар кўрсатишни ўз ичига оладиган янги сервис шохобчалари жадал ривожланмоқда.
Бугунги кунда қишлоқ жойларда уяли алоқа хизмати абонентлари сони 5 миллионга етгани, бу эса мамлакатимиз бўйича умумий кўрсаткичнинг 30 фоизини ташкил этаётгани ва ушбу рақам тез суръатлар билан ўсиб бораётгани ҳам шундан далолат беради.
Шу билан бирга, қишлоқ ҳудудларида янги технологиялар асосида коммунал хизматлар учун экспресс тўловларни қабул қиладиган 3 мингта шохобча ташкил этилди.
Айниқса, жорий йилда 4 минг 200 та қишлоқ мактаби, такрор айтаман, фақатгина қишлоқда жойлашган мактаблар интернет тармоғига улангани бу соҳада амалга оширган жиддий ишларимиз қаторига киради.
Азиз дўстлар, ўзимиз бир ўйлаб кўрайлик, ҳозирги кунда айнан мана шундай коммуникация хизматларидан фойдаланиб, энг олис қишлоқда яшаётган одамлар ҳам – у фермер ёки тадбиркор бўладими, ҳунарманд ёки ўқитувчи бўладими – дунёнинг исталган чеккаси билан боғланиш, мулоқот қилиш, турли хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлишини бундан беш-олти йил олдин фараз қилиш мумкинмиди?
Енг асосийси, бундай хизмат турлари аҳоли эҳтиёжини қондирибгина қолмасдан, айни пайтда қишлоқ жойлардаги лицей ва коллежларни битирган минглаб фарзандларимизни иш билан таъминлаш, уларнинг мана шундай замонавий касб эгаси бўлишига имкон яратаётгани, ўзингиз айтинг, бугун униб-ўсиб, ҳаётга кираётган ёшларимизнинг келажагини, истиқболини белгилаб бермайдими?
Биргина жорий йилнинг ўзида фақат қишлоқ жойларда 460 мингта, жумладан, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобидан қарийб 380 мингта янги иш ўрни очилиб, уларда асосан ана шундай ўғил-қизларимиз фаолият кўрсатаётгани барчамизни қувонтиради, албатта.
Қишлоқда турмуш маданияти ва сифатини ошириш ҳақида гапирганда, энг ўткир ва долзарб яна бир масаланинг ечими тўғрисида доимо ўйлашимиз табиийдир. У ҳам бўлса, биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш, оналик ва болалик муҳофазаси, соғлом авлод тарбияси, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш билан боғлиқ бўлиб, бу борада ҳам анча ишлар қилинди.
Мисол тариқасида барча қишлоқ туманларининг марказий шифохоналари умумий қиймати 12 миллион доллар бўлган тиббий анжомлар, 44 та “Уаз” санитария машинаси, 280 та «Дамас-амбуланс» тез ёрдам машинаси билан таъминлангани, қишлоқ врачлик пунктларига 1 миллион доллар миқдорида тиббий лаборатория анжомлари етказиб берилганини айтиш ўринли бўлади.
Енг муҳими, йил давомида 3 миллион 750 минг нафар қишлоқ аҳолиси малакали тиббий кўрикдан, 22 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёл махсус скрининг текширувидан ўтказилгани, 400 минг нафар бемор шифохоналарда даволаниб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаганини қайд этиш керак.
Қадрли дўстлар!
Ижозатингиз билан, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” Давлат дастуридан ўрин олган яна бир устувор йўналиш ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишни зарур, деб биламан.
Бугунги кунда ҳаётимизда том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлган, дунё жамоатчилиги ҳақли равишда эътироф этаётган таълим-тарбия соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларимиз қандай катта натижалар бераётгани ҳақида ҳар қанча фахрланиб, ғурурланиб гапирсак арзийди, албатта.
Ҳақиқатан ҳам, бундан 12 йил олдин бошланган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва 2004 йилда унинг таркибий қисми сифатида қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастури ижтимоий ҳаётимизда туб бурилиш ясади. Бу дастурлар доирасида юртимизда минг-минглаб лицей ва коллежлар, мактаблар қуриш ва уларни реконструкция қилиш, энг юксак талаблар асосида жиҳозлашдек кенг кўламли вазифани қўйганимизда, бу ишларнинг қандай улкан, айтиш мумкинки, беқиёс мақсадларни кўзда тутишини камдан-кам одам ўзига тасаввур қиларди.
Бугун мамнуният билан таъкидлаш керакки, биз қандай қийин ва оғир бўлмасин, бу дастурларни қатъият билан амалга ошириб, бундай билим масканларини нафақат шаҳарларимизда, балки олис қишлоқ ва овулларимизда ҳам ягона намунавий лойиҳа ва мезонлар асосида бунёд этишга эришдик.
Бунинг натижасида барча ёшларимиз қатори қишлоқ болаларининг замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга бўлиши, энг муҳими, уларнинг мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига кириб таълим олишига муносиб шароит туғдириб бериш учун ана шу иккита дастур қандай мустаҳкам замин яратганини бугун вақт ўтиб, барчамиз тушуниб етмоқдамиз.
Ўтган давр мобайнида ана шу лицей ва коллежларни 1 миллион 446 мингдан зиёд фарзандларимиз, жумладан, 1 миллион 55 минг нафардан ортиқ қишлоқ ёшлари битириб, бугунги кунда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, бошқарув ва ижтимоий соҳаларда, барча жабҳаларда меҳнат қилаётгани бизнинг шу йўлда эришган энг катта ютуғимиз бўлди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Бир ўйлаб кўрайлик, бундан ўн-ўн беш йил олдин мактабларимиз, умуман, таълим муассасаларимиз қай аҳволда эди?
Ўша пайтда уларнинг бугунгидек энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компютер техникаси, дарсликлар ва ўқув-услубий воситалар билан жиҳозланишини, спорт инфратузилмасига эга бўлиши, мактаб ҳаётига интернет тизими кенг кириб боришини ким фараз қила олар эди?
Айниқса, биргина жорий йилнинг ўзида шу борадаги ишларимиз янги босқичга кўтарилиб, юртимиз бўйича жами 1 минг 957 та мактаб қурилган ва реконструкция қилинган бўлса, уларнинг 1 минг 622 таси айнан қишлоқ жойларда экани диққатга сазовордир. Шулар қаторида 2009 йилда барпо этилган 214 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежининг 170 таси қишлоқ туманларимизда бунёд этилгани ва реконструкция қилинганини таъкидлаш лозим.
Айнан қишлоқ жойлардаги ана шу билим даргоҳларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун жами 895 миллиард сўм маблағ сарфлангани, айтиш керакки, мамлакатимиз тарихида илгари ҳеч қачон кўрилмаган ҳодисадир.
Муҳтарам дўстлар, мен жойларда бўлиб, одамлар билан, фермер ва деҳқонлар билан учрашганимда, қишлоқ ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида, пахта, ғалла ҳақида гаплашамиз, булар албатта керак. Лекин, эътибор берган бўлсангиз, бундай мулоқотларда ёшу қари ўз қишлоғи ёки туманида қурилаётган мактаб, лицей ва коллежлар қишлоқ ҳаётини тубдан ўзгартириб юборгани ҳақида тўхталиб, гапни авваламбор шундан бошлайди.
Мен юртдошларимизнинг бундай тўлқинланиб, қувониб гапиришини табиий деб ўйлайман. Чунки халқимизнинг қонида, табиатида бўлган эзгу фазилатга кўра одамларимиз кўпроқ ўзини эмас, балки фарзандларини, уларнинг келажагини, бахту саодатини ўйлаб яшайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, биз танлаган тараққиёт йўлининг таркибий қисмига, аниқроқ айтадиган бўлсак, келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланиб бораётган таълим соҳасидаги буюк дастурларимизни ўз вақтида, узоқни кўзлаб ишлаб чиққанимиз ва амалга оширганимиз нақадар тўғри бўлганини бугун мамлакатимиз эришган юксак марра ва натижалар яққол намоён этмоқда.
Шулар ҳақида гапирар эканмиз, жорий йилда ўзининг амалий йўлини бошлаган “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” дастури ҳам теран маъно-мазмуни ва мақсадларига кўра юқорида тилга олинган дастурлар билан чамбарчас ва узвий боғланиб кетганини таъкидлаш лозим.
Енг муҳими, бу дастурлар бир-бирини тўлдириб, бир-бирига замин туғдириб бераётган, бир-бирининг мантиқий давоми бўлиб, давлатимиз ва жамиятимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшаётган ҳужжатлар, десак, янглишмаган бўламиз.
Шу маънода, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” дастури ўз кўлами, аҳамияти ва моҳияти билан бугунги кунимиз ва эртанги келажагимизнинг нафақат моддий томонларини, айни пайтда, маданий ва маънавий савиямизни ошириш, мухтасар айтганда, бутун ҳаётимизни юксалтиришга қаратилган бўлиб, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тарихида муносиб ўрин эгаллаши муқаррар.
Бунинг тасдиғи ва исботи сифатида – шунга алоҳида эътибор бериш зарур – фақатгина шу йилнинг ўзида бу дастурни амалга ошириш учун барча манбалар ҳисобидан 2 триллион 612 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланганининг ўзи, ўйлайманки, кўп нарсадан далолат беради.
Ишонаманки, кириб келаётган 2010 йилда бу мақсадларга сарфланадиган маблағлар ўтган йилга нисбатан кам бўлмайди, иншоолло.
Шу фурсатдан фойдаланиб, мана шундай улуғ, қиёси ва ўлчови бўлмаган олижаноб ишларга ўз ҳиссасини қўшаётган юртимиздаги давлат ва нодавлат ташкилотларга, фермерлик ва тадбиркорлик субектларига, хорижий давлатлар ва жамғармалар, халқаро тузилмаларга, мана шу залда ўтирган чет мамлакатларнинг элчи ва вакилларига, шу йўлда холис хизмат қилган барча-барча инсонларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий ташаккур билдиришга ижозат бергайсиз.
Қадрли ватандошлар!
Энди, сиз, азизлар билан кириб келаётган янги 2010 йил ҳақида, унга қандай ном бериш, бошқача айтганда, эл-юртимизнинг эзгу интилишларига жавоб берадиган устувор мақсадлар хусусида фикр алмашиб, уларни ўзимиз учун аниқ белгилаб олсак, айни муддао бўларди.
Шу ҳақда ўйлаганда, биз биринчи навбатда давлатимиз ва жамиятимиз тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган, кенг қамровли мақсадларни амалга оширишда ҳал қилувчи ўрин тутадиган режа ва вазифаларни ҳисобга олишимиз зарур.
Янги йилга олдимизда турган энг долзарб мақсадларни кўзлаб ном беришнинг яна бир боиси шундан иборатки, шу тариқа биз юртимиздаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар, хўжалик ва корхоналар, тижорат тузилмаларининг куч ва имкониятларини қўйилган вазифани бажариш йўлида сафарбар этишни назарда тутамиз.
Ўйлайманки, агар бу масаланинг туб моҳиятини, халқимизнинг орзу-ниятларига ҳамоҳанг бўлган аҳамиятини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, унинг нақадар муҳим ва шу билан бирга, нақадар мураккаб экани аён бўлади.
Бу масала устида жуда кўп ўйлаб, фикрлашиб, кўпчиликнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олиб, мен кириб келаётган 2010 йилга юртимизда “Баркамол авлод йили” деб ном беришни таклиф этмоқчиман.
Янги йилга айнан шундай ном беришнинг сабабларини исботлаб бериш, ўйлайманки, қийин эмас.
Аввало, биз, яъни халқимиз ва давлатимиз, ҳар қайси инсон ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган бўлмайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида нима туради?
Бу саволга ҳаммамиз, табиийки, барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради, деб жавоб берамиз.
Ҳақиқатан ҳам, ҳаётимизнинг маъно-мазмуни шунда эмасми? Айнан мана шундай ҳар томонлама етук авлодгина бугун ҳаёт олдимизга қўяётган ўта мураккаб, оғир синов ва қийинчиликларни енгиш, биз кўзлаган юксак марраларни эгаллашнинг энг асосий шарти эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз, албатта.
Келинглар, шу масала устида атрофлича бир фикр юритиб кўрайлик.
Агар биз ўз вақтида узоқни кўзлаб эртага ҳаётга кириб келаётган ёшларимизнинг чуқур билим ва касб-ҳунар эгаллаши учун замин яратмасак, уларни замон талаб қиладиган мутахассис кадрлар этиб тайёрламасак, бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган молиявий-иқтисодий инқироз даврида юртимизда тинчликни сақлаб, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашга, айни шундай оғир шароитда халқимиз ҳаётининг тобора юксалишига эриша олармидик?
Йўқ, албатта.
Ҳаммамизга теран бир ҳақиқат аён бўлиши керак – биз юртимизнинг эртанги ривожи йўлида қандай чуқур ўйланган дастурларни тузмайлик, бу режаларни бажариш учун қандай моддий база ва имкониятларни яратмайлик, бунинг учун қанча кўп сармоя сафарбар этмайлик, уларнинг барчасини амалга оширадиган, рўёбга чиқарадиган қудратли бир омил борки, у ҳам бўлса, юқори малакали иш кучи ва юртимизнинг эртанги куни, тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган етук мутахассис ёшларимиз, десак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Шунинг учун ҳам бу ўта муҳим масалани доимо давлатимиз, жамиятимизнинг асосий вазифаси сифатида кўришимиз даркор. Албатта, ўтган йиллар тажрибасини инобатга олган ҳолда, биз 2010 йилга “Баркамол авлод йили” деб ном беришимиз муносабати билан махсус давлат дастурини тайёрлашимиз ва унинг ижросини таъминлашимиз зарур.
Бу дастурни ишлаб чиқишда манфаатдор идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли мутахассислар, қисқача айтганда, кенг жамоатчилигимиз жалб қилиниши табиий, албатта.
Мен, шу фурсатдан фойдаланиб, бу дастур ўзига қамраб оладиган йўналишлар, амалга оширилиши зарур бўлган асосий чора-тадбирлар қаторида энг муҳим масалалар ва вазифалар ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан.
Энг аввало, бу борада мавжуд ҳуқуқий ва юридик базани танқидий кўз билан қараб, уларга бугун замон талаб қиладиган тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, керак бўлса, олдимизга қўйган мақсадларга жавоб берадиган янги ҳуқуқий нормаларни ишлаб чиқиш ва Олий Мажлисимиз томонидан қабул қилиш катта аҳамиятга эга.
Табиийки, соғлом авлод деганда, барчамиз биринчи навбатда соғлом наслни тушунамиз. Шу борада ўтган йиллар давомида “Соғлом она – соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилди. Хусусан, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диагностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғруқхоналар барпо этиш, бир сўз билан айтганда, оналар ва болалар саломатлигини ҳимоялаш мақсадида марказда ва жойларда анча ишлар қилинганидан барчамиз хабардормиз.
Бу ишларни эътироф этган ҳолда, турли хил сабаблар туфайли инсон соғлигига салбий таъсир кўрсатадиган хавф-хатарларнинг олдини олиш, медицина хизматининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, шу соҳага посбон бўлган шифокорларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича бугун олдимизда янги-янги вазифалар пайдо бўлаётганини ҳам биз ўзимизга яхши тасаввур этамиз.
Ана шундай кенг қамровли вазифаларни ҳисобга олиб, биз 2010 йилда давлат бюджетида соғлиқни сақлаш соҳасидаги харажатларимизни 1 триллион 700 миллиард сўм атрофида белгилаб, яъни, бу йилга нисбатан 30 фоизга кўпайтиришни кўзда тутмоқдамиз.
Ўрни келганда айтиш керакки, янги 2010 йилда давлат бюджетининг 50 фоиздан кўпроғи мамлакатимизда фақат таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилади.
Баркамол авлод ҳақида сўз борганда, ўтган йиллар давомида катта куч ва маблағ ҳисобидан таълим соҳасида барпо этилган моддий-техник базадан оқилона ва самарали фойдаланиш масаласи қанчалик муҳим экани барчамизга аён бўлиши керак, деб ўйлайман.
Шулар қаторида давлат таълим стандартларини, ўқув дастурлари ва ўқув адабиётларини такомиллаштириш, олий ва ўрта махсус таълим тизимида таълим йўналишлари ва мутахассисликларини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарур.
Шунингдек, ўқув жараёнига янги ахборот ва педагогик технологияларни кенг жорий этиш, болаларимизни комил инсонлар этиб тарбиялашда жонбозлик кўрсатадиган ўқитувчи ва домлаларга эътиборимизни янада ошириш, қисқача айтганда, таълим-тарбия тизимини сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга кўтариш диққатимиз марказида бўлиши даркор.
Такрор айтишга тўғри келади – таълим соҳасида замонавий ахборот ва компьютер технологиялари, интернет тизими, рақамли ва кенг форматли телекоммуникацияларнинг замонавий усулларини ўзлаштириш, бугунги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган бундай илғор ютуқлар нафақат мактаб, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларига, балки ҳар қайси оила ҳаётига кенг кириб бориши учун замин туғдиришнинг аҳамиятини чуқур англаб олишимиз лозим.
Қабул қилинадиган дастурда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошлаган катта ишларимизни ҳеч сусайтирмасдан давом эттириш, айниқса, болалар спортини янада ривожлантириш, ҳар қайси шаҳар ва қишлоқда давр талабига жавоб берадиган спорт мажмуалари ва стадионлар бунёд этиш, уларни замонавий спорт анжомлари, юқори малакали спорт устозлари ва мураббийлар билан таъминлаш масалалари кенг ўрин олиши керак.
Айни пайтда касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларини битириб чиқаётган ёшларимиз эгаллаётган энг замонавий билим ва кўникмаларни амалда жорий этиши учун уларни кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш масаласига принципиал аҳамият берилиши ва бу вазифа дастурда ўзининг муносиб ўрнини топиши даркор.
Бу борада шуни эътиборга олишимиз керакки, ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги ижтимоий фаол аҳолининг 70 фоиздан ортиғи айнан кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида банд. Шундай экан, бу соҳани янада ривожлантирмасдан туриб, биз иқтисодиётимизнинг келгуси тараққиётини ўзимизга тасаввур қила олмаймиз.
Нега деганда, меҳнат фаолиятининг айнан шу йўналиши бугунги кунда аҳолимизнинг катта қисми учун нафақат асосий даромад манбаи, балки дунёнинг барча ривожланган давлатларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам шаклланиб келаётган ўрта синф бўлмиш мулкдорлар синфининг муҳим таркибий қисми, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг таянчи ва суянчи ҳисобланади.
Шундай ўта муҳим омилларни инобатга олган ҳолда, қабул қилинадиган дастурда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси олдида ҳали-бери мавжуд бўлган муаммоларни ечиш, бу йўлдаги тўсиқларни бартараф этиш, барча ҳудуд ва минтақаларда, аввало, қишлоқ жойларда бу соҳага ёшларни жалб этиш учун етарли шароит ва имтиёзлар яратиб бериш масаласи катта ўрин эгаллаши зарурлигини ҳаммамиз, биринчи навбатда маҳаллий раҳбарлар яхши англаб олишимиз даркор.
Олдимизда турган яна бир муҳим масалага диққатингизни қаратишни лозим деб биламан. Ҳаммамиз яхши тушунамизки, бугунги кунда тараққиёт ҳақида сўз борганда, илм-фаннинг ўрни ва аҳамияти ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ, албатта.
Биз мамлакатимизнинг келажагини кўзда тутган ҳолда, бугунги кунда тараққий топган давлатлар илмий жамоатчилигининг эътибор марказида турган, энг илғор, истиқболли илмий изланиш ва тадқиқот ишларини юртимизда ривожлантириш мақсадида Фанлар академияси ва олий ўқув юртлари таркибида янги лабораторияларни ташкил қилиш, уларнинг ривожланган мамлакатлардаги илм-фан марказлари билан самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатишига эришишимиз керак.
Бу масалани ҳозирги вақтда олдимизда турган долзарб вазифалардан бири сифатида кўришни бугун замоннинг ўзи талаб қилмоқда.
Бу йўналишдаги ишларга янги туртки бериш, хорижий давлатлардан замонавий илмий жиҳоз ва ускуналарни олиб келиш, энг иқтидорли, талантли ёшларимизни бу ишга сафарбар қилиш ва рағбатлантириш мақсадида Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси қошида алоҳида фонд тузиш ва уни етарли даражада валута маблағлари билан таъминлаш эзгу орзу-ниятларимизга жавоб берадиган бир иш бўлур эди. Ўйлайманки, бу фикрни мана шу залда ўтирганлар қўллаб-қувватлайди.
Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда жамиятимизнинг энг муҳим, мен айтган бўлардимки, ҳал қилувчи бўғини бўлмиш оилага алоҳида эътибор бериш ва уни ҳар томонлама асраб-авайлаш тадбирларини бўлажак дастурнинг узвий қисми сифатида кўришимиз зарур.
Халқимизда “Қуш ўз уясида кўрганини қилади”, деган ибора бежиз айтилмаган, бунда чуқур маъно-мазмун бор.
Ўғил-қизларимизни эл-юртимизга муносиб фарзанд, эртага Ватанимизнинг ҳақиқий фуқароси бўладиган инсонлар этиб тарбиялаш аввало оила бағрида, оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида чуқур илдиз отишини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши англаймиз.
Бундан хулоса шуки, соғлом ва мустаҳкам оила, биринчи навбатда, янги қурилаётган ёш оилалар масаласини давлатимиз ва жамиятимиз, маҳаллаларимизнинг доимий эътиборида турадиган устувор вазифа деб билишимиз даркор.
Маълумки, бугунги кунда фарзандларимизнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи биз учун энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Айниқса, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт ва бегона бўлган турли хил хуружлар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлар тобора кучайиб бораётгани барчамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этиши табиийдир.
Шу сабабли ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор. Бу масалалар дастурда албатта ўз ифодасини топиши зарур.
Азиз ва муҳтарам ватандошларим!
Бугун ҳеч кимга сир эмаски, биз яшаётган ХХI аср – интеллектуал бойлик ҳукмронлик қиладиган аср.
Кимки бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш ҳар қайси миллат ва давлат учун кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса – бундай давлат жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиб кетиши муқаррар.
Буни чуқур англаб олган давлат, бундай хулосани чиқарган, халқаро ҳамжамият ва тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун ҳаракат қилаётган жамият, биринчи навбатда, бугун униб-ўсиб келаётган фарзандларининг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун энг улуғ, керак бўлса, энг муқаддас мақсад, деб билади.
Бугун бизнинг демократик давлат, фуқаролик жамияти, замонавий иқтисодиёт тизимини барпо этиш, дунёда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш йўлида эришаётган ютуқларимизни ва барқарор натижаларимизни жаҳон жамоатчилиги тан олаётган экан, бунинг боиси нимада, деган табиий савол туғилади.
Бунинг боиси – аввало, эл-юртимизнинг қандай бой тарих ва маданий-маънавий меросга эга эканида, унинг интеллектуал салоҳияти ва илдизлари нақадар чуқур эканида, халқимизнинг ўз олдига қўйган юксак мақсадларга эришиш йўлида қандай буюк ишларга қодир эканидадир.
Бунинг боиси – биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва эзгу мақсад-муддаомиз бўлмиш эркин, озод ва обод ҳаёт бунёд этишда ҳам ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, иншоолло. Шу юксак минбардан туриб, мана шу муҳташам залда ўтирган сиз, азизларга, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизга яна бир бор чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни, энг эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме