13:47 11.05.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Қарс икки қўлдан чиқади

O`zLiDeP «Аёллар қаноти» томонидан ўтказилаётган туркум тадбирлар ишбилармон аёллар билан банк тизими ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қарши шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги ўқув-семинарда ҳам асосий эътибор кашқадарёлик тадбиркор ва фермер аёллар имкониятларини янада мустаҳкамлашга қаратилди. Семинар бизнес оламига энди кириб келаётган опа-сингилларимиз учун эса том маънодаги йўл йўриқлар дарсига айланди, десак хато бўлмайди. «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» мавзуидаги ўқув-семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Микрокредитбанк» вилоят филиали, солиқ тизими, Савдо-саноат палатаси масъул ходимларининг иштирок этгани тадбиркорликни кенг тарғиб этиш, мулкдор аёллар эришаётган ютуқларни ёшлар ўртасида оммалаштириш имконини ҳам берди.

Семинардан аввал шаҳар ва туманларда фаолият олиб бораётган ёш ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмаси намойиш этилди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бугунгача ўтказилган қатор семинарларда билдирилган фикр-мулоҳазалар, йўл-йўриқлар асосида кўплаб хотин-қизлар ўз бинес лойиҳалари бўйича дастлабки натижаларга эришдилар ҳам. Хусусан, иссиқхона ташкил этиш бўйича бизнес лойиҳа тайёрлаган косонлик Шоҳиста Аҳмедова «Микрокредитбанк» туман филиалидан 15 млн. сўм миқдорида кредит олиш учун ҳужжатлар расмийлаштиришга улгурган бўлса, қамашилик тадбиркор Шаҳноза Эшматова 30 млн. сўм миқдоридаги кредит эвазига «Етакчи сардорлар» хусусий корхонасини очди. Нишонлик Холниса Баратова эса гўзаллик салони очиш арафасида турибди. Китоб туманидаги «Тўлин ой» хусусий корхонаси раҳбари Ҳалима Усмонова ҳам қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини кенгайтириш учун «Агробанк»ка кредит олиш масаласида ҳужжатлар топширди.

— Аёлларни қўллаб-қувватлаш, фермерликка иштиёқи баланд опа-сингилларимизни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка йўналтириш, олган билимларини амалиётда қўллашлари учун кўмаклашиш мақсадида вилоятнинг шаҳар ва туман кенгашлари томонидан ташкил этилган ўқув- семинарларда қарийб мингга яқин хотин-қизлар иштирок этдилар, — дейди вилоят кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати Исмигул Хушмурадова. — Фаол иштирокчиларга эса туман ва шаҳар кенгашларининг сертификатлари ҳам топширилмоқда. Натижалар ёмон эмас. Масалан, ўтган ўн кунда 10 нафарга яқин хотин-қизлар ўз бизнес-режаларини тайёрлаб қўйдилар.

— Ана шундай фаол хотин-қизларимиз иқтисодиётимизни юксалтириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшаяптилар, — дейди Касби туманидаги Пандирон қишлоғида яшовчи депутат Набира Хўжаёрова. — Туман аёлларининг меҳнат қилишлари ва дам олишлари учун ҳам етарли шароит яратишга эътибор бераяпмиз.

Маҳаллий депутатнинг эзгу ниятлари аслида вилоятдаги 11229 нафар O`zLiDeP аъзосининг дилидаги гаплар, десак хато бўлмайди. Партия аъзоларининг 2861 нафарини хотин-қизлар ташкил килаётгани, улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси, 2 нафар вилоят, 16 нафар шаҳар, туман кенгашларининг депутатлари борлиги ҳам Қашқадарёда O`zLiDeP аёллари эришаётган ютуқларга мисол бўлиши мумкин.


Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме