10:30 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ҳамкорликнинг янги босқичи

                    


 Юртбошимиз таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги азалий алоқаларнинг янги босқичини бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Зотан, мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қилаётган халқаро кузатувчилар ҳам ташриф якунлари бўйича ана шундай хулосалар билдираётганлари бежиз эмас.

 Айниқса, стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация, Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартномага қўшилиш бўйича истиқболдаги қўшма чора-тадбирлар ҳақидаги англашув меморандуми қандай аҳамиятга эга экани уларнинг номидан ҳам кўриниб турибди.

Маълумки, Россия Ўзбекистоннинг доимий иқтисодий  ҳамкорларидан бўлиб, 2011 йилда ўзаро савдо ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 9 фоизга ўсиб, 6,7 миллиард АҚШ долларини ташкил этганини ҳам Ўзбекистон-Россия муносабатларининг нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатмоқда.

Музокаралар чоғида алоҳида таъкидланганидек, бугун мамлакатларимиз орасида ҳал этиб бўлмайдиган муаммолар ёки ўтиб бўлмайдиган бирор бир тўсиқнинг ўзи йўқ. Халқларимиз ўртасидаги азалий ришталар, маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар узоқ йиллар давомида ана шундай ишончли ҳамкорликнинг мустаҳкам замини бўлиб келмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистонга чегарадош бўлган Афғонистондаги вазият ва ана шу жафокаш мамлакатда юз бераётган воқеалар ривожи таҳлилига ҳар бир учрашув ва мулоқотда алоҳида эътибор қаратилиши ҳам анъана тусини олганини таъкидлаш лозим. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, 30 йилдан буён уруш бўлаётган ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оёққа туриши минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги энг асосий омиллардандир.

Бир сўз билан айтганда, самимий ва дўстона руҳда ўтган музокаралар ва уларда эришилган муҳим келишувлар ўзаро ишончли ҳамкорликни янада кенгайтиришдан, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқалари барқарор ва изчил ривожланишидан Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам бирдек манфаатдор эканидан далолат беради.

Барно АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме