18:01 08.08.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҲАВАС ҚИЛИНГ, БИЗ, ИСТИҚЛОЛ ТЕНГДОШЛАРИГА

Мустақиллик – имконият дегани. Истиқлол йилларида ана шу имкониятдан кенг фойдаланаётган ҳур ва озод янги авлод вояга етди. Бу янги авлоднинг фикрлаши, қараши, интилиши, изланиши ўзгача. Бундай тенгдошларим билан ҳар қанча фахрлансам арзийди. Ҳавас қилишга муносиб шу ёшлар орасида ўзимнинг ҳам борлигимни ҳис қилиб яшаш нақадар шукуҳли.Мен нурчилар шаҳри Ширинда туғилиб вояга етдим. Вилоятимизда ўзбек қизлари орасида биринчилардан бўлиб спортнинг академик эшкак эшиш тури билан шуғуллана бошладим. Спорт учун ўқишни иккинчи даражага қўймадим. Умумтаълим мактабини тамомлаб, Ширин энергетика ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежига ўқишга кирдим. Коллежда ўқиб юрган кезларимда “Келажак овози” иқтидорли ёшлар танловининг республика босқичида ғолиб бўлдим. Ўзбекистон кубоги ва чемпионатларида фаол иштирок этиб, бир неча бор совриндорлар қаторидан жой олдим.  Камтарона хизматларим эвазига Гулистон давлат университетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиндим. Мен буни ҳеч муболағасиз мустақил ҳаётга қадам қўйишимдаги қўлга киритган илк жиддий ғалабам, деб ҳисоблайман. O‘zLiDeP вилоят Кенгаши фаоли сифатида барча тадбирларда фаол иштирок этиб келяпман. Юртимиздаги ривожланишлар, олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини янада чуқурроқ англашим учун партия дастурини яхши ўрганганим қўл келяпти. Фикримча,  биз каби иқтидорли ёшлар партия учун жудаям зарур. Зеро, унинг дастурида партия инсон маънавий салоҳиятининг узлуксиз ўсишини таъминлашга интилиши алоҳида қайд этилган. У замонавий илмий билимлар билан қуролланган ва баркамол инсонни шакллантиришга хизмат қиладиган таълимнинг янги миллий моделига тўлиқ ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлайди ва унда фаол иштирок этади. Чунки юксак илмий салоҳиятга эга бўлган кишилар, давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган тараққийпарвар ва обрўли илмий мактабларгина жамиятнинг гуллаб-яшнашини таъминлаши мумкин. Шунинг учун ўз келажагимни мазкур партия орқали бунёд этишимга ишонаман.Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишга алоҳида аҳамият берилаётгани ҳаётимдаги яна бир қувончли воқеага сабаб бўлди. Спорт соҳасидаги эришган ютуқларим юқори баҳоланиб, Зулфия  номидаги мукофотга сазовор бўлдим. Вилоятимизда спорт соҳасида сезиларли ютуқларга эришган мен каби “Зулфия”чи тенгдошларим талайгина. Шахмат бўйича 14 карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори Сарвиноз Қурбонбоева ҳамда таэквандо бўйича бир неча бор Осиё ва мамлакат чемпиони Малика Нарзуллаевага, очиғи, ўзимнинг ҳам жуда ҳавасим келади.Бугун тенгдошларим таълим, санъат ва адабиёт соҳаларида ҳам ўз иқтидорларини намойиш этиб келмоқда. Масалан, бу йил вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернат битирувчиси Шоҳсанам Бойчибоева Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медалини қўлга  киритиш бахтига муяссар бўлди. Шаҳноза Шамсиддинова, Севара Шерқулова, Шоҳсанам Қаюмова, Асал Неъматова каби ҳаётдан завқланиб илҳом олган тенгдошларим эса аллақачонлар адабий давраларда танилиб, илк китобларини нашрдан чиқаришга улгуришди. Биз ёшлар эришаётган бу мувафаққиятлар замирида, албатта, истиқлолимиз бераётган, яратаётган имкониятлар ётганини яна ва яна такрорлагим келади. Аслида ҳам қайси жамиятда ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кучли бўлса, ўша юртда ўсиш, ривожланиш, янгиланиш  кўзга ташланади. Бу борада биз ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз, дея тенгдошларим билан  янада улуғвор ишларга бел боғлашимиз учун юртимизда тўлиқ асос ва имкониятлар мавжуд. Севара Мирзабекова, Гулистон давлат университети талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, O‘zLiDeP  Сирдарё вилоят Кенгаши “Ёшлар қаноти”фаоли

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме