12:49 26.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Қўмитанинг навбатдаги тадбири



Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институтида “Ўзбекистон аграр соҳасига биотехнологияларни татбиқ этиш истиқболлари ва ҳуқуқий масалалари” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Мазкур конференцияда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Адлия вазирликларининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази ва уларнинг тизимидаги илмий муассасалар, олий ўқув юртлари, илмий марказлар ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этдилар.

Тадбирда аграр соҳанинг селекция ва уруғчилик, чорвачилик, ўсимликшунослик, тупроқшунослик ҳамда сув хўжалиги каби қатор тармоқларида биотехнологиялардан фойдаланиш, ўзбек ва дунё олимлари томонидан яратилаётган био ва нано технологиялар ҳамда инновацион илмий ишланмаларни аграр соҳага жорий этиш борасида илмий маърузалар тингланди.

Таъкидландики, ҳар бир жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий-маънавий тараққиётини таъминлашда илм-фан ютуқлари жуда муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда Президент И. Каримов томонидан истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб барча соҳаларда илмий ишланмаларни ривожлантириш, бу борадаги илм-фан ютуқларини амалиётга самарали татбиқ этиш учун барча шарт-шароитларни яратишга қаратилаётган улкан эътибор ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Жумладан, кейинги йилларда олиб борилган изланишлар натижасида мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосини ташкил этадиган пахта етиштиришда биотехнологияларни қўллаш катта самара бермоқда. Айниқса, ғўза геномикаси ва биотехнологиясини ривожлантириш, ғўзанинг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навларини яратиш, ўсимликлар касалликларига қарши курашда биологик усулларни қўллаш бўйича қўлга киритилган ютуқлар шулар жумласидандир. Булар қатори чорвачиликда ҳам биотехнологияларни қўллаш, хусусан қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари зотларини яхшилашда, уларнинг маҳсулдорлигини оширишда сунъий уруғлантириш, эмбрионлар трансплантациясини қўллаш, юқумли касалликларнинг олдини олишда биологик препаратлардан кенг фойдаланиш бу соҳадаги ижобий натижаларга катта омил бўлмоқда.

Шунингдек, Р. Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар, жумладан, тоғ ва тоғолди ҳудудлар ҳамда лалмикор ерларга мос келадиган мевали дарахтлар навларини яратишда биотехнологиядан кенг фойдаланиш борасида олиб бораётган ишлар алоҳида таъкидланди. Сўнгги пайтларда дунё илмий атамашунослигида "генетик ўзгартирилган организмлар", "генетик ўзгартирилган маҳсулотлар", "гени ўзгартирилган уруғлар" каби янги илмий тушунчалар пайдо бўлаётгани, бугунги кунда биотехнологиялар, ген инженерияси йўналишида ҳужайра ва молекула даражасида амалга оширилаётганлиги, мазкур йўналишдаги тадқиқотлар ўз ўрнида ҳайвонот ва ўсимлик дунёсида хусусиятлари олдиндан белгиланган турларни юзага келтираётганлиги ҳақида сўз юритилиб, шу билан бирга гени ўзгартирилган организмларни вужудга келтириш ва қўллаш оқибатларини ҳам ўрганиш зарурлиги эътироф этилди.

Анжуман иштирокчилари томонидан асосий эътибор биотехнологияга доир меъёрий-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш зарурияти вужудга келганлигига қаратилиб, мазкур соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, шунингдек, тегишли қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб амалиётга татбиқ этиш орқали аграр соҳа ривожланишини янги босқичга кўтариш мумкинлиги ҳақида таклифлар билдирилди. Конференция қатнашчилари қўмитага тегишли муассасалар билан ҳамкорликда 2012 йилда ҳам мазкур мавзу доирасида турли шаклдаги тадбирларни ташкил этиб бориши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар.

Тадбир якунида мамлакатимиз аграр соҳасига биотехнологияларни кенг татбиқ этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, аграр соҳага инновацияларни татбиқ этишнинг институционал тизимини шакллантириш, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва натижаларини тарғиб этиш юзасидан хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме