19:45 31.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ҳар қандай натижа ташаббус ва фидойиликка боғлиқ

Ҳаракатда — баракат, деганларидек, «Роҳатой» пахта, ғалла ва пилла етиштириш бўйича ҳам шартномавий режаларни ортиғи билан адо этмоқда. Хўжаликда чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик ҳам яхши йўлга қўйилган бўлиб, 150 дан зиёд ўз ишининг усталари эл-юрт дастурхони маъмурчилиги йўлида меҳнат қилишмоқда. 200 бошдан зиёд қўй, 50 бош йирик шохли наслли қорамол даромадга-даромад қўшаяпти. Каттагина  майдонда мевали боғ ташкил этилган. 51,7 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Энг муҳими, ушбу сертармоқ хўжаликда янги инновацион технологиялардан унумли фойдаланилиб, ишга илмий ёндашилади. Фермер хўжалиги миришкорлари жорий йил ғалла мавсумини ҳам муваффақиятли якунлашди. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида 105,3 гектар майдондан салкам 300 тонна сифатли ҳосил етиштирилиб, режа 114,6 фоизга бажарилди.Шуни айтиш керакки, «Роҳатой» фермер хўжалигида O’zLiDeP ташкил этилган йилиёқ бошланғич ташкилотга асос солинган эди. Эндиликда ушбу БПТ аъзолари ўз фаоллиги ва ташаббускорлиги билан кўпчиликка ўрнак бўлаяптилар. Хусусан, партиямизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш билан боғлиқ дастурий вазифалари ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. 20 нафар партия аъзоси жам бўладиган БПТ хонаси партия ҳаётига оид ҳужжат ва қўлланмалар, даврий нашрлар, сиёсий адабиётлар билан  таъминланган. Энг муҳими, жамоада сўз ва иш бирлигини таъминлаш учун барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. – Хўжалигимиз аъзолари мустаҳкам эътиқодли, эл-юрт манфаати йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга бел боғлаган кишилардир, – дейди БПТ фаолларидан бири, иш бошқарувчи Абдуманноп Маъмиров. – Амалий саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, уларда сиёсий жараёнларга қизиқиш тобора кучаймоқда. Жамоада соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда ушбу фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари туман кенгаши депутати, O’zLiDeP туман кенгаши раиси Авазбек Тешабоевнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш жоиз. – Партиявий фаолият бизни тинимсиз ҳаракатда бўлиш, омилкорлик билан иш тутишга ўргатди, – дейди БПТ раиси. – Эндиликда биз яратилган имкониятлардан фойдаланиб, мева-полиз маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш ва «Агробанк»нинг туман бўлимидан олинадиган кредит эвазига мевани қайта ишлаш технологияларини харид қилишга бел боғладик. Агар ушбу режамиз амалга ошса, ички ва ташқи бозорга сифатли мева шарбати чиқариш ҳамда 100 га яқин янги иш ўрни яратиш имконига эга бўламиз.Бошланғич ташкилот айни пайтда ўз фаолиятини таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳам яқин ҳамкорликда олиб бормоқда. Жумладан, Қува қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқув жараёнларини такомиллаштириш, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун барча чоралар кўрилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган «Ташаббус-2012» кўрик-танловида «Роҳатой» фермер хўжалиги «Ёшларга энг кўп иш ўринлари яратган фермер хўжалик» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритгани ҳам бежиз эмас. Кези келганда айтиш керакки, фермерлик ҳаракати учун яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган хўжалик соф фойданинг каттагина қисмини ҳомийлик ва хайрия тадбирларига сарфламоқда. Ҳудуддаги болалар боғчалари ва умумтаълим мактаблари, кам таъминланган оилалар ҳам эътибордан четда эмас. Шундай бўлса-да, БПТ фаолиятида айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, бу борада юқори партия ташкилотларига таклифлар тайёрлаш, депутатлик гуруҳлари билан ишлаш борасида сусткашлик кўзга ташланади. Бундан тегишли хулоса чиқарилиши лозим, албатта. Демоқчимизки, ғоявий-сиёсий ишларни кучайтириш, юқори бўғин билан алоқаларни кенгайтириш, жойларда  партиявий фаолликни ошириш учун мавжуд ички имкониятлар тўла ишга солинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,«XXI ASR» 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме