20:46 06.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ЭМАС. АЙНИҚСА, АЁЛЛАР
— «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш борасидаги ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгаши депутати, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова.
Таъкидлаш жоизки, вилоятдаги 20 мингдан ортиқ партиядошимизнинг 7913 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг 92 нафари қуйи бўғинларга етакчилик қилишмоқда. Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб партия электорати саналган 697 нафар тадбиркор ва фермер аёлнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини янада кенгайтиришга йўналтирилган туркум тадбирлар ўтказишга киришдик.
Зеро, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришда аёлларимиз ҳиссаси ҳам кун сайин ортиб боряпти. ¤тган 2013 йили тижорат банклари томонидан уларга 55 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилиб, шу ҳисобдан саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатиш соҳаларида бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.
Кейинги ойлар давомида эса халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиялари кун тартибига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, банк пластик карточкаларидан фойдаланиш тизимини яхшилаш, хотин-қиз фермерлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ўндан зиёд масала киритилиб, ижобий ҳал этилди. Бу борада «Аёллар қаноти»нинг депутатлик корпуси билан ҳамкорлиги яхши самара бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
O`zLiDeP вилоят кенгаши раиси ўринбосари Гулнора Холматованинг фикрича, тадбиркорлик соҳасида иш юритиш истагида бўлган аёллар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига бизнес-режа тузиш, тижорат банкларидан кредит олишда ҳам ана шундай ҳамкорликдан унумли фойдаланилмоқда.
— Бунда ижтимоий шерикчилик тамойили жуда қўл келяпти, — дейди суҳбатдошимиз. — Хотин-қизлар қўмитаси, «Тадбиркор аёл», «Ҳунарманд» уюшмалари, «Олтин мерос» хайрия жамғармаси ва бошқа бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вилоят ҳудудий бўлимлари билан «Устоз — шогирд» мактабларида юзлаб қизларга касб-ҳунар сирлари ўргатилиб, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш чоралари кўрилмоқда.
— Барқарор даромад манбаига эга бўлиш нафақат ҳар бир оила, балки жамият учун ҳам жуда муҳимдир. Шу маънода «Аёллар қаноти»нинг «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари», «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага» лойиҳалари жойларда катта қизиқиш уйғатаётир, — дейди O`zLiDeP вилоят кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари Матлуба Жўраева. — Агар 2012 йили Қумқўрғон туманидаги «Азамбой Очилбой» хусусий корхонаси раҳбари Зулфия Чориева, жарқўрғонлик Дилафрўз Каримова, шерободлик тадбиркор Сайёра Воҳидованинг бизнес лойиҳалари «Аёллар қаноти» кўмагида молиялаштирилган бўлса, «Обод турмуш йили»да «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага» лойиҳаси доирасида опа-сингилларимизга 140 млн. сўм миқдорида кредит олишда ёрдам кўрсатилди. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизлар ўртасида бандлик даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.
Бир сўз билан айтганда, сурхондарёлик опа-сингилларимизга хос бўлган интилиш ва изланишлар ўз самарасини бермоқда. Зеро, тадбиркор ва ишбилармон аёллар бошини қовуштириш, уларни эзгу мақсадлар сари руҳлантириш O`zLiDePнинг дастурий вазифаларидан биридир. Сурхондарёда унинг ижросига нечоғлиқ масъулият билан ёндашилаётганлигини юқоридаги фикрлар ҳам тасдиқлаб турибди.
Наргиза ҚАҲҲОРОВА,"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 6 март, 09 (537)-сон
Обсудить новость на Форуме