20:15 17.03.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ҳокимиятлар мувозанатининг конституциявий асослари

— Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштириш соҳасида назарий ҳамда амалий аҳамиятга эга бўлган  дастурий ҳужжат бўлиб, у ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизни янада ривожлантиришга қаратилган  муҳим қонунларнинг  қабул қилинишини тақозо этмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига) қонун давлат ва жамиятни бошқаришнинг Концепцияда кўзда тутлиган шундай бир яхлит тизимини вужудга келтирмоқдаки, биринчидан, Давлат раҳбарининг давлат ҳокимияти тизимини барқарор, тўлақонли ва ҳокимият тармоқларининг ҳамкорлигини таъминловчи роли ва аҳамияти мустаҳкамланмоқда. Иккинчидан, ҳокимият тармоқларининг мустақиллиги ошиб, уларнинг ўзаро бир-бирини тийиб туриш механизмлари кучайтирилаяпти. Учинчидан, Бош вазир номзодининг сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилиши, Олий Мажлис ваколатларини оширмоқда. Тўртинчидан, Вазирлар Маҳкамаси ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш, ижро этувчи ҳокимият девонини тузиш ва унга раҳбарлик қилиш ҳуқуқи ижро этувчи ҳокимият мустақиллигини таъминлаш ва унинг таъсирини оширишдек муҳим функцияни бажаради. Бешинчидан, парламентнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини ошириш, шунингдек, унинг ижро этувчи ҳокимият устидан назоратни кучайтириш, сиёсий партияларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни амалга оширишдаги таъсирини кенгайтириш имкониятларини назарда тутади. Олтинчидан, давлат бошқарувини демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда бошқа партиялар қатори O`zLiDePнинг ҳам масъулиятини оширади.

Ана шу ўзгаришларнинг барчаси мамлактимизда ўтган давр мобайнида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаларига таянади. Зеро, бу даврда асосий эътибор ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этишга қаратилди. Юртимизда икки палатали профессионал парламент шакллантирилди, уларнинг мақоми, ваколатлари ва фаолият механизмлари аниқ белгилаб берилди. «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойили асосида давлат бошқарувининг баъзи функциялари марказдан қуйи бўғинларга ўтказила бошланди.

Демократиянинг умумэътироф этилган йўлидан борилиши мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши натижасида шаклланадиган муносабатлар тизимида сезиларли бурилиш ясади. Ҳукуматга раҳбарлик қилишнинг Бош вазирга топширилиши унинг ҳуқуқларини кенгайтиришга йўл очиб, ҳукуматни мамлакат иқтисодиёти, ижтимоий ва маънавий соҳадаги фаолиятга раҳбарлигининг самарали механизмини  яратди.

Конституциянинг 89-моддасига киритилган тузатишлар орқали эса Президентнинг давлат бошлиғи бўлиши билан бирга давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини таъминлаши тўғрисидаги тартиб ўз навбатида, ҳокимият тармоқларининг бир-биридан мустақил ҳолда иш юритиши  тамойилининг ҳаётга жорий қилинишига, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўртасида барқарор мувозанат, ўзаро тийиб туриш  механизмларининг янада мукаммал шаклланишига замин яратади. 

Юртбошимиз таъкидлаганидек, ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнининг ҳеч қачон ниҳояси бўлмайди. У шиддаткор давр талабидан келиб чиқиб, янгидан-янги босқич ва вазифаларни олдимизга кўяверади.

4 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига) қонун айнан давлат ҳокимиятининг учта субъекти: давлат бошлиғи — Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлашга, шунингдек, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонунда Конституциямиздаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий ҳолатини белгилаб берувчи 98-моддаси янги таҳрирда баён қилинди ва у амалдаги таҳрирдан қуйидагилар билан  фарқ қилади.

Аввало, янги таҳрир Бош вазир номзоди Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг микдордаги депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилишини назарда тутади. Бу эса O`zLiDePнинг мазкур сиёсатида муҳим ўзгаришларни амалга ошириш зарурлигини англатади.

Бир сўз билан айтганда, Асосий қонунимизнинг 98-моддасига  киритилаётган ушбу ўзгартиш ва  ва қўшимчаларга кўра Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш, уни тасдиқлаш ва муддатидан аввал лавозимидан озод этишнинг мутлақо янги, демократик принципларни ўзида ифодалайдиган  конституциявий тартиб ўрнатилмоқда.

Қонунчиликдаги мазкур ўзгаришлар Конституциянинг 78- ва 93-моддаларига ҳам тегишли тузатишларни киритиш заруратини белгилайди. Жумладан, Асосий қонуннинг 78-моддаси 15-бандида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари сифатида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколати назарда тутилмоқда. Бу ҳолда ҳам парламент ролининг оширилиши, унинг назорат фаолиятини янада такомиллашувига олиб келади.

Конституциянинг 93-моддаси 15-бандига мувофиқ вилоятлар ҳокимларини ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини қонунга мувофиқ тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш учун уларнинг номзодини Президентга тақдим этиш ҳуқуқи Бош вазирга берилмокда. Бу ҳам ўз навбатида Бош вазир зиммасидаги масъулиятни янада кучайтиради.

Концепциянинг давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган яна бир муҳим жиҳати шундаки, унга мувофиқ Конституциянинг 80-моддаси 6-бандига ва 93-моддаси 12-бандига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш назарда тутилган бўлиб, унга асосан Президент Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги  масалани Олий Мажлис Сенати тасдиғига киритади. Олий Мажлис Сенати Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Президент  фармонларини тасдиқлайди.

Таъкидлаш керакки, Концепцияда кўзда тутилган ислоҳотлар жамият ва давлат ривожи, қолаверса ҳар бир фуқаро ҳаёти ва турмушига ўзининг ижобий самарасини беради. Бу самара шунда намоён бўладики, фуқароларимизнинг турли-туман эҳтиёжларини қондириш борасида уларнинг ўзлари тарафдор бўлган сиёсий куч саналмиш партияларнинг ролини оширилишидан манфаатдорлиги кучаяди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўпроқ ўринни эгаллаган партия ўз навбатида  электорати ва сайловчилари манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг муаммоларини ҳал этилишига эришиши учун кенг имконият яратилади. Сиёсий партиянинг маъсуллиги ошиши натижасида Бош вазирга ишончсизлик вотуми киритиш институти имкониятларидан фойданишда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини ифодалаш имкониятини янада кенгайтиради. Пировард натижада бу ислоҳотлар давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ҳисобланган халқ манфаатларини амалга оширишни янги босқичга кўтаради.

Илҳом НАСРИЕВ
,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме