21:15 02.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ҳар ким камчиликни ўзидан ахтариши керак
Бутун дунёда «ўзбек модели» дея эътироф этилган машҳур беш тамойилнинг бири — иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлигидир. Мамлакатда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш тарзини юксалтириш, ижтимоий муаммоларга ечим топиш учун эса иқтисодиётни либераллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида янада жадал ҳаракат қилиш лозим. Шу маънода, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши натижасида сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятида кескин ўзгаришлар рўй бериб, сиёсий майдондаги ғоявий кураш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини ҳаётга изчил татбиқ этиш, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини шакллантириш, вакиллик органларининг ваколатлари ва назорат вазифаларини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Илгари фақат сайловлар арафасида юз берадиган партиялараро мунозара муҳити айни пайтда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар фаолиятида ҳам қарор топди. ўоя ва дастурлар кураши, электорат манфаати нуқтаи назаридан асосли ташаббус ва аниқ таклифлар билан чиқиш жараёнининг доимий тус ола бошлагани эса сиёсий партияларнинг ўз мақсад-муддаоларига айнан мана шу йўл билан эришишга интилаётганидан далолатдир.
Бундай имкониятлардан кенг фойдаланишга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган, ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини оширишга ҳалақит бераётган камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда, энг аввало, O`zLiDePнинг Сайловолди дастури (платформаси)ни амалга оширишда депутатлик гуруҳлари фаоллигини кучайтириш, жойлардаги мутасадди идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш амалиётини кенгайтириш эвазига ҳудудий дастурлар ижроси қатъий назоратга олинаяпти.
— Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Републикаси Президентининг 2009 йил 15 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг Қўшработ, Каттақўрғон, Нарпай ва Тайлоқ туманларидаги ижроси ўрганилиб, мазкур ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш инспекцияси раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди, — дейди вилоят кенгаши раиси ўринбосари Илҳом Ботиров. — Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашидаги сафдошларимиз эса Юртбошимизнинг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарорининг бажарилишини ўргандилар. Бундан ташқари, Пастдарғомда «Агробанк», «Микрокредитбанк» ҳамда «Халқ банки» филиаллари бошқарувчиларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлар билан таъминлаш борасидаги фаолияти назорат-таҳлил тартибида кўриб чиқилди.
Агар депутатлик гуруҳлари йиғилишларида муҳокама қилинаётган масалаларни атрофлича таҳлил қилсак, улар айнан электорат манфаатига қаратилганини, тадбирларда узвийлик ва изчилликка қатъий амал қилинаётганини кўрамиз. Чунки ҳар бир тадбир мавзуи O’zLiDeP Сайловолди дастури (платформаси)да белгилаб олинган вазифалардан келиб чиққан ҳолда танланмоқда. Бошқача айтганда, уларда сайловчиларга берилган ваъдалар ва электорат манфаати устувор аҳамият касб этаяпти.
Масалан, халқ депутатлари Оқдарё ва Нуробод туман кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 18 апрелдаги «Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг ушбу туманлардаги ижросини муҳокама қилган бўлса, Қўшработда давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 4 апрелдаги «Тадбиркорлик субъектларини текширишларни янада қисқартириш, улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Бу Самарқандда тадбиркорлар, фермерлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари фаолиятига доир қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар ижроси маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан қатъий назорат қилинаётганини кўрсатади. Жорий йилнинг биринчи чорагида O`zLiDeP фаоллари ташаббуси билан 4 та долзарб масала халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилингани ҳам бежиз эмас.
— Аҳоли бандлигини таъминлаш орқали улар даромадини янада ошириш хусусий тадбиркорлик имкониятларидан қанчалик фойдаланишимизга боғлиқ бўлиб қолмоқда, — дейди O`zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши Депутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори мудири Жаҳонгир Хўжамқулов. — Ҳар қандай ўзгаришларга мослашувчан кичик бизнес вакиллари сафини янада кенгайтиришда улар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган муҳокамаларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.
Суҳбатдошимизнинг фикрича, O`zLiDeP электорати вакиллари сони қанча ортса, давлат ва жамиятга шунчалик наф келтирилади. Лекин ана шундай бир пайтда айрим ҳудудлардаги сиёсий партиялар вакиллари ташаббускор ва замон талабларини чуқур англаётган тадбиркор юртдошларимиз номини ёмонотлиққа чиқариш орқали енгил обрў қозонишга уринаётганлари таажжубланарли ҳолдир.
— Мана, бир мисол. Яқинда ХДП нашрида Пастдарғом туманидаги «Орифен» қўшма корхонасининг мавжуд қувватлардан тўлиқ фойдаланмаётгани ёки «Самарқанд консерва» заводида самарадорлик пастлигида бизнинг партиямиз айбдор қилиб кўрсатилди. Ваҳоланки, ана шу ташкилотларда белгиланган режаларга қатъий амал қилинмоқда. Ишчи-хизматчиларни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари доимий эътиборда. O`zLiDePга «тош отаётган» ХДП вакилларининг ёзишича, ўтган йили Самарқанд вилоятида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари сессиясига либераллар ташаббуси билан биронта ҳам масала киритилмаган эмиш. Шу ўринда, туман (шаҳар) кенгашларидаги ХДП вакиллари O`zLiDeP ташаббуси билан сессияларга киритилган муҳокамалар чоғида қаерда эдилар, дегинг келади. Чунки бошқа депутатлар қаторида ХДП аъзолари ҳам ана шу сессиялар қарорларини қўллаб-қувватлаб овоз берганлар.
Аслида сайловчиларни чалғитиш ва O`zLiDePни обрўсизлантиришга уринаётганларнинг ўзи 2011 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида Қўшработ, Нуробод ва Каттақўрғон туманларида ХДП ташаббуси билан партия электоратини ўйлантираётган бирорта масала сессияга олиб чиқилмаганини, бу туманларда халқ демократларининг тегишли равишда 9, 10 ва 11 нафар депутатлари фаолият юритаётганларини муҳокама қилганларида ана шу ҳудудлардаги депутатлар фаолиятида ўзгаришлар юз берармиди?
Зеро, Халқ демократик партияси дастурида ушбу сиёсий куч «ўз оиласини боқиш учун доимий ва барқарор даромадлар манбаига эга бўлмаган меҳнатга қобилиятли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликларга учраётган ва тегишли ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар, олинаётган пенсия ва ижтимоий нафақалар даражаси турмуш кечириш учун етарли бўлмаган пенсионерлар, ногиронлар, кўп болали оилалардаги аёллар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари, ишда ва меҳнатга ҳақ тўлашда талаблари иш берувчилар олдида ишончли ҳимоя қилинишига муҳтож одамлар манфаатларини ифода этади ва ҳимоя қилади» дея аниқ-тиниқ белгилаб олинган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар ким камчиликни ўзидан ахтариши керак. Рақобатчи партияларни асоссиз танқид қилишни сиёсий фаоллик сифатида қабул қилаётган ХДП фаоллари бу ҳақиқатни қачон англаб етаркан?!
Озод РАЖАБОВ
Обсудить новость на Форуме
27 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |