14:00 21.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ҳисобот депутатларни қаноатлантирмади


Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ҳисоботига ана шундай баҳо бердилар 
 

Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да сиёсий партиялар учун яратиб берилган имкониятлардан O`zLiDeP ўз электорати манфаатини ҳимоя қилиш, либерал ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида самарали фойдаланмоқда. Бу жойларда депутатлик гуруҳлари томонидан сессиялар кун тартибига киритилаётган масалаларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан муҳокама қилинган «Вилоятда чорвачилик, ғаллачилик, сабзавотчилик соҳаларида илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги масала бўйича Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг ҳисоботини эшитишдан мақсад ҳам айнан фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш ва мавжуд муаммоларнинг ечимини топишга қаратилди.

O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Омонулла Исломовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар  натижасида Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи давлатдан уларни қайта ишловчи саноатлашган мамлакатга айланди. Хусусан, Тошкент вилоятида қарийб 423 минг гектар майдонга эгалик қилаётган фермерлар ҳам ўзлари етиштирган пахта, ғалла, мева ва сабзавотларни қайта ишлашни йўлга қўйдилар.

Тўғри, бу жараён осон кечаётгани йўқ. Айниқса, иқлим шароитлари ўзгариб бораётган, сув танқислиги сезилаётган бугунги шароитда ер билан тиллашишнинг ўзи бўлмайди. Депутатлик гуруҳи йиғилишида муҳокама этилган масала ана шу жиҳати билан ҳам ғоят долзарбдир.
Тошкент вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи М.Мухторовнинг ҳисоботида қайд этилганидек, айни пайтда ҳудудда 6051 та фермер хўжалиги бўлиб, уларга керакли шарт-шароитлар яратиш ва фаолиятини қўллаб-қуватлаш мақсадида бошқарма тизимида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, деҳқончилик ва чорвачилик хўжаликларида мавсумий семинарлар ташкил этилиб, фермерларга турли масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар берилаяпти. Бундан ташқари, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экинларни парваришлаш, суғориш, озиқлантириш, ҳашарот ва касалликлар билан зарарланишининг олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, вилоятнинг суғориладиган ерларида фосфорит рудаларидан олинган нитрокальцийфосфат ўғитидан унумли фойдаланиш натижасида пахта ҳосили 34 центнерни ташкил этиб, қўшимча ҳосил 3,6 центнерга тенг бўлди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда ушбу агротехник тадбир вилоятнинг махсус чора-тадбирлар дастурига ҳам киритилди.

Бугун вилоятда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-текшириш институтида қўлга киритилган амалий натижалардан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Кейинги йилларда институт олимлари томонидан республиканинг турли иқлим шароити учун сабзавот-полиз экинларининг 150 дан ортиқ янги навлари далаларда синаб кўрилди. Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 ноябрдаги қарорига асосан, вилоятда мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, картошка ва узум ишлаб чиқариш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилгани муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унга кўра, 5 та туманда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни икки баробарга кўпайтириш, аҳоли ихтиёридаги 42 минг гектар экин майдонидан унумли фойдаланиш лозимлиги белгиланиб, шу кунгача 1486,9 минг тонна мева-сабзавот етиштирилди.

Ҳудудда боғдорчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзидагина, 2732 гектар майдонда янги мевали боғ яратилди. Шунинг 644 гектарига интенсив пакана ва ярим пакана мевали кўчатлар экилди. Бу эса яқин икки-уч йилда 45 минг тонна мева олиш имконини беради, деганидир. Бундан ташқари, вилоятда чорвачилик йўналишида амалга оширилган ишлар туфайли юқори сермаҳсул сигирлардан иборат селекция гуруҳи шакллантирилди. Натижада аҳолига 88824 тонна гўшт, 292398 тонна сут, 464233 дона тухум етказиб берилди.

Бироқ йиғилишда ана шундай натижаларга қарамай, вилоятда  соҳани янада ривожлантиришга халал бераётган муаммолар мавжудлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси А.Абдуллаевнинг фикрича, йиғилишда кўтарилган масала ниҳоятда долзарб бўлса-да, ҳисоботда негадир вилоят миқёсида чорвачилик, ғаллачилик ва сабзавотчилик соҳаларидаги ишлар тўғрисида тўла ахборот берилмади.

— Тўғри, вилоятда соҳани янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни қўллаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Лекин мутасадди ташкилотлар томонидан ҳал этилиши мумкин бўлган шундай масалалар борки, уларнинг ечими соҳани янада ривожлантиришга хизмат қилади. Хусусан, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ҳар йили фермер хўжаликлари билан давлат буюртмаси асосида шартнома тузади. Бироқ қатор фермерларимиз мазкур шартноманинг бир нечта бандлари қатор камчиликлардан иборат эканини аниқладилар. Маърузада эса ана шундай масалаларга умуман муносабат билдирилмади. 
  
Депутат Ш.Умирзоқов эса бугун вилоятда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганига қарамай, айрим туманларда чорва моллари учун тақсимланаётган омухта ем маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмаётганини таъкидлади. Жумладан, Пискент ва Охангарон туманларидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари омухта ем олишда қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Бу эса чорва моллари сонининг ўсишига салбий таъсир кўрсатаяпти. Бундан ташқари, Президент қарори асосида чорвачилик билан шуғулланаётган фермер хўжаликларига озуқа майдонлари ажратилиши белгиланган бўлса-да, айрим туманларда маҳаллий ҳокимият органларининг эътиборсизлиги оқибатида мазкур масала ўз ечимини топмаяпти. Бундан эса Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутасаддилари тегишли хулосалар чиқаришлари лозим.

Депутат Г.Шукурова эса вилоятда фаолият кўрсатаётган илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник аҳволини янада яхшилаш орқали аграр секторда илмий тадқиқотларни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, фермерларнинг ана шундай илмий муассасалар билан ҳамкорлиги яхши самара беради. Бошқарма эса бу йўналишдаги ишларни ҳам ўз назоратига олиши керак.

Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди. 
 

Қаҳрамон САЙДАЛИЕВ

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме