12:01 19.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Қўмита қарорлари ижроси юзасидан ахборот эшитилди
Жорий йилнинг 14 сентябр куни,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаситомонидан юқорида қайд этилган масала бўйича 2010 йил май-июнь ойларидаги назорат-таҳлил фаолияти юзасидан қатор қарорлар қабул қилинган эди. Жумладан, 2010 йил 25 июндаги Қўмита қарорида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар унумдорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаш, амалдаги қонун ҳужжатларига қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилишида алмашлаб экишни йўлга қўйишга оид ҳуқуқий нормаларни киритиш тўғрисидаги амалий таклифлар тайёрлаш, соҳа мутахассислари ва экспертлари иштирокида тупроқ унумдорлигини тиклаш ва ошириш, сақлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар юзасидан мунтазам равишда мониторинг олиб бориш, қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишларини янада жонлантириш ҳақида тавсиялар берилган эди.
Тадбирда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз аграр соҳасида чуқур ўзгаришлар рўй бераётгани, ердан оқилона, илмий асосланган тарзда, тўғри фойдаланишни ташкил этиш қишлоқ хўжалиги ерларининг алоҳида муҳофазасини таъминлашни тақозо этиши, айниқса бугунги кунда, қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг асосий омили бўлган янги фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан ердан оқилона ва унумли, шунингдек моддий-техника ресурсларидан тадбиркорлик ва тежамкорлик билан фойдаланилиши натижасида соҳада ишлаб чиқариш самарадорлигини тубдан ошриш ва, ўз навбатида, қишлоқдаги ижтимоий муаммоларни ҳам ҳал этишга замин яратилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар давлат бошқаруви органлари қошидаги ер ажратиш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар тўғрисидаги Низом” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манфаатдор вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралари билан келишилган ҳамда Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Тупроқ унумдорлиги тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ва янги таҳрирдаги Ер кодекси тайёрланмоқда. “Ерларни тоифаларга бўлиш ва бир тоифадан бошқасига ўтказиш тўғрисида”ги, “Алмашлаб экишни юритиш ва ўзлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари устида ҳам амалий ишлар бошлаб юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан 2011 йилнинг 6 ойи давомида ҳамкорликда олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, вилоятда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш мақсадида бошқарув органларига 97 та тақдимнома юборилган, шундан 74 таси туман ҳокимларига, 10 таси фермер хўжалиги раҳбарларига, 13 таси ташкилот ва идоралар раҳбарларига юборилган. Оммавий ахборот воситаларида 40 маротаба чиқишлар қилинган, 32 маротаба семинарлар ўтказилган, қатор амалий кўргазмалар ташкил этилиб, 14 турдаги амалий қўлланмалар тайёрланган.
Қўмита эшитувида депутатлар томонидан Қўмита қарори ижроси юзасидан сўралган тегишли ахборот ва маълумотлар ўз вақтида тақдим этилмагани (жумладан, Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан мазкур сўровномаларга масъулиятсизлик билан ёндашилгани, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан эса умуман ахборотлар тақдим этилмагани ва бошқалар) ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан юртимизда амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар натижасида аграр соҳада рўй бераётган чуқур ўзгаришлар ва амалий натижалар юзасидан аҳоли орасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, амалдаги қонунлар нормаларининг сўзсиз ижросини таъминлаш ҳамда ерни муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни комплекс тарзда амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларига оид ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш масалаларига қаратилган қатор амалий тадбирлар ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тавсиялар ишлаб чиқилди.
Обсудить новость на Форуме