21:30 24.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

 Абдуҳолиқ ЖАББОРОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасиАграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси
Президентимиз Ислом Каримовнинг Озарбайжонга расмий ташрифи, авваламбор, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, аввалги келишувларни тўла амалга ошириш, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли бўлди.Айниқса, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларнинг атрофлича муҳокама қилингани O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади, албатта. Чунки мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг янги босқичи, шубҳасиз ҳар икки давлат ишбилармон доиралари учун муҳим аҳамиятга эгадир.Жумладан, бугун озарбайжонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан бизга нефть-газ саноатида қўлланиладиган асбоб-ускуналар ва улар учун эҳтиёт қисмлар, нефть-кимё саноати маҳсулотлари таклиф этилаётган бўлса, айни пайтда Ўзбекистон корхоналари Озарбайжонга замонавий енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, кенг турдаги электротехника, кимё саноати, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, цемент ва қурилиш материаллари, минерал ўғит ва бошқа товарларни етказиб бермоқда.Масалан, Озарбайжонда “GM Ўзбекистон” корхонасининг “Шевроле” бренди остида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларига талаб юқори. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган «ЎзКласс-Агро» қўшма корхонаси ва «Тошкент трактор заводи» очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган комбайн ва тракторларни, шунингдек, турли минерал ўғитлар етказиб беришни йўлга қўйиш яхши истиқболга эга эканини таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари, кейинги беш йилда Озарбайжонга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қарийб 4,5 минг автомобиль етказиб берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги “МАН” ва “Исузу” корхоналари базасида ишлаб чиқарилаётган автобуслар, оғир юк автомобиллари, махсус техника, шаҳар коммунал хўжалиги техникаси, шу жумладан, ўт ўчириш машиналари, сув сепиш ва суғоришга мўлжалланган машиналар, юк кўтаргичлар ва бошқа техника воситаларини етказиб беришни йўлга қўйиш ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидандир. Айни пайтда эса “СамАвто” корхонасида ишлаб чиқарилган 400 дан ортиқ автобус Озарбайжон йўловчи ташиш тизимида хизмат қилаётгани ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг истиқболи эканини кўрсатиб турибди.Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Озарбайжонга амалга оширган самарали ташрифи кўп қиррали стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги қадам бўлди. 
Сурайё ОДИЛХЎЖАЕВА,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари
Юртбошимизнинг Озарбайжонга ташрифи чоғидаги олий даражадаги музокараларда Марказий Осиё ва Кавказ минтақалари ўртасидаги транспорт йўлакларини ривожлантириш  истиқболлари ҳам атрофлича муҳокама қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу йўлакнинг аҳамияти шундаки, унинг ишга туширилиши Қора денгиздаги Поти ва Ўртаер денгизидаги Мерсин (Туркия) бандаргоҳлари орқали Европа мамлакатларига чиқиш имконини беради. Бу ўз навбатида партиямиз электорати бўлган ишбилармон доираларининг ташқи савдода янада эркин ҳаракатланишини таъминлайди, Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини эса оширишга хизмат қилади.Шу боисдан ҳам бу йўналишда Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия темир йўлларини Туркия темир йўллари тизими билан боғлайдиган ва Мерсин бандаргоҳи орқали Ўртаер денгизига чиқиш имконини берувчи “Навоий — Туркманбоши — Боку — Тбилиси — Карс” (Туркия) темир йўл транспорт йўлагидан фойдаланишга мамлакатимизда ҳар томонлама манфаатли лойиҳа сифатида қаралмоқда.Ўтказилган музокараларда томонлар “Боку — Тбилиси —  Карс” темир йўли лойиҳасини амалга ошириш транспорт ва коммуникацияга оид лойиҳалар учун тамомила янги шароит яратишни, бу анча қисқа ва иқтисодий нуқтаи назардан самарали янги транспорт йўналишини барпо этиш имконини беришини таъкидладилар. Бир сўз билан айтганда, ана шу сингари истиқболли лойиҳалар биринчи галда юртимизда тадбиркорлик муҳитининг янада кенг қулоч ёзишини таъминлайди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини четга экспорт қилиш имкониятини кенгайтиради. Бу эса ялпи ички маҳсулотдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушининг ортиши ва товар айланмасининг кўпайишига сабаб бўлиб, юртимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.  

«ХХI asr»  ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме