17:45 18.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Қўмита назорат-таҳлил якунлари бўйича хулоса чиқарди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасида «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази тизимларидаги ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил якунлари муҳокама қилинди.            Йиғилишда Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да парламент олдида турган энг муҳим вазифа бу — қонунлар ижроси юзасидан қатъий назоратни ўрнатиш экани белгилаб берилгани ва бу борада изчил ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.             — Ўзбекистонда ахборотлаштириш соҳасидаги қонунчилик базаси таълим жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишда муҳим омил бўлмоқда, — деди йиғилишда Қўмита раиси, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Абдурашид Жўрабоев. – Хусусан, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун миллий таълим тизимида ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан фойдаланишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб, унга кўра таълим муассасаларини ягона тармоққа улаш, «Электрон таълим» миллий дастурини барпо этиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.            Таълим муассасаларини компьютерлар билан таъминлаш даражаси йилдан йилга ўсиб бораётгани ҳам ана шундай изчилликка мисол бўлиши мумкин. Биргина 2010 йилда 560 та мактаб 13 минг 500 та компьютер, 750 дан зиёд қишлоқ мактаблари эса замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва мультимедия воситалари билан жиҳозланган. 12 мингдан ортиқ таълим муассасаси 25 мингдан зиёд ўқув ва ахборот ресурсларидан иборат ZiyoNET таълим порталига уланган. 2009-2010 йилларда ушбу тармоққа 100 дан ортиқ ўқув адабиёти ва дастурлар, «Касб маҳорати» ва «Касб-ҳунар таълими» каби журналларнинг электрон нусхалари жойлаштирилган. Ўқувчиларнинг ана шундай ахборотлардан янада унумлироқ фойдаланишлари учун ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида 2761 та ахборот-ресурс марказлари ташкил этилиб, улардан 228 таси ўз фаолиятини электрон кутубхона сифатида олиб бормоқда.             Парламент эшитувида, шунингдек, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун ижросини таъминлаш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар ва фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, идоравий ахборот тизимларини яратиш ва ривожлантириш, ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш ишлари ҳар доим ҳам Қонун талабларига жавоб бермаяпти. ZiyoNET порталидаги ресурслар сони ва сифати ундан фойдаланувчи ўқувчилар эҳтиёжини тўла қондирмаяпти. Ахборотлаштириш воситаларини сертификатлаш ва стандартлаштириш борасида ҳам ечимини кутаётган муаммолар бор. Айрим таълим муассасаларида ҳатто ахборот ресурсларини шакллантириш, ахборот тизимларини яратиш ва уларнинг тармоқларга уланиш тартиблари ишлаб чиқилмаган.            Халқ таълими вазири ўринбосари Бахтиёр Дониёровнинг таъкидлашича, айни пайтда тизимдаги 16648 та таълим муассасасининг 9770 таси умумтаълим мактабларидир. Уларда жами 425 мингдан зиёд педагоглар меҳнат қилмоқдалар.             Аммо аксарият устоз ва мураббийларнинг компьютер саводхонлиги масаласи бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти. Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг ўринбосари Асаджон Ходжаевнинг таъкидлашича, бугун ахборот оламида интернет даври келгани боис жамиятимизда интернет-телерадио, электрон почта, онлайн-видео, форум-технологиялардан фойдаланиш ва уларни қўллаш талаблари шунчалар жиддий қўйилмоқда-ки, бу ўқитувчилар зиммасига алоҳида масъулият юклайди, албатта.             — Шунинг учун ҳам агентлик кўмагида педагогларимизнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида 72 соатлик махсус дастур ишлаб чиқдик. 16 июнгача барча ўқитувчилар ана шу курсларда ўз билимларини оширдилар, — деди Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази раҳбари ўринбосари Зайниддин Худойбердиев.            Лекин O`zLiDeP фракцияси аъзоси Зилола Собирова кун тартибидаги масала жойларда ўрганилганида, бу борада ҳали талай муаммолар борлиги аниқланганини таъкидлади. Жумладан, Бухоро Давлат университети қошидаги ахборот технологияларини чуқур ўргатишга ихтисослашган академик лицей ўҚитувчиларининг фақат бир нафаригина компьютердан фойдаланар экан. Ўқитувчилар малакасини ошириш маркази компьютерлари эса интернетга уланмаган. Номигагина яратилган сайтлар 2010 йилдан бери янгиланмаган. Маълум бўлишича, ҳатто Ўрта махсус касб-ҳунар таълими марказининг асосий сайти ҳам ишламаяпти. Ушбу тизимда ахборотлаштириш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши Қарорлари ижросига ҳам амал қилинмаяпти.   O`zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Солиев эса ахборот хавфсизлиги билан боқлиқ масалага эътибор қаратиб, ўқувчиларнинг холис ахборот олиш борасидаги эҳтиёжини қондириш учун ZiyoNET тармоғига киритилаётган маълумотларнинг сифатини белгилайдиган меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаганини таъкидлади. Шунинг учун ҳам улар турли интернет-кафеларда кераксиз маълумотлар билан танишиб вақт ўтказмоқдалар. «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун ижроси бўйича фаолияти ўрганилган идоралар вакилларидан ташқари Молия вазирлиги, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Маънавият тарғибот маркази, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати мутасаддилари иштирок этган йиғилишда муҳокама қилинган масала юзасидан қўмита қарори қабул қилинди.

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме