17:00 19.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҲУҚУҚНИ ҚЎЛЛАШ АМАЛИЁТИДАГИ ЯНГИ УСЛУБ

 Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий экспертиза ўтказиш юзасидан Ишчи комиссиясининг сайёр йиғилиши ҳамда «Фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг ташкилий механизмларини янада такомиллаштириш» мавзуида семинар ўтказилди. Тадбирда Ишчи комиссияси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.  Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳамедова сўзга чиқиб, ушбу тажриба давлатимизнинг қонун ижодкорлиги тарихи ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида илк бор ўтказилаётган янги услуб эканини таъкидлади. Жорий йилнинг охиригача уч босқичда амалга ошириладиган эксперимент нафақат Ишчи комиссияси ва давлат бошқаруви органлари, балки фуқаролик жамиятининг барча институтлари, биринчи навбатда, сўз эркинлигини таъминлашда холис минбар ҳисобланган оммавий ахборот воситалари зиммасига ҳам жуда катта масъулият юклайди.  Зеро, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларни зарур ахборот билан таъминлаш тизими изчил такомиллашиб бормоқда. Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳуқуқий тажриба бўйича ҳудудда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот бериб, бу жараён изчил ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади. Модомики уни ўтказиш чоғида тўпланган маълумотлар, таклиф ва тавсиялар қонун лойиҳасини маромига етказиш имконини беради. Маълумки, Президентимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да ушбу соҳани янада эркинлаштириш ҳамда демократлаштириш мақсадида миллий қонунчиликни такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилган эди. Хусусан, ушбу муҳим ҳужжатда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси илгари сурилганди.  — Янги қонун лойиҳасида жамоатчиликни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти юзасидан хабардор қилиш процедураси белгиланиб, аҳоли, жамоат бирлашмаларининг улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларига тааллуқли қарорлари тўғрисидаги ахборотлардан янада кенг фойдаланишини таъминлаш кўзда тутилган, — деди семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдурашид Жўрабоев. — Ушбу ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижро ҳокимияти органларининг қарорлар сифати учун жавобгарлигини ошириш баробарида жамиятимизда фикрлар хилма-хиллиги, сўз ва ахборот эркинлигини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Муҳокамалар чоғида Олий Мажлис Сенати аъзоси, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» гезеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев, Давлат солиқ қўмитаси Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Сулаймон Ҳусаинов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Самарқанд вилоят худудий бўлинмаси раҳбари Азамат Пардаев ҳам сўзга чиқиб, ҳуқуқий тажрибанинг турли йўналишлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.  Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири Дилмурод Дўстмуродовнинг фикрича, Фуқароларнинг давлат органлари фаолияти тўғрисида эркин ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқарилиши мураккаб ва кўп қиррали жараёндир.  Ҳуқуқий эксперимент жараёнида ижтимоий муносабатларнинг бевосита ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинадиган қисминигина эмас, балки журналистлар касбий фаолияти соҳасининг ёзилмаган қоидалар билан тартибга солинадиган ўзини ўзи бошқариш принципларига – касб этикаси кодексларига, ўзаро ишонч принциплари ва бошқа шу сингариларга асосланган муносабатлар ҳам синовдан ўтказилади. Бошқача айтганда, ОАВ, журналистларнинг профессионал уюшмалари қабул қилинаётган янги ҳуқуқий нормалар билан бир қаторда демократик принципларга асосланган ва миллий маданиятга мос замонавий ахборот бозори шароитларида ўз ишининг сифати учун жамият олдидаги масъулиятини ҳам зиммага олиш механизмларига асосланган ўз нормаларини яратишлари керак бўлади.  Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манноб Ибодуллаев Бухоро ва Самарқанд вилоятларида фуқароларнинг маҳаллий бошқарув органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни белгиланган муддатларда ва батафсил олиш ҳуқуқи тўлиқ кафолатлаб қўйилаётганини таъкидлади. Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар сўрови улар рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. ОАВларнинг эксперимент ўтказилаётган субъектлар фаолияти тўғрисидаги, шунингдек, эксперимент ўтказилаётган субъектларнинг мансабдор шахслари билан интервью ташкил этиш ҳақидаги сўрови етти кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг маҳаллий давлат ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун сўровларни ёзма, электрон ва оғзаки шаклда, шунингдек, ўз вакиллари орқали йўллаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилмоқда.  — Президентимизнинг мазкур қонун лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказишга оид фармойишининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг янги ҳуқуқий амалиётида ноёб тажрибадир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Фаҳриддин Зоиров. — Ушбу эксперимент қонун лойиҳаси нормаларини янада такомиллаштириш, демократик принципларга асосланган янги ҳуқуқий ҳужжатларни синовдан ўтказиш услубини қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жорий этиш учун қўшимча имкониятлар очиб беради. Шуниси эътиборлики, мазкур услуб сўз ва ахборот эркинлиги, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасида илк бор қўлланилмоқда. Бу, шубҳасиз, фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни янада кенгайтиришга хизмат қилади. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме