23:15 24.09.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Қишлоқ мулкдори ўз зиммасидаги ижтимоий масъулиятни теран ҳис этмоқда
— Айни пайтда нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё Тошкентда ўтган «Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзусидаги Халқаро анжуман натижаларини муҳокама қилмоқда, десак хато бўлмайди. Ана шу муҳим тадбир хусусида қандай фикрдасиз?— Энг аввало, анжуман яна бир карра Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлининг нақадар тўғри эканини кўрсатди. Хорижлик экспертлар, дунёнинг таниқли иқтисодчи олимлари ҳамда таниқли сиёсатчиларнинг хулосаларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо бериш баробарида тараққиётнинг «ўзбек модели» ўрганишга лойиқ, деб топилгани бежиз эмас, албатта. Президентимиз нутқида бу соҳа мамлакат равнақининг бош локомотиви, дея аталгани эса айни шу соҳа вакиллари манфаатини ҳимоя қилаётган O`zLiDeP зиммасига жуда катта масъулият ҳам юклайди.Анжуманда давлатимиз раҳбари «Мазкур соҳани тез суръатлар билан тараққий топтириш ва умуман, мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича биз танлаган модель 2008 йилда бошланган, бугунги кунда, афсуски, чуқурлашув тенденциясига эга бўлиб бораётган глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий ва ҳалокатли оқибатларининг олдини олиш ҳамда бартараф этишда Ўзбекистон учун ҳал қилувчи роль ўйнади» дедилар. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар қачонгидан жадал ривожланаётгани, соҳани янада тараққий эттиришга қаратилган қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинаётгани ўзининг реал натижаларини бермоқда.— Маълумки, Ўзбекистон истиқлол йилларида юксак суръатлар билан ривожланаётган мамлакатлар қаторига қўшилди. Бунга фермерларнинг мустаҳкам оёққа туриб олгани ҳам асосий омиллардан бўлаяпти. Бу йўналишда Қорақалпоғистонда қандай ишлар амалга оширилаяпти?— Ўдингизда бўлса, 2008 йилнинг 27 декабрида Тошкентда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмасининг қўшма йиғилиши ўтказилиб, унда партия ва уюшма ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ мулкдорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим тадбирлар режаси белгилаб олинган эди. Ўтган вақт давомида бу яхши натижалар берди. Буни, биринчи навбатда, фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш тизимининг такомиллашгани, пахтачилик ва дон етиштириш билан биргаликда боғдорчилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, энг муҳими, қишлоқда қайта ишлаш саноатининг интенсив ривожланишида ҳам кўриш мумкин. Агар 2008 йили Қорақалпоғистон аграр шўъбасида ўсиш ҳажми 100,1 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2011 йилда 105,2 фоизга етди. Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳам кескин ошди. 2011 йилда сабзавот экинлари майдони 7,2 минг гектарга, картошка 4,6, полиз 6,9, мева 5,2 минг гектарга етказилди. Ўтган йили 32,9 минг тонна картошка етиштирилган бўлса, 58,3 миллион дона тухум тайёрланди.— Бундай ижобий ўзгаришларга эришишда O`zLiDePдан сайланган депутатлар иштироки қандай бўлмоқда?— Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Нукус ва Тахиатош шаҳар, шунингдек, 14 та туман кенгашларида O`zLiDePдан сайланган 154 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 30 нафари Жўқорғи Кенгесда, қолганлари маҳаллий кенгашларда иш олиб бораяптилар. Шу ўринда партия аъзоларининг 16 нафари маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссияларга етакчилик қилаётганларини таъкидлаш жоиз. Депутатларимиз орасида фермерлар кўпчиликни ташкил этади, албатта. Бугун Қорақалпоғистонда партия аъзоси бўлган фермерлар 1397 нафарни ташкил этади. Мавжуд 579 та бошланғич партия ташкилоти ҳам ўз сафига асосан аграр соҳа вакилларини бирлаштирган. Улар O`zLiDePнинг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда электорат манфаатини ифодаламоқдалар. Мухтасар қилиб айтганда, партиямиз қишлоқ мулкдорлари ҳисобланган фермерлар билан иш олиб боришда ўз фаолиятини аниқ, устувор мақсадларга йўналтираяпти.— Давлатимиз раҳбари маърузаларида бугунги фермер ернинг, деҳқончиликнинг сир-асрорини пухта билиши кераклиги, фермерлар сафига тасодифий кишилар кириб қолмаслиги кўп бора таъкидланган. Фермерлар билан иш олиб боришда масаланинг ана шу жиҳатига қай даражада эътибор берилмоқда?— Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, O`zLiDeP аъзоси бўлган фермерларнинг деярли ҳаммаси ўз ишини пухта биладиган, ислоҳотлар моҳиятини тўлиқ англаган ва мағзини чаққан фидойилардир. Мисол учун, Тахтакўпир туманидаги «Тайимбет» фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Сарсенбой Сейитназаровни олинг. Аксарият фермерлар бугунги кунда 2-3 тур қишлоқ хўжалик маҳсулоти сотаётган бўлса, «Тайимбет» 20дан ортиқ рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда. Фермер хўжалигида бир неча қайта ишлаш шохобчалари бор. Ёинки, Хўжайли туманидаги «Азлербобо» фермер хўжалиги раҳбари, партия фаоли Жумамурат Тўремуратовнинг аграр соҳадан ташқари қурилиш ишлари билан шуғулланаётгани, хусусий мелиорация корхонаси ва тиббиёт клиникаси очганини таъкидлаш мумкин. Элликқалъалик қишлоқ мулкдори Шамшоддин Фахрутдинов таъсис этган «Само тулпорлари» от заводи эса халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда аграр соҳани янада тараққий эттириш, унинг самарадорлигини тубдан ошириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ мулкдори мавқеини мустаҳкамлаш, пировардида ҳаётимизни янада тўкин ва гўзал қилишга қаратилган ислоҳотлар ва, албатта, қишлоқ мулкдорлари учун яратиб берилган қулай шарт-шароитлар натижасидир.
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди.
Обсудить новость на Форуме