15:15 11.02.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ҳамкорлик кучайтирилиши керак.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги мажлисида парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг 2010 йилдаги фаолияти атрофлича муҳокама қилинди.

Маълумки, мазкур институт илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти  ташаббуси билан Олий Мажлиснинг V сессиясида таъсис этилган эди. Ўтган давр мобайнида парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили мақоми тўлиқ шакллантирилиб, фаолиятининг ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилди. 2004 йилга келиб янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши мазкур институт фаолиятининг асосий йўналишларини, бу лавозимга сайлаш ва озод қилиш тартиби, фуқароларнинг ариза ва мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ваколатларини белгилаб берди. Мажлисда таъкидланганидек, 2010 йилда ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида самарали ишлар олиб борилди.

Юртбошимизнинг 2010 йилнинг 27 январидаги дастурий маърузасида белгилаб берилган вазифалар ҳамда 12 ноябрда эълон қилинган Концепцияда кўзда тутилган талаблар Омбудсман фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришлар ясади. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сайёра Рашидованинг таъкидлашича, ўтган йилда Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда уни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Омбудсман 25 га яқин қонун лойиҳаларини тайёрлашда фаол иштирок этди. Хусусан, кейинги уч йил мобайнида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб борилди. Буларнинг барчаси Омбудсманнинг жамиятни демократлаштириш ва модернизациялаш жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтирди.

Фракция аъзолари таъкидлашларича, ушбу вакиллик институтининг ўтган йиллардаги иш жараёни инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида фаолият юритувчи давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилди.

— Омбудсманнинг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари борасидаги мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда тиклаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилишга қаратилган фаолияти айниқса эътиборга молик, — деди Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Нуриддин Муротов. — Биргина ана шу мақсадга қаратилган ишлар доирасида 10619 та мурожаат ўрганилиб, уларга тегишли жавоблар қайтарилди. O`zLiDeP ушбу вакиллик институтининг бу борадаги ишларини доимо қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз электорати ҳисобланган тадбиркор, фермер ва кичик бизнес субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясида унинг кучидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Муҳокама жараёнида O`zLiDeP фракцияси аъзолари тадбиркорлар ва фермерларнинг Омбудсман институтига мурожаат этиш масалаларига қизиқиб, ушбу йўналишда Вакил томонидан кўрилган чоралар натижаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ўтган йили инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни таъминлаш масалалари билан боғлиқ 2951 та мурожаат келиб тушган. Улар ўз вақтида назоратга олинган. Шунинг учун ҳам O`zLiDeP фракцияси аъзолари Омбудсман фаолиятига муҳим аҳамият бериб, унинг инсон ҳуқуқлари борасидаги ишларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар. Депутатларнинг фикрича, тадбиркорлик соҳаси бўйича вакилга келиб тушаётган аризалар моҳиятини ўрганишда Олий Мажлиснинг парламент эшитуви функциясидан фойдаланиш яхши самара бериши мумкин.

Фракция аъзолари, шунингдек, биринчи ўқишда муҳокамага киритилаётган «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.

Жиноат-процессуал кодексининг 220-моддасига кўра, ушлаб туриш, жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсни унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетиши, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатга (3 ёки 5 кунгача) озодликдан маҳрум қилишдан иборатлиги белгиланган. Бунда ушлаб турилган ёки қамоққа олинган шахс ички ишлар бўлимларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ёхуд тергов ҳибсхоналарида стационар тартибда, кузатиш зарурияти туғилганда эса қамоқда сақлаш учун мослаштирилган тиббий муассасаларда сақланадилар.

Бироқ амалдаги кодексда фақатгина ушлаб турилганларни сақлаш тартиби ва шароитларига оид, бошқа қонунга ҳавола қиладиган бир нечта умумий нормаларгина мавжуд бўлиб, қамоққа олинганлар ва тиббий муассасаларга жойлаштирилганларга нисбатан бундай қоидалар мавжуд эмас.
8 боб, 56 моддадан иборат ушбу қонун лойиҳаси эса айнан ана шундай ҳолатларга барҳам бериш ва бу борадаги қонунчиликни бир тизимга солиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. Унда ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларнинг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қамоқда сақлаш жойларидаги ички тартиб-қоидалар каби бир қатор тушунчалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

   Мажлисда «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Қонун лойиҳаси Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Мажлисда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, партиянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.


Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме