20:15 19.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Қонун такомиллаштирилиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалалалари муҳокама қилинди.Маълумки, «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонун 1995 йилнинг 30 августида кучга кирган бўлиб, ўтган давр мобайнида уни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.  «Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини Бош давлат инспекцияси тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ҳудудини карантиндаги заруркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлардан муҳофаза қилиш қоидалари тўғрисида»ги Низомлар шулар жумласидандир.Давра суҳбатида таъкидланганидек, ўсимликларнинг ташқи ва ички карантини бўйича давлат тадбирларини амалга ошириш, халқ хўжалигига зарар етказадиган зараркунандалар, ўсимлик касалликлари ва бегона ўтлардан муҳофаза этиш Ўсимликлар карантини Бош давлат инспекциясининг асосий вазифаси ҳисобланади. Мазкур инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари карантиндаги зараркунандаларнинг тарқалишига йўл қўймаслик ва уларни йўқ қилиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлашда мавжуд қоида ва нормаларга риоя этилиши устидан ҳам назорат олиб боради.— Ўсимликлар карантини Бош давлат инспекцияси ва унинг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан 2011 йил ва 2012 йилнинг олти ойи мобайнида карантин остидаги юкларни импорт ва экспорт қилишда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, — дейди инспекция бошлиғи вазифасини бажарувчи Фарҳод Зокиров. — 2011 йилда республикамизга чет элдан 2 млн. 295 мингта карантин остидаги юклар, 7 млн. 830 минг дона ҳар хил мевали ва манзарали кўчатлар, гуллар, қаламчалар, 2 млн. 738 минг квадрат-метр ва 100,6 минг тонна ёғоч материаллари, 19129 тонна уруғлик олиб келинган. 2012 йилнинг олти ойи эса жами 5446 та ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1794 та кўп импорт карантин рухсатномаси расмийлаштирилган.Шу давр ичида хориждан республикамизга 1 млн. 739 минг тонна карантин остидаги юклар, 1 млн. 201 минг дона ҳар хил мевали ва манзарали кўчатлар, гуллар, қаламчалар, 674 минг м3 ва 68,8 минг тонна ёғоч материаллари олиб келинди ва карантин назоратидан ўтказилди.– Мамлакатимизга хориждан ўсимлик кўчатлари ёки уларнинг уруғларини олиб келишда «Ўзбошдавкарантин» инспекциясининг Импорт карантин рухсатномаси (ИКР), чет элга экспорт қилинаётган карантин остидаги юкларда эса Фитосанитар сертификати (ФС) асосий ҳужжат ҳисобланади, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Нураддин Отажонов. – Айнан мана шу жараёнларни бугунги кун талабларига мослаштириш учун биринчи галда соҳанинг ҳуқуқий асоси бўлмиш «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонунга муайян ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш талаб этилмоқда. Жумладан, амалдаги қонун нормаларини янада аниқ ифодалаш нуқтаи назаридан такомиллаштириш, унда қўлланилаётган атамаларнинг бир хил талқин этилишини таъминлаш мақсадида асосий тушунчаларга аниқ таъриф бериш, карантин остидаги юклар билан ўта хавфли организмлар республикамиз ҳудудига кириб келишини олдини олиш, зарарсизлантириш ҳамда йўқ қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича соҳа мутахассислари ва ҳуқуқшунос олимлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.Даврат суҳбатида амалдаги «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонунни янада такомиллаштиришнинг зарурияти, унда белгиланган нормаларнинг тегишли вазирликлар, қўмиталар ҳамда вилоят ҳокимликлари томонидан қандай ижро этилаётгани юзасидан назорат-таҳлил ишлари олиб боришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилди. Бу вазифаларни самарали амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Фанлар академияси, Тошкент давлат аграр университети, шунингдек, соҳага тааллуқли илмий-тадқиқот муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.  "XXI asr" ижтимоий-сиёсий газетаси
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме