09:45 04.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ҳокимиятлар мувозанати
Инсоният тарихидан маълумки, ҳар қандай жамиятда ҳокимиятлар мувозанатининг таъминланиши барқарорлик кафолати бўлиб келган. Ҳокимиятлар бўлиниши бу — демократик давлатнинг зарурий шарти бўлиб, унга тўла амал қилиш ваколатларнинг суиистеъмол этилишига тўсиқ қўяди, фуқароларни мансабдор шахслар тазйиқидан ҳимоя қилиб, бошқарув идоралари зиммасидаги масъулиятни оширади.
Шу билан бирга ҳокимиятлар ваколатларининг оқилона бўлиниши давлат тузилмаларининг самарали фаолият юритишига, энг муҳими, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, яъни жамиятда қонунийликнинг таъминланишига кафолат бўлиб хизмат қилади. Мазкур тамойил моҳияти ҳокимиятнинг ҳар бир тармоғи қолган икки ҳокимият субъектларининг ҳар бирини назорат қилиш ҳуқуқи ва имкониятига эга бўлиши ва бу қоиданинг конституциявий механизмлари яратилиши билан белгиланади, албатта.
Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”нинг мазмун-моҳиятини ўрганар эканмиз, унда ўта муҳим бир масалага, яъни ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, марказ ҳамда жойларда қонун чиқарувчи ва вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат функцияларини кучайтириш, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш ғоят долзарб вазифа сифатида белгилаб берилганига амин бўламиз.
Маълумки, 1992 йилда қабул қилинган Конституциямизда ҳокимиятлар тақсимланиши тамойиллари белгиланиб, кейинги йилларда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлар натижасида давлат ва жамиятни бошқаришнинг қонунга асосланган яхлит тизими вужудга келди. Энг муҳими, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларида ўз вазифаларини масъулият билан мустақил бажариш кафолатлари кучайди.
Ҳокимиятлар мувозанати тамойили асосида ўтган ўн йилда миллий парламентаризм ривож топди, икки палатали парламент ташкил
этилди. 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан мамлакат Президенти бир вақтнинг ўзида ижро этувчи ҳокимият бошлиғи эканини белгилайдиган норманинг чиқарилиши ушбу даврдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий воқеалардан бири бўлди. Бугунги кунда Конституциямизнинг 89-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди” деган қоида белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2008 йилдан кучга кирган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун асосида эса давлат бошқарувини амалга оширишда сиёсий партияларнинг роли янада оширилди.
Маълумки, Президентимиз 2005 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида “Давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасидаги энг муҳим вазифа бу қонунчилик ҳокимияти бўлмиш мамлакат парламентининг роли ва таъсирини кучайтириш, ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқлари ўртасида янада мутаносиб ва барқарор мувозанатга эришишдан иборат” деган эдилар.
Концепцияни шу маънода ҳам ҳокимият тармоқлари ўртасида мутаносиб ва барқарор мувозанатни таъминлайдиган механизмни жорий этиш ва янада такомиллаштиришга қаратилган дастуриламал ҳужжат деб аташ мумкин.
Эътироф этиш лозимки, Концепцияда баён этилган ташаббуслар асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларига)”ги қонун алоҳида аҳамиятга эгадир.
Ҳокимият субъектлари ўртасида ваколатлар мутаносиб тақсимланишига эришишда Асосий қонуннинг 98-моддасининг янги таҳрири ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишини дунёнинг таниқли экспертлари ҳам алоҳида эътироф этмоқдалар.
Шу боис Концепцияда мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳаёт олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати белгилаб берилди. Конституцияга киритилган ўзгартишларнинг моҳияти шундаки, улар давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришга, давлат ҳокимиятининг субъектлари: давлат бошлиғи — Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг мутаносиб тақсимланишини таъминлашга, парламент роли ва таъсирини янада кучайтиришга, шунингдек, далат бошқарувини амалга оширишда сиёсий партияларнинг ролини оширишга қаратилган.
Концепцияда илгари сурилган таклифлар биринчидан, ҳокимиятлар тармоқлари мустақиллигини оширишга хизмат қилса, иккинчидан, ўзаро бир-бирини тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини самарали механизмини яратиб беради. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатлари доирасидан чиқарилди.
Бош вазирнинг Президентга вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимларини тайинлаш ва лавозимдан озод этиш учун тақдим қилиш ҳуқуқининг берилиши ижро этувчи ҳокимият мустақиллиги ва таъсирини оширишга хизмат қилган бўлса, ўз навбатида, Бош вазир номзодини таклиф этиш ва тасдиқлаш тартиби, шунингдек, унинг ҳисоботини тинглаш ва муҳокама қилиш институтининг жорий этилиши парламент ролини кескин оширди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилиши, бир томондан, сиёсий партияларнинг ижро этувчи ҳокимият органини ташкил этишдаги ва бу орқали мамлакат иқтисодий, ижтимоий тараққиётига таъсирини оширса, иккинчидан, парламент ролини кучайтиради. Мазкур ҳолат “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин намунаси ҳамдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Конституциянинг 78 ва 93-моддаларига ҳам тегишли тузатишлар киритиш заруратини келтириб чиқарди, албатта. Жумладан, Конституциянинг 78-моддаси 15-бандида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари сифатида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазир ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қилиш ваколати назарда тутилди. Бу ҳолат сиёсий партиялар, яъни парламент роли ва таъсирининг оширилишига, Олий Мажлиснинг қонунлар ижроси юзасидан амалга оширадиган назорат фаолиятини янада такомиллаштирилишига хизмат қилади.
Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган ўзгартишларнинг туб моҳияти шундаки, улар давлат ҳокимияти субъектлари ўртасидаги ваколатларнинг янада оқилона тақсимланишига олиб келади. Маълумки, ҳокимият тармоқлари ваколатларининг тўғри тақсимланиши давлат идоралари фаолиятининг барқарорлигини, улар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилишини кафолатлайди. Қолаверса, давлат ҳокимиятининг конституциявий тарзда мутаносиб ва адолатли тақсимланиши натижасида давлатнинг том маънода демократик табиатга эга бўлиши ва инсон ҳуқуқлари изчил таъминланишини кафолатлайди.
Шу ўринда Концепцияда белгилаб берилган давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган вазифаларнинг амалга оширилиши сиёсий партиялар ва вакиллик ҳокимияти органи бўлган парламент орқали мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари манфаатини ҳимоя қилиш ва охир-оқибат Ўзбекистоннинг буюк келажак сари илдам одимлашини таъминлашга ижобий таъсир қилишини таъкидлаш лозим. Албатта, мазкур ислоҳотларни жамият тараққиёти эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўз вақтида амалга оширилган зарурий чоралар, деб аташ лозим. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, биз бир ҳақиқатни эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ, яъни ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Ислоҳотлар ва ўзгаришлар йўлида фақатгина эришилган марралар билан чекланиб қолиш асло мумкин эмас. Демократик янгиланишлар жараёни ҳеч қачон ниҳоя билмайди. Албатта, бирон-бир босқич якунланиши мумкин, аммо ҳаётнинг ўзи янги марраларни ва уларга мос вазифаларни олдимизга қўяверади.
Ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тамойилининг Концепцияда янада ривожлантирилиши бугуннинг ўзидаёқ ҳаётимизда жуда катта аҳамият касб этаётган янгиланишларда яққол намоён бўлаётганини таъкидлаш жоиз.Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзолари, хусусан, Бош вазир ҳисоботининг эшитилиши сиёсий партияларнинг ўз ғоялари ва дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз электорати манфаатини ҳимоя қилиш имкониятини янада кенгайтирмоқда. Бу айни пайтда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг пировард мақсадлари томон қайси партиянинг қандай йўллар билан бораётганини белгилаб олиш имконини ҳам беради.
Шу билан бирга бундай ўзгаришлар ҳокимият фаолиятининг самараси ва мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг натижалари хусусида кўпроқ маълумот олиш имкониятини ҳам яратмоқда. Шундай экан, ислоҳотлар натижаси учун масъулиятни ўз зиммасига олган партия сифатида O`zLiDeP фракцияси аъзолари бундай ўзгаришларнинг оддий ҳодиса эмаслигини англаши даркор. Зеро, бу аслида ҳокимиятнинг барча бўғинлари учун умумий масъулият, ваколатлар бўлинишининг мувозанат палласи, партиялараро муносабатларнинг асл мақсадларини белгилайдиган фаолият мезони ҳамдир.
Айни пайтда Концепциянинг мазмуни билан муфассал танишиш ва уни таҳлил этиш шуни кўрсатмоқдаки, у қонун ижодкорлигининг фаоллашувига ниҳоятда кучли туртки берди. Чунончи, маърузада жами 21 та янги қонун, 5 та янги таҳрирдаги қонун, 2 та миллий дастур ва амалдаги қонунларга 25 та қўшимча ва ўзгартиш киритиш ташаббуси илгари сурилди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” Олий Мажлис палаталарининг қонун ижодкорлиги фаолиятида стратегик дастуриламалга айланиб, мазкур фаолиятга янгича руҳ, маъно-мазмун, жўшқинлик, изчиллик ва тизимлилик бахш этади. Энг муҳими, қонунларимизни демократик фуқаролик жамияти қуриш эҳтиёжи ва талабларига жавоб берадиган даражада маромига етказишга кўмаклашади.
Обсудить новость на Форуме