19:34 04.04.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Қонун такомиллаштирилиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, ер юзида ҳар олти сонияда 1 киши, бир дақиқада 10, бир соатда 600, бир суткада 14400, бир йилда эса 5 млн. 256 минг киши тамаки асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Бир дона сигарета инсоннинг 6 дақиқалик, 20 донаси эса 2 соатлик умрини қисқартиради.

Тамакининг инсон организмига зарари ниҳоятда юқори бўлиб, чекувчилар ўртасидаги ўлим кўрсаткичи чекмайдиганларга қараганда 30-50 фоиз кўплиги, ўпка саратони билан оғриганларнинг 95 фоизини чекувчилар ташкил этаётгани ҳам бу фикрларнинг нечоғлик асосли эканидан далолат бермоқда. Ҳар еттинчи чекувчида қон томирларининг торайиши кузатилса, ошқозон яраси ўн маротаба кўп учрамоқда.

Бундай ҳол, минг афсуски, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаяпти. Соҳа мутахассисларининг фикрича, ҳозир мамлакатимизда 4 миллионга яқин чекувчи бўлиб, ҳар йили тамаки асоратларидан минглаб кишилар ҳаётдан кўз юммоқдалар. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, йиллар ўтиши билан ушбу кўрсаткич янада ортиши ва тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Чекувчилар орасида ҳали суяги қотмаган ёшларнинг борлиги эса янада жиддийроқ ташвиш уйғотади, албатта.

Маълумки, 18 дан 20 ёшгача бўлган вақт ўспиринлик даври ҳисобланиб, бу пайтда шахснинг ўзини англаш жараёни жадал давом этади. Йигирма ёшга тўлган шахсгина тўлиқ шаклланган саналади. Ўспиринлик даврида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш эса инсон организмининг уйғун ривожланиш жараёни бузилишига ва унга жуда тез мойиллик шаклланишига олиб келади.

Ана шу жиҳатларни инобатга олсак, Президентимизнинг 2010 йил 27 январдаги «Баркамол авлод йили» давлат дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тайёрланган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини янада чуқурроқ англаймиз.

Мазкур қонун лойиҳаси, биринчи навбатда, 20 ёшга тўлмаган шахслар орасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш орқали фуқаролар соғлиғига салбий таъсирларни камайтиришни назарда тутади. Шунингдек, унда иш жойлари, тиббиёт муассасалари, кинотеатрлар, цирклар, концерт ва кўргазма заллари, музейлар, спорт иншоотлари, таълим ва тарбия муассасаларида, болалар ва ўсмирларнинг дам олиш жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланиши белгиланган. Демак, қонундан кўзда тутилган асосий мақсад ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали соғлом наслни асрашдир.

Бу борадаги хориж тажрибасига эътибор қаратсак, Япония, АҚШ, Исландия, Фиджи, Миср ва Норвегия сингари кўплаб мамлакатлар қонунчилигида 20 ёшга тўлмаганлар учун айнан шундай чекловлар жорий этилганини кузатишимиз мумкин.

Шу боис ҳам «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси долзарблиги, жамиятнинг эртаси бўлмиш ёшлар келажагига бевосита дахлдор масалаларни тартибга солишга қаратилгани билан ҳам барча сиёсий партияларнинг фракциялари томонидан қўллаб-қувватланди. Аммо қонун муҳокамаси жараёнида масалага ёндашиш, таклиф этилаётган механизм ва услублар борасида турли фракциялар турлича қарашларга эга экани ҳам маълум бўлди.

Шу ўринда O`zLiDeP фракцияси ушбу қонун лойиҳасини инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш мақсадларини таъминлашга йўналтирилгани учун тўлиқ қўллаб-қувватлаганини таъкидлаш лозим.

Фракция аъзоларининг фикрича, юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш, пировардида жамият тараққиётини таъминлашда мазкур қонун лойиҳасининг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти ниҳоятда юқоридир. Шунинг учун ҳам фракция аъзолари ниҳоятда долзарб саналган ана шу қонунни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

Лекин O`zLiDeP фракцияси аъзолари бундай долзарб масалаларда тақиқлаш йўлидан бориш мақсадга мувофиқ эмаслигига алоҳида эътибор қаратдилар. Фақат кўрилаётган масалага атрофлича ва кенг ёндашилгандагина самарали ечимга эришиш мумкин. Бунда, энг аввало, ёшларда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолига қарши қатъий иммунитетни шакллантириш мақсадида барча манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, ёшларга оқни қорадан ажратиш имкони берилгандагина кутилган натижага эришиш мумкин бўлади, холос.

Шу билан бирга O`zLiDeP аъзолари қонун лойиҳасида ўз аксини топиши лозим бўлган айрим жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Биринчидан, қонунга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини контрафакт асосида ишлаб чиқариш ва тарқатишга қарши аниқ нормалар киритиш кераклиги таъкидланди. Чунки ноқонуний тайёрланган сифатсиз ва арзон маҳсулотнинг истеъмолчиси ўз-ўзидан ёшлар бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Иккинчидан, 20 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотган савдо нуқталари эгаларининг жавобгарлигини янада кучайтириш ва аниқлаштириш лозим. Зеро, қонун лойиҳасида бу жиҳат «белгиланган тартибда жавобгар бўладилар» деган умумий сўзлар билан чекланилган, холос.

Учинчидан, 20 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотганлик учун жавобгарликни кучайтириш баробарида ушбу қонун талабларини бузган исътемолчиларга нисбатан ҳам жаҳон амалиётида қўлланилаётган усуллардан фойдаланиш керак.

Маълумки, жаҳон амалиётида бундай ёшларни ҳар хил ижтимоий меҳнат турларига жалб қилиш (ободончилик, кўкаламзорлаштириш ва бошқа ишларга) самарали таъсир воситаси сифатида кенг қўлланилади. Демак, мақсад ёшларни ушбу балолардан асраш экан, бунга фақат ушбу маҳсулотлар билан савдо қилувчиларга жазони қўллаш билангина эришиб бўлмайди.

Тўртинчидан, партия нуқтаи назарига кўра, қонун лойиҳасидаги ҳавола нормалар имкон даражасида камайтирилиши керак. Айниқса, ушбу фаолият устидан назорат функциясини амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган моддалар янада аниқлаштирилиши ва назорат қилувчи идоралар учун қонун нормаларини турлича талқин қилишга ҳеч бир асос қолдирилмаслиги керак.

Бешинчидан, қонун лойиҳасига шу турдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган 20 ёшгача бўлган шахсларнинг бундан кейин алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сота олиш ёки олмаслиги масаласи ҳақида норма киритилмагани ҳам эртага тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

— Фуқаролик қонун ҳужжатларига асосан «эмансипация» деган тушунча бор. Яъни 16 ёшга тўлган шахс тадбиркорлик билан шуғуланиши мумкин, — дейди қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Илҳом Насриев. — Масалан, бир вилоятда улгуржи савдо билан шуғулланадиган 17 ёки 18 яшар тадбиркор пойтахтга келиб, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини улгуржи тарзда харид қилмоқчи бўлса, биз муҳокама қилаётган қонун лойиҳасининг 13-моддаси унга бундай савдо билан шуғулланишни ман этади. Зеро, бундай вазиятда тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилмайдими? Қонун лойиҳасидаги таъқиқлар улгуржи савдога ҳам тааллуқлими ёки йўқми? Назаримда, қонун лойиҳасида ана шу жиҳатларга аниқлик киритилиши керак.

— Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилганда бир қатор ноаниқликлар мавжудлиги маълум бўлди, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Ориф Шарипов. — Масалан, мен 9-моддани қайта кўриб чиқиш, яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан олиб бориладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклашдаги фаолиятнинг молиявий манбаи аниқ кўрсатилиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки ҳар қандай тадбир замирида уни қўллаб-қувватлайдиган маблағ, харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган манба бўлиши шарт.

Ориф Шариповнинг таъкидлашича, ноқонуний жойда сотилган, лекин сифат сертификати ва тегишли лицензияси бўлган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Аксинча, уларни белгиланган тартибда мусодара қилиш ва махсус дўконларда сотиш, олинган даромадни эса ана шу маҳалладаги ижтимоий муаммоларни ечишга сарфлаш зарур.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Фахриддин Ражабов эса бундай норма киритилишига бутунлай қарши эканини билдирди. Унинг фикрича, маҳаллалар давлат бюджетидан етарли маблағ билан таъминланмоқда ва уларга қўшимча даромад манбаи излашга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

Тўғри, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг самарали фаолият юритиши учун бюджет маблағлари етарли. Аммо бу ҳамма нарсани давлат зиммасига юклаш дегани эмас. Изланиш ва интилиш, тадбиркорлик ва ташаббус бўлмаган жойда эса ривожланиш ҳам бўлмайди.

Ялпи мажлисда мазкур қонун лойиҳасининг яна бир неча моддаларига жиддий эътирозлар билдирилиб, улар қайта ишланиши, тўлдирилиши ва такомиллаштирилиши лозимлиги тўғрисида хулосага келинди.


Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме