12:01 09.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ҳисобини билмаган ҳамёнидан айрилар
Мамлакатимизда жаҳон андозаларига мос янги йўлларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, транспорт-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2010 йилнинг ўзида автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилишга 378 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган бўлиб, бу 2009 йилга нисбатан 31,5 фоизга кўп демакдир. Натижада 270 километрлик замонавий автомобиль йўллари фойдаланишга топширилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2011 йилга мўлжалланган иш режасига асосан «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасида «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижросини ўрганиш юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил фаолияти якунларига бағишланган йиғилишда ана шундай далил ва рақамлар тилга олинди.
— Ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект учун энг долзарб масалалардан бири — бу моддий ашёлар ва молиявий маблағларнинг, даромадлар ва харажатларнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш, улардан самарали фойдаланиш орқали тежамкорлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдан иборат, — деди қўмита раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Бахтиёр Иминов. — Бу масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ташкил этишда «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонун ҳамда бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига қатъий амал қилиш лозим.
Кун тартибидаги масала юзасидан O`zLiDeP фракцияси аъзоси Насим Алимов сўзга чиқиб, ҳисоб-китоб қанчалик пухта олиб борилса, корхонанинг молиявий-иқтисодий имкониятлари кенгайиб бораверади, деди. Парламент томонидан тегишли қонунлар ижросига алоҳида эътибор қаратилиши эса соҳада юзага келаётган муайян бўшлиқларни тўлдириш, йўл қўйилаётган хатоларни ўз вақтида бартараф этишга хизмат қилади. «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси тизимида бухгалтерия ҳисобига оид норматив ҳужжатлар, алоҳида характерга эга бўлган услубий тўпламларга обуна намунали йўлга қўйилган. Компаниянинг ҳисоб сиёсати, архив ишини ташкил қилиш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш тартиби ҳам ишлаб чиқилган.
— Компаниямизда «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонун ҳамда бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари ижросини таъминлаш мақсадида қуйи бўғинлар учун махсус кўрсатмалар ишлаб чиқилиб, тизимдаги корхоналарга етказилган, — деди «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси раиси Муродил Абдуллаев. — Хусусан, 2011 йилнинг 16 апрелида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш баёни асосида қабул қилинган тадбирлар режасида ҳам мазкур қонун ижроси юзасидан уч банддан иборат чоралар белгиланган. Муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари юзага келишининг олдини олиш бўйича ҳам изчил ишлар амалга оширилмокда.
Аммо солиқ идоралари томонидан компания тизимидаги ташкилотларда ўтказилган текширишлар 36 та корхонада жами 401 миллион сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганини кўрсатди. Қонун талабидан келиб чиқиб, «Ўзавтойўл» ДАК тизимидаги корхоналарда аудит ишларининг аҳволи, уларнинг хулоса ва таклифлари ўрганилганда эса шу пайтгача ички аудит хизмати ташкил этилмагани маълум бўлди.
Шу ўринда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг 2010 йилдаги даромадлари 846,6 миллиард сўмни, харажатлари эса 668,0 миллиард сўмни ташкил этганини таъкидлаш жоиз. Ҳисобот даврида халқаро ва давлат аҳамиятига эга автомобиль йўлларида 284,9 километрлик қуриш ва реконструкция ишлари бажарилган. Бироқ 2010 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига асосан умумфойдаланишдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилишга 601 миллиард сўм ажратилганига қарамай, амалда 340 миллиард сўмлик ёки белгиланган режанинг 56 фоизи микдорида иш бажарилган, холос.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан режали текширув ўтказилганида 2010 йил учун манзилли рўйхатлар инвестиция дастурига нисбатан 49,6 миллиард сўмга ортиқча тузилгани, ўз вақтида топширилмаган объектлар бўйича қўлланилган 3,1 миллиард сўм миқдоридаги пенялар ундирилмагани ва жами 214,5 миллиард сўмлик боқиманда қарзлар мавжудлиги аниқланган.
O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида», «Бюджет тизими тўғрисида», «Ғазна ижроси тўғрисида»ги қонунлари ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинганига қарамай, жамғарма 2011 йилнинг январигача 1987 йилги бюджет ташкилотлари учун бухгалтерия ҳисобини юритиш тўғрисидаги йўриқномага амал қилиб келган.
— «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси тизимида йўл қуриш ва таъмирлаш борасидаги ишлар ҳажми тобора ошиб бориши баробарида жойларда молиявий қонунбузарликлар ҳам кўпаяётгани ачинарлидир, — деди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Шавкат Тешаев. — Бу эса жимғарма раҳбариятининг тўловлардаги чалкашликларни аниқлаш мақсадида ушбу масалага дахлдор идоралар билан тизимли равишда иш олиб бормаганини ёки тегишли ташкилотларга шунчаки хатлар ёзиш билан чекланганини кўрсатади.
Йиғилишда қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аниқ таклиф ҳамда тавсиялари ишлаб чиқилди.
Обсудить новость на Форуме