21:00 31.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҲАЁТИМИЗ МУСТАҚИЛЛИК БИЛАН ЧАМБАРЧАС БОҒЛИҚ

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази томонидан туман-шаҳар бошланғич партия ташкилотларида “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида бир қатор маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Тадбирларда мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотлар, уларнинг халқимиз ва жамиятимиз ҳаётидаги аҳамияти, улкан янгиланишлар ва ўзгаришлар ҳақида сўз юритилмоқда. Бу жараёнда O‘zLiDeP томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар бериляпти. 

- “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида партия фаоллари, БПТлар раислари ва аъзолари иштирокида ташкил этилаётган учрашувлар, давра суҳбатлари уларнинг маънавий, сиёсий, ижтимоий билим ва савияларини янада оширишда катта аҳамият касб этаётир, - дейди Сиёсий таълим маркази раҳбари Эркин Аҳмедов. - Зеро, улар жамият  ва партия дастур-ғояларини оммага тўғри етказиш, партия фаоллари ва хайрихоҳлари ўртасида ғоявий-сиёсий тарбияни кучайтириш йўлида иш олиб боради. Онгли ва фаол инсонгина барча қийинчиликларни енгиб, мустақил Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига ва халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Мазкур ғоя O’zLiDeP дастурида алоҳида таъкидлаб ўтилган ва бугун у ҳаётда ўз исботини топмоқда. 

Боёвут тумани марказий шифохонасидаги БПТ раиси Моҳира Отамуродова истиқлолимизнинг 22 йиллик шодиёнасини барча қатори тиббиёт ходимлари ҳам ўзгача байрамона руҳда қарши олаётганини билдирди. 

“Зеро, истиқлол шарофати билан юртимизда тиббиёт соҳасида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Ўз ўрнида партиямиз ҳам инсон саломатлиги, ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда юртимизда соғлиқни сақлаш ривожи, оналик ва болаликни ҳимоялаш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида фаол курашмоқда”, - дейди М.Отамуродова. 

Гулистон туманидаги Аҳмад Яссавий маҳалласи маслаҳатчиси, партия фаоли Дилбар Ҳаитова Мустақилликни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини бугун ёшу қари бирдек ҳис қилаётганини таъкидлади.

“Дунёда юз бераётган сиёсий ўзгаришлар, фуқаролик урушлари, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилаётгани бизларни янада огоҳликка, ҳушёрликка даъват этади. Шундай обод ва фаровон турмушимизга кўз тегмасин, тинчлигимиз барқарор бўлсин, - дея ўз фикрларини баён этди Д.Ҳаитова. 

Республика санъат фестивали кумуш медали совриндори, “Келажак овози” кўрик танлови республика босқичи ғолиби Сабоҳат Мустафоқулова мустақиллик тенгдоши. 

- Шу боис ҳаётим, ижодим мустақиллик билан чамбарчас боғлиқ, - дейди партиянинг ёш фаоли. - Мустақиллик шарофати билан мендек бир ҳаваскор рассом қизнинг ижод намуналари халқаро кўргазмаларда таниқли рассомлар ижоди билан бир қаторда намойиш этилмоқда. 

Тадбирларда “Ўзбекистон, дея аталур” ва “Менинг мамлакатим” номли альбомлар тақдимоти ҳам ўтказиляпти. Бу альбомларда юртимиз босиб ўтган шарафли тараққиёт йўли фотосуратлар орқали тасвирлаб берилган. Альбомлардан ўрин олган “Ислом Каримов - Ўзбекистон Республикаси Президенти”, “Президентга мактублар” номли мақолалар барчада катта таассурот қолдирмоқда.

Сиёсий таълим маркази томонидан ўтказилаётган “Қадр қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остидаги маърифий тадбирлар 30 августга қадар  давом этади.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят КенгашиМатбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме