17:45 18.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Қуйи бўғинларда Депутатлар нега бошланғич ташкилотларни четлаб ўтаяптилар?
Наманган вилоятида O`zLiDeP бошланғич ташкилотлари сони 687 тага етди. O`zLiDeP вилоят кенгаши мутасаддиларининг фикрича, бу муҳим ишда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлик яхши самара бермоқда. Айниқса, Савдо-саноат палатаси, «Маҳалла» жамғармаси, «Камолот» ЁИҲ бўлимлари билан биргаликда ўтказилаётган тадбирлар O`zLiDeP илгари сураётган ғоя ва дастурий вазифаларни кенг тарғиб этишда қўл келмоқда. — Яқинда халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашига 20-Машраб сайлов округидан депутатликка сайланган фаолимиз Солихон Мўминов саъй-ҳаракати билан вилоят кардиология марказидаги бошланғич ташкилотга яна 20 нафар тиббиёт ходими аъзоликка қабул қилинди, — дейди O`zLiDeP вилоят кенгашининг БПТлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Фарҳоджон Аҳмедов. — Бу, албатта, депутат фаолияти орқали партияга билдирилаётган ишончдан далолат беради. Айни пайтда бошланғич ташкилот аъзолари сони 69 нафарга етди. Шу йилнинг май ойида эса Давлат мулки қўмитасининг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда «Қимматли қоғозлар бозоридаги муносабатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрни ва аҳамияти» мавзуида семинар ўтказдик. Тадбирдан кейин бошқарманинг 15 нафар ходими партия сафига қабул қилишларини сўраб ариза бердилар. Албатта, гап ўтказилган тадбирда эмас. Бу ана шу учрашувда партиянинг бугунги ишлари ва илгари сураётган ғояси кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланганини кўрсатади. Бу борада Тўрақўрғон туманида олиб борилаётган ишларни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Айни пайтда туманда партиянинг 43 та бошланғич ташкилоти бўлиб, улар атрофига 850 нафар маслакдош бирлашган. Жорий йилнинг ўтган даврида партия аъзолари сони 141 нафарга ортди. Бу туман даражасида катта кўрсаткич, албатта. Шу ўринда вилоятдаги бошланғич партия ташкилотлари раисларининг 218 нафарини аёллар ташкил этаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Аммо ана шундай ютуқларга қарамай, Норин, Чортоқ ва Мингбулоқ туманларида БПТлар билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан ҳам кўз юммаслик керак. Айнан ана шу туманларда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан қатор муаммолар сақланиб қолаётганига қарамай, партия фаоллари долзарб масалаларни ҳал этишда сусткашликка йўл қўймоқдалар. Туман кенгашлари, хусусан, маҳаллий кенгашдаги айрим депутатлар эса сайловлар даврида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган бошланғич ташкилотларни ҳатто эсламай қўйдилар. Биз юқорида вилоятда БПТлар сони 687 тага етганини тилга олдик. Агар вилоят кенгаши мутасаддилари, партия фаоллари ва депутатлар сайловлардан кейин бошланғич ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаганларида, балки бу кўрсаткич янада салмоқлироқ бўлармиди? Бундай ўзгаришларга ўз-ўзидан эришилмайди, албатта. Бунинг учун, энг аввало, туман ва шаҳар кенгашлари фаоллари, депутатлар корхона ва ташкилотларда партиянинг мақсад ва вазифалари изчил тарғиб этилиши ва аҳоли билан яқин алоқа ўрнатилиши лозим.
Обсудить новость на Форуме