16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Қуйи бўғинга юқори эътибор керак
O`zLiDeP Андижон туман кенгаши мутасаддилари диққатига!
— Партия сафида бўлиш биз, шифокорларни ҳам ғоявий-сиёсий жиҳатдан чиниқтирмоқда, — дейди Андижон тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори, бошланғич партия ташкилоти раиси Гулнора Давронова. — Зеро, юртимиз тараққиёти ва эл фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш ҳар биримиз учун муқаддас бурчдир. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, соҳада хусусий секторнинг улушини орттиришга кўмаклашиш ҳозирги кунда ҳар қачонгидан катта аҳамият касб этади. Буларнинг ҳаммаси электорат манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ, албатта.
Дарҳақиқат, тиббиёт бирлашмаси қошидаги бошланғич партия ташкилоти атрофига уюшган 37 нафар фаоллар либерал-демократик ғояларни тарғиб-ташвиқ қилиш, “Саломатлик-2” дастури ижросини таъминлашда фаол иштирок этишмоқда. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоиз. Кейинги йилларда тумандаги 25 та қишлоқ врачлик пункти энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди. Энди уларни бошқариш масаласи кўндаланг турарди. Бунинг ҳам чораси топилди. Андижон давлат тиббиёт институти қошида очилган малака ошириш курсида барча умумий амалиёт шифокорлари ўз билим ва малакаларини оширдилар. Натижада туман қишлоқларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маданияти тубдан яхшиланди. Эндиликда асосий эътибор “Саломатлик-3” дастури ижросини таъминлашга қаратилмоқда.
Либерал-демократик ғояларга содиқ маслакдошлар O’zLiDeP Дастурида белгиланган “Партия инсон саломатлиги, ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда соғлиқни сақлаш ривожи, оналик ва болаликни ҳимоялаш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида курашади”, деган сўзларни ўзлари учун ҳаётий шиорга айлантиришган. Шу мақсадга қаратилган изланишлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Натижада кейинги йилларда туманда аёлларнинг ўртача умри 67, эркакларники эса 73 ёшга узайди.
Партия аъзолари саъй-ҳаракати билан тиббиёт бирлашмасида маънавият хонаси ташкил этилган. Шу туфайли маънавий-маърифий, партиявий-ташкилий ишлар сифати яхшиланмоқда. Партия сафларида чиниққан фаолларга ишонч билдирилиб, улар депутатликка сайланмоқда. Масалан, қишлоқ врачлик пункти мудири Азимжон Тешабоев O’zLiDePдан туман кенгаши депутатлигига сайланди. Эндиликда у туман кенгашида партия электорати манфаатларини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Маълумки, ҳар қандай ғоя тарғиботида қатъият ва собитқадамлик амалий иш билан исботланиши лозим. Ана шундагина кўзланган мақсадларга эришиш мумкин. Бошланғич партия ташкилоти шифокор ва ҳамширалар ўртасида турли танловлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу борада “Мулкдор оила”, “Диплом билан — бизнесга” каби партиявий лойиҳалардан унумли фойдаланилаяпти.
Шу ўринда бошланғич партия ташкилоти фаолиятида айрим камчиликлар кўзга ташланаётганини ҳам тан олиш лозим. Чунончи, аксарият йиғилишларда муҳокама этилаётган масалалар анча жўн ва умумий. БПТ аъзоларининг барчаси ҳам сиёсий жиҳатдан фаол эмас. Улар ўртасида ташаббускорлик ҳам яққол сезилмаяпти. Партия туман кенгаши ана шундай ҳолатларни эътиборга олиб, бошланғич ташкилотга амалий ёрдамни кучайтирса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Илҳомжон ЭГАМНАЗАРОВ,
“XXI ASR”
Обсудить новость на Форуме