23:15 24.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
150 НАФАР БИТИРУВЧИНИНГ БИЗНЕС-РЕЖАСИ МОЛИЯЛАШТИРИЛДИ
Фарғоналик ёшлар O’zLiDeP лойиҳаларида фаол иштирок этиб, тадбиркорлик майдонига янги ғоя ва таклифлар билан кириб келяптилар
Маълумки, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар учун касбий, ижодий ва мансаб пиллапояларидан ўсишга имконият яратиш O`zLiDePнинг Сайловолди платформасидан ўрин олган устувор вазифалардандир. Зеро, ёшлар салоҳиятини ривожлантириш – бу келажакка сармоя киритиш дегани.
Айни пайтда Фарғона вилоятида O`zLiDePнинг 11665 нафар аъзоси бўлса, уларнинг 46 фоизини 34 ёшгача бўлганлар ташкил этяпти. Энг муҳими, ана шундай ташаббускор ёшлар партия лойиҳалари аҳамиятини тенгдошлари ўртасида кенг тарғиб қилишдан ташқари ўз ҳаётини тадбиркорлик фаолияти билан боғлашни истаганлар тенгдошларига мамлакатимизда ишбилармонлар учун қулай шароитлар яратилганини ҳам ҳаётий мисоллар орқали тушунтирмоқдалар. Буни 2013 йили «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаси доирасидаги ўқув-семинарларда икки мингдан ортиқ талаба қатнашганидан ҳам билиш мумкин. Бугунга келиб мазкур лойиҳанинг 150 нафар ғолиби томонидан тақдим этилган бизнес-режалар учун тижорат банкларидан 586 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди.
– Ўз қобилиятига таянаётган ёшларнинг 78 фоизи асаларичилик, боғдорчилик, балиқчилик, иссиқхона, кўчатчилик йўналишларида оилавий бизнесни йўлга қўйдилар, – дейди O`zLiDeP Фарғона вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Юсуфжон Юсупов. – Бундан ташқари, Фарғона 2-иқтисодиёт коллежини тамомлаган Шоҳсанам Сотволдиева, Олтиариқ иқтисодиёт коллежи битирувчиси Нодира Юсупова тикувчилик цехини очиб, 14 нафар тенгдошини иш билан таъминлашди. Данғара иқтисодиёт коллежида таълим олган Дилафрўз Қаюмова қандолатчилик, Фурқат маиший хизмат ва педагогика коллежи битирувчиси Азимбек Собиров эса мебель йиғиш ва таъмирлаш устахоналарини ташкил этишди.
«Ёшлар қаноти»нинг ўтган йилги ютуқлари хусусида сўз кетганида, «Ишбилармон талаба» стипендияси учун ўтказилган анъанавий кўрик-танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 456 нафар ёшлар иштирок этганини ҳам таъкидлаш жоиз. Уларнинг 48 нафари вилоят босқичига йўлланама олди. Танловнинг республика босқичида эса Риштон саноат касб-ҳунар коллежи талабаси Ёдгорхон Раҳимова, Фарғона имкониятлари чекланган шахсларга ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежи талабаси Ўғилой Жўраева ҳамда Марғилон банк коллежи талабаси Аҳаджон Умрзоқов муваффақиятли қатнашиб, «Ишбилармон талаба» стипендиантига айландилар.
Ўтган йили Фарғонада «Миллий парламентаризм ривожланиши ёшлар нигоҳида», «Демократик жамият қуришда ёшларнинг ўрни», «Интеллектуал салоҳияли ёшлар – демократик жамият пойдевори», «Парламентаризм ва ёшлар», «Ёшлар – мустақил Ўзбекистон келажаги» каби мавзуларда уюштирилган 26 та тадбир уюшқоқлик билан ташкил этилди. Уларда истиқболли кадрлар захирасига олинган 500 га яқин ёшлар, 875 нафар партия аъзоси, шунингдек, партия аъзоси бўлмаган мингдан ортиқ йигит-қиз иштирок этди.
Бу — ёшлар йўналишидаги партиявий лойиҳаларнинг бир вилоятдаги натижалари, холос. Мазкур кўрсаткичларни барча ҳудудлар ва йўналишларга кўпайтирсак, ёшларга оид лойиҳаларнинг қанчалик катта кўламга эга эканини илғаш мумкин бўлади.
Шуҳрат РАҲИМОВ,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 20 февраоь 07 (535)-сон
Обсудить новость на Форуме