13:17 11.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҲОКИМ ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ БЕРДИ

Халқ депутатлари Олтиариқ тумани Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида туман ҳокими А.Бўтаевнинг “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.

Давлат дастурида аёллар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан белгиланган вазифалар бўйича туманда амалга оширилаётган чора-тадбирлар депутатлар диққат марказида бўлди. Шунингдек, аёл тадбиркорларга, ишловчиларнинг асосий қисми хотин-қизлар бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, касб-ҳунар коллежларининг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ниятида бўлган битирувчиларига имтиёзли кредитлар ажратиш масалаларига катта эътибор берилди.

Ҳоким ҳисоботида қайд этилганидек, аёллар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун тижорат банклари 12 та тадбиркорлик субъектига 200 млн. сўмдан ортиқ кредит ажратган.

Ёшларни, жумладан, ёш оилаларни кичик бизнесга жалб этиш мақсадида тижорат банклари, касб-ҳунар коллежлари ва “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси амалга оширилган. Ёшларни бизнес юритиш, молиявий ресурсларни тўғри тақсимлашга ўргатиш, ёш оилаларнинг оилавий бизнесни ривожлантириш учун кредит ва грантлар олишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳат марказлари ташкил этилмоқда.

Жорий йилда тумандаги 7 та касб-ҳунар коллежини 3338 нафар йигит-қиз тамомлади. Давлат дастурига мувофиқ, туман ҳокимлиги уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадлар учун тижорат банкларининг 800 млн. сўмдан ортиқ кредит ресурсини йўналтириш назарда тутилмоқда. Кредит олишда ёшларга кўмаклашиш, маблағдан унумли фойдаланиш мақсадида 1,8 минг битирувчи ўзи ўқув амалиётини ўтаган корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъекларидаги устозларга бириктирилди.

Шунга қарамай, давлат дастури талаблари муваффақиятли бажариляпти, деб бўлмайди. Масалан, қишлоқ жойларда маиший хизмат кўрсатишнинг биттадан намунавий комплексини очиш масаласида туманда бир қанча лойиҳа белгиланган бўлса-да, бу ишлар ҳанузгача оқсаб келмоқда. Хусусан, Буғдойчи МФЙда “Материк, Коинот, Фазо” савдо маркази ҳузурида маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси фаолиятини йўлга қўйиш ишлари белгиланган муддатдан орқада қолмоқда.

Қиймати 200 млн. сўмлик бу лойиҳани амалга ошириш учун корхона маблағларидан 175 млн. сўм, банк кредити ҳисобидан 75 млн. сўм сарфланиши кўзда тутилган.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш учун имтиёзли кредитлар билан таъминлашда ҳам жиддий муаммолар мавжуд. Масалан, ёшлар “Микрокредитбанк”нинг Олтиариқ филиалида кредитларни расмийлаштиришда ортиқча оворагарчиликларга дуч келмоқда.

Йиғилишда сўзга чиққан депутатлар Б.Элчиев, Қ.Юсупов, тадбиркор С.Ҳожикамолова муҳокама этилган масала юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини баён этди. Жумладан, С.Ҳожикамолованинг ўз маблағи ва банк кредити ҳисобидан Файзиобод қишлоғида маиший хизмат мажмуаси ташкил этиш борасидаги ташаббуси туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланиб, бунинг учун ер участкаси ажратиш масаласи яқин кунлар ичида ҳал этилиши билдирилди.

Депутатлар O‘zLiDePнинг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан ўз таклифларини баён этди.

Шунингдек, туман ҳокими депутатлик гуруҳининг давлат дастурига асосан туманда сервис хизмати кўрсатадиган 155 та шохобча очиш орқали қарийб 500 та янги иш ўрни яратиш таклифини маъқуллади ва буни амалга ошириш учун тегишли чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилди.


O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаш
Матбуот хизмат

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме