03:30 12.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ҳаммаси кадрларга боғлиқ

     Оқолтин туманида 900 нафардан зиёд O’zLiDeP аъзоси бўлиб, улар 24 та бошланғич ташкилот атрофига уюшган ҳолда фаолият олиб бормоқдалар. «Юсуп» фермер хўжалиги қошидаги БПТ ана шуларнинг бири бўлиб, ташкилотга ўз тақдирини Мирзачўлни обод қилиш билан боғлаган инсон Эргаш Юсупов етакчилик қилмоқда.

      – Давр сиёсий қарашларимизни тубдан ўзгартирмоқда, – дейди партия фаолларидан бири, «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари нишондори Шавкат Умматов. – Мен буни Эргаш ака тимсолида ҳам кўраман. У ҳам халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, ҳам O’zLiDeP туман Кенгаши раиси сифатида жамоатчилик ишларида фаол иштирок этаяпти. Шу туфайли одамлар меҳрини қозонди. Унинг саъй-ҳаракати билан кўплаб хонадонларда «зангори олов» порлади, тупроқ кўчаларга шағал тўкилиб, обод қилинди. Қисқаси, нафақа ёшидаги отахоннинг ғайратига ҳар қанча ҳавас қилиш мумкин. У кўнгил амрига қулоқ тутиб, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ ушбу хўжаликни ташкил этган эди. Меҳнат ва изланишлари беиз кетмади. «Юсуп» фермер хўжалиги бугун иқтисодий жиҳатдан ўзини тиклаб олган, ҳар соҳада илғор. Биргина ўтган йили давлатга 66,7  тонна пахта, 131,2 тонна ғалла сотиб, бу борадаги режаларни ортиғи билан бажарди.

       Шу кунларда ҳам фермер хўжалигида иш қизғин. Деҳқонлар муҳим агротехник тадбирлар билан банд. Мавжуд 29 гектар майдондаги ғўза ниҳоллари тўртинчи ишловдан чиқарилган бўлса, 42 гектарни эгаллаган буғдойзорлар кўзни қувонтиради.

        Айтиш жоизки, кадрларни тарбиялаш, уларнинг ғоявий-сиёсий дунёқарашини кенгайтиришда бошланғич партия ташкилотининг ҳиссаси катта бўлаётир. Биргина мисол. 2006 йилда ушбу хўжаликда бош ҳисобчи сифатида иш бошлаган ёш мутахассис Эркин Юсупов партиявий муҳитда ўсди ва чиниқди. Интилганга — толе ёр, деганларидек, 

     2011 йилда ўтказилган O’zLiDeP туман Кенгашининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида 35 ёшли Э.Юсуповга катта ишонч билдирилди, яъни у бир овоздан Кенгаш раислигига сайланди. Ҳозирда у «Эл-юрт ҳурмати» нишондори Маъмур Жунов, Бахтиёр Синдаров, Абдуқаҳҳор Худойбердиев каби фаоллар кўмагига таяниб, партиявий-сиёсий ишларни такомиллаштириш йўлида астойдил хизмат қилмоқда.

       – Бошланғич ташкилотлар кучи омма билан ҳамкорликдадир, – дейди Эркин Юсупов. – Шу боис ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаяпмиз. Жойларда партиявий-сиёсий ишлар кучайтирилмоқда. Биз эришилган натижалар билан чегараналиб қолмаслигимиз лозим, албатта. Чунки давр олдимизга янгидан-янги вазифаларни қўймоқда.    Шундай экан, партия келажаги учун малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг билим ва савиясини ошириб бориш биринчи даражали вазифамизга айланиши лозим.

        Бу фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ, албатта. Зеро, партиямизнинг эртанги куни асосан кадрларга боғлиқдир. Шундай экан, улар ҳақида ҳозирдан қайғуриш, партия сафларини иқтидорли ёшлар ҳисобига кенгайтириб бориш талаб этилади.

      O’zLiDeP фаоли, 70 ёшли Эргаш Юсуповнинг бу жиҳатдан кўнгли тўқ. От ўрнини той босар, деганларидек, бугун унинг кўплаб шогирдлари ғоявий-сиёсий жараёнларда фаол қатнашиб, ўз имкониятларини амалда намоён этмоқдалар. Шунинг ўзи бир инсон учун катта бахт эмасми, ахир!

 «XXI-asr»
ижтимоий-сиёсий газетаси

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме