15:15 07.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини изчил татбиқ этиш - Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуннинг муҳим жиҳатидир
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида парламент муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларга) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди.
Шу муносабат билан O’zLiDeP фракциясида ушбу Қонуннинг мазмун-моҳиятини ўрганиш юзасидан конституциявий ва фуқаролик ҳуқуқ соҳалари экспертлари ва мутахассислари учрашуви ташкил этилди. Уларнинг фикрича, мазкур ҳужжат мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради.
Бахтиёр ЯКУБОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
O’zLiDeP фракияси раҳбари
Ушбу қонун, аввало, давлат ҳокимияти тизимини янада демократлаштириш, давлат бошқарувининг энг муҳим тамойиллари – қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимияти тармоқларининг мустақиллиги ва тенглигини, ваколатлари мувозанатини, улар ўртасидаги мувозанатлар тизими самарали ишлашини амалга оширадиган конституциявий механизмларни такомиллаштиришга қаратилган.
Агар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида ислоҳотларнинг “ўзбек модели” асосидаги конситуциявий ва сиёсий тараққиётига эътибор қаратсак, демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим тамойили – давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимидаги мувозанатлар тамойилининг изчил жорий этилиши ва мустаҳкамланишини кўриш мумкин.
Бу тамойил ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлашга қаратилган бўлиб, ҳокимият ваколатларининг ҳокимиятнинг битта тармоғи қўлида жамланишига қўл қўймасликнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Бу эса жамиятда демократик ривожланиш, қонунийликни, манфаатлар мувозанатини сақлашнинг зарурий шартидир. Айнан шунинг учун мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунларидан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳаларида самарали мувозанатлар тизимини изчил шакллантиришга устувор аҳамият қаратилди.
Тўлқин ТУРСУНОВ,O’zLiDeP фракцияси аъзоси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари
Президентимиз Концепциясига мувофиқ, ўтган давр мобайнида ушбу конситуциявий тамойилни изчил ва тизимли ижро этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2011 йилда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (78, 80, 93, 96 ва 98-моддаларга) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, биринчидан, Бош вазирни тайинлашнинг бутунлай янги тартиби белгиланди. Яъни Бош вазир номзоди парламент сайловида энг кўп овоз олган сиёсий партия ёки тенг депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча партия томонидан тавсия этиладиган бўлди.
Бу эса ҳокимият ижроия тармоғининг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши тизимида принципиал ўзгаришларга олиб келди. Бунда фуқаролик жамиятининг муҳим институти бўлган сиёсий партиялар муҳим рол ўйнай бошлади. Шу орқали Конституцияда кўзда тутилган тўғридан-тўғри халқ ҳокимиятининг конституциявий механизмлари амалга оширила бошламоқда.
Иккинчидан, парламент амалиётда илк бор ҳукумат бошлиғи – мамлакат Бош вазирига ишончсизлик вотуми билдириш институтига асос солинди. Мазкур институт парламентнинг ижроия ҳокимияти органлари томонидан қонунларни ижро этилиши устидан назоратни амалга оширишдаги ваколатларини кенгайтириш, қонунчилик ҳокимиятининг мамлакат сиёсий тизимидаги ролини, шунингдек, ҳукуматни қабул қилинаётган қонунларни сўзсиз ва сифатли ижро этиши устидан масъулиятини оширишга кўмаклашиш мақсадида жорий этилди.
Учинчидан, Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатларига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.
Тўртинчидан, Конституциянинг 93-моддасида Президент вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларини ўз лавозимига Бош вазир тавсиясига кўра тайинлаши ва лавозимидан озод этиши белгилаб қўйилди. Натижада Бош вазир раҳбарлигидаги ижроия ҳокимиятининг яхлит тизими яратилди. Конституцияга 2011 йилда киритилган бошқа ўзгартишлар ҳам демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган принципиал янгиликларга мувофиқ равишда кейинчалик Бош қонунга парламент фаолиятини такомиллаштириш, вакиллик демократияси институтларини мустаҳкамлаш, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг муҳим таркибий қисми бўлган мамлакат парламентининг роли, ваколатлари ва назорат функцияларини кучайтиришга қаратилган яна қатор аҳамиятли қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ва «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Энди фракцияларнинг қонун лойиҳаси юзасидан фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита у бўйича ўз хулосасини бера олмайди. Ушбу меъёр қонун лойиҳаси устида ишланаётганда фракцияларнинг қонунчилик жараёнининг барча босқичларида иштирок этиш ҳуқуқини сезиларли кенгайтирди ва қонун лойиҳасининг дастлабки муҳокамаси босқичидаёқ сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари, ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз позициясини ишлаб чиқиш ва қонун лойиҳасининг у ёки бу моддаси бўйича ўз фикрини ҳимоя қилиш имконини берди. Сиёсий партиялар фракцияларининг қонунчилик фаолиятидаги ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш орқали парламентнинг қуйи палатасидаги қонунчилик жараёни сезиларли такомиллашди, уларнинг қонунлар қабул қилишдаги масъулияти кучайтирилди.
Бундан ташқари, сиёсий партияларнинг жойлардаги депутатлик гуруҳлари Халқ депутатлари кенгаши раиси, унинг ўринбосарлари, шунингдек, қўмита ёки комиссиялар аъзолари номзоди бўйича таклифлар киритиш, сессияларда тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти бўйича ҳисоботи ёки ахборотини эшитиш каби қўшимча ҳуқуқларга эга бўлди. Бунда партия гуруҳларининг ҳокимиятнинг вакиллик органларига киритилган масалалар бўйича таклифлари муҳокама этилиши мажбурий экани қонунчилик асосида белгилаб қўйилди.
Кўриб турганимиздек, қабул қилинган бу қонунлар ҳам парламент ва ҳукумат миқёсида, ҳам ҳокимиятнинг жойлардаги ижроия ва вакиллик органлари миқёсида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини янада мустаҳкамлаш ва фаолияти самарадорлигини юксалтиришда улкан аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, улар вакиллик демократиясини янада ривожлантириш, давлат органлари устидан парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Маруф УСМОНОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси,
юридик фанлари номзоди
Шу билан бирга, миллий давлатчилигимиз ривожи даражаси, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, кўппартиявий тизимнинг мустаҳкамланиши, мамлакат аҳолисининг тобора ўсиб бораётган сиёсий маданияти ва ижтимоий онги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш вазифасини қўймоқда.
Парламентнинг қуйи палатаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларга) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун доирасида Бош қонунга парламент ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамловчи ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, Конституциянинг республика фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришда, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этишда иштирок этиш ҳуқуқини белгилаб берувчи 32-моддаси ушбу ҳуқуқ, шунингдек, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши ҳақидаги меъёр билан тўлдирилмоқда. Конституциянинг 78-моддаси паламент палаталарининг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини конституциявий равишда мустаҳкамлашга қаратилган меъёр билан тўлдирилмоқда.
98-моддага Бош вазир лавозимига номзод ўз номзоди парламентда муҳокама этилаётган ва тасдиқланаётган пайтда Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболдаги ҳаракатлар дастурини тақдим этиши тўғрисидаги қўшимча киритилмоқда. Ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг муҳим масалалари бўйича парламентга йиллик ҳисобот тақдим этиши мажбурияти мустаҳкамлаб берилмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ўз фаолиятида парламент ва Президент олдидаги жавобгарлиги белгиланмоқда. Бу меъёрлар сиёсий партияларнинг ҳукумат фаолияти йўналиши ва дастурлари ёки ҳукумат фаолиятининг айрим йўналишлари бўйича ўз позициясини белгилаб олишида, демократик жамиятнинг муҳим таркибий қисми бўлган кўппартияли тизимни ва партиялараро рақобат, фракциялараро курашни янада мустаҳкамлашда ўта муҳим аҳамиятга эга.
Конституциянинг 103-моддасига киритилган қўшимчалар вакиллик депутатлик органларининг роли ва мавқеини, уларнинг жамият ҳаётидаги реал имкониятларини тубдан кучайтириш, шунингдек, сиёсий партиялар, уларнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ҳудудлар ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишининг аниқ устуворликларини белгилаб беришдаги роли сезиларли ўсишига қаратилган. Энди вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига вилоят, туман ва шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим ва долзарб масалалари бўйича тегишли ҳокимият вакиллик органига ҳисоботлар тақдим этиш мажбурияти юкланмоқда. Халқ депутатлари кенгаши улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.
Кўриб турибмизки, Бош қонунга киритилган бу янгиликлар ҳокимиятнинг ижроия тармоғи органлари фаолияти устидан парламент назорати имкониятларини сезиларли кенгайтиради, парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги роли ва ўрнини сезиларли кучайтиради, мамлакат олий вакиллик органининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари сифатига талабни оширади.
Давлатимиз раҳбарининг шу ва бошқа конституциявий ташаббуслари ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини изчил такомиллаштириб бориш, парламент палаталари фаолияти ва уларнинг сифат жиҳатдан янги демократик шароитларда ижроия ҳокимияти билан муносабатларининг самарали механизмларини яратишга қаратилган. Уларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши сиёсий партияларнинг ижроия ҳокимиятини шакллантириш, улар фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишдаги ролини тубдан ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратади.
М.Баратов,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
O’zLiDeP фракцияси ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзоси, юридик фанлар доктори
Ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашини таъминлашда ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ваколатларнинг мақбул тақсимланиши, уларнинг эркинлиги, тўлиқ шаклланганлиги ва албатта масъулияти таъминлаши, жамият ва давлат олдида турган вазифаларга эришишда мувофиқлашган равишда фаолият кўрсатиши ва ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамиятга эга.
Қабул қилинган қонуннинг энг муҳим янгиликларидан бири Президент ваколатларининг бир қисмини Бош вазирга бериш, умуман Вазирлар Маҳкамасининг ваколат ва ҳуқуқларини аниқлаштириш ва кенгайштириш билан боғлиқ. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасига иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини самарали юритиш, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги жавобгарлик юкланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, қонунда белгиланган тартибда улар фаолияти устидан назоратни таъминлайди.
Қонунда давлат бошқаруви тизимида барқарорлик, изчилликни таъминлаш, ижроия ҳокимиятининг мустақил фаолият кўрсатиши кафолатларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Конституциянинг амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини топшириши акс этган 98-моддаси ҳукумат Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби тузилгунга қадар мамлакат Президенти қарорига мувофиқ ўз ишини давом эттириши тўғрисидаги меъёр билан тўлдирилмоқда.
Айнан шу мақсадда Конституциянинг Бош вазир ўз лавозимидан Президент томонидан озод этилиши белгилаб қўйилган 93-моддасининг 10-банди Президентнинг бу ваколати парламент палаталари Бош вазирга ишончсизлик билдирган ёки қонунда кўзда тутилган бошқа ҳолатларда амалга оширилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида билан тўлдирилмоқда.
А. Мўминов,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги
O’zLiDeP фракцияси ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзоси,
юридик фанлар номзоди
Мамлакатимизда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими изчиллик билан, босқичма-босқич равишда изчиллик тамойили асосида ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий муносабатларни, давлат, сиёсий институтларнинг етуклиги ҳисобга олинган ҳолда ривожлангани ва ривожланиб келаётганини алоҳида таъкидлаш керак. Айрим хорижий мамлакатлардаги давлат қурилиши амалиёти демократик ислоҳотларни ўйламасдан амалга ошириш, бошқарувнинг парламент шаклига ўйламасдан ўтиш ушбу мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, давлат асосларини, фуқаролар онгидаги демократик қадриятларни емиришга олиб келганини кўрсатмоқда. Айрим мамлакатлар бир неча марта бир палатали парламентдан икки палаталига, кейин эса яна бир палаталига ўтганини қайд этиш мумкин.
Жамият ва давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашнинг яна бир муҳим вазифаси қабул қилинаётган қонун ва меъёрларнинг амалга оширилаётган ислоҳотлар суръати ва эҳтиёжига мослигини таъминлашга боғлиқ. Мамлакатимизда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими механизми қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам аниқ кўринаётир. Хусусан, Конституциямизнинг 84-моддасига мувофиқ, қонун фақат парламент томонидан қабул қилиниб, Президент томонидан имзоланиб эълон қилингандан сўнггина юридик кучга эга бўлади. Президент вето ҳуқуқига эга. У ўз эътирозларини билдириб, қонунни Олий Мажлисга қайтариш ҳуқуқига эга. Бироқ қонун аввалги таҳрирда кўпчилик, яъни парламентдаги депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми томонидан қабул қилинадиган бўлса, у Президент томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши шарт.
Қонунчиликда парламент муҳокамасига киритилаётган қонун лойиҳалари мажбурий тартибда ижроия ҳокимияти органлари билан келишилиши шарт бўлган ҳолатлар аниқланган. Бундай формула қонун ижодкорлиги жараёнида юқори демократик принципларга асосланганлигини таъминлайди, мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат бошқарувининг қонунчилик базасини ривожлантиришда қонунчилик ҳокимиятининг муҳим ролини белгилайди.
Умуман, тадбир иштирокчилари мамлакат Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар Ўзбекистоннинг сиёсий ва конституциявий ривожланиш мантиғидан келиб чиққанини, улар ижроия ҳокимияти органлари, парламент палаталари, жойлардаги вакиллик органлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси муҳимлигини таъкидлади. Сўзсиз, буларнинг барчаси давлат ҳокимияти органлари олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли ўтказиш, пировардида, ҳар бир фуқаронинг, умуман жамиятнинг манфаатларини ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Обсудить новость на Форуме