17:15 19.09.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Қарор ижроси назоратга олинди
Маълумки, халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 18 февраль куни бўлиб ўтган сессиясида O’zLiDeP депутатлик гуруҳи ташаббуси билан ҳудудда чорвачиликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама этилиб, эришилаётган натижаларни мустаҳкамлаш баробарида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни ҳал этиш, муаммоларга ечим топишга қаратилган қарор қабул қилинган эди. Хўш, орадан 7 ой ўтиб, бу соҳада қандай ўзгаришлар юз берди? Депутатлик гуруҳи қарори ижроси қай даражада таъминланди?Кези келганда, мазкур қарор ва O’zLiDePнинг Сайловолди дастурига мувофиқ пойтахт вилоят партия ташкилоти томонидан “Чорвачилик ва озуқабоп уруғчиликни ривожлантиришда Ўзбекистон чорвачилик илмий-тадқиқот институтини модернизация қилиш, мутасадди идоралар фаолияти, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги ҳамкорлиги юзасидан таъсирчан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича ҳаракат дастури» ишлаб чиқилганини таъкидлаш лозим.Куни кеча O’zLiDeP Тошкент вилояти кенгаши Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмаси, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон чорвачилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда ташкил этган “Деҳқон ва томорқа хўжаликлари ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш” мавзуидаги илмий-амалий семинарда яна бир бор мазкур қарор ва ҳаракат дастури ижроси кўриб чиқилди.Семинарда таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда 4 792 071 та деҳқон ва томорқа хўжаликлари бўлиб, улар ихтиёрида 462 400 гектар ер майдони бор. Бу қишлоқ хўжалигидаги жами экин майдонларининг 12,8 фоизини ташкил этади. Республикада етиштирилаётган ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 63,7 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 62,2 фоизи айнан ана шу хўжаликлар томонидан тайёрланмоқда. Шунинг учун ҳам тадбирда деҳқон ва томорқа хўжаликларининг иқтисодий барқарорлигини янада ошириш, мавжуд ер майдонларида озуқа экинларининг истиқболли навларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан олимлар ва соҳа мутахассисларининг маърузалари тингланди. – Айни пайтда бутун дунёда йилига қарийб 50 миллион тонна атрофида “сорго” номли кўп ўримли жўхори нави етиштирилади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Ориф Шарипов. – Аксарият мутахассислар томонидан «Ўзбекистон жўхориси» деб аталадиган бу нав озуқа қиммати ва технологик хусусиятлари билан кескин ажралиб туради. Бу экиннинг аслида Марказий Осиёдан келиб чиққани ўз вақтида маҳаллий деҳқонлар томонидан сермаҳсул навлар яратилгани, улар минераллар, углевод ва витаминларга бой бўлганини англатади. Энг муҳими, ушбу экиндан мавсум давомида бир неча бор ҳосил олиш мумкин. Шу билан бирга, унинг поясидан шакар ишлаб чиқариш ва қандолатчиликда ишлатиладиган хомашё олиниши семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Тадбир қатнашчилари Паркент туманидаги Собиржон Ёрмуҳамедовнинг деҳқон хўжалигида бўлиб, “сорго” — кўп ўримли «Ўзбекистон жўхорисини» етиштириш ҳамда деҳқон хўжалиги ер майдонларидан самарали фойдаланиш тажрибаси билан ҳам танишдилар. Бу ерда боғдорчилик билан бирга 20 дан ортиқ бош қорамол, 35 бош қўй-эчки боқилаётгани, озуқа экини сифатида “сорго”дан ҳам дон, ҳам чорва учун дағал ва ширали озуқа етиштирилаётгани хўжаликда уруғчик йўлга қўйилганидан ҳам далолат бермоқда. Чорвачилик деҳқон ва шахсий томорқа хўжаликларида ҳам жадал ривожланаётган бир пайтда чорва молларини серҳосил, тез пишар, тўйимли озуқа билан таъминлаш масаласи долзарб бўлиб тургани ҳам семинар мавзусининг долзарб эканини кўрсатади, албатта. Унда тилга олинган фикр-мулоҳаза ва ахборотлар маҳаллий шароитга мос анъанавий ва истиқболли экин турларини етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш тажрибасини оммалаштириш зарурлигини англатади. Семинар якунида чорвачиликнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, деҳқон ва шахсий томорқа хўжаликларида сермаҳсул озуқа экинлари етиштириш афзалликларини партия фаоллари орқали кенг тарғиб қилиш, ҳар бир тумандаги битта фермер хўжалигида олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда озуқабоп экин уруғларини етиштиришни ташкил этиш, деҳқон хўжаликлари билан фермер хўжаликлари орасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, O’zLiDeP кўмагида телевидениеда “Шахсий томорқа” номли мунтазам эфирга узатиладиган кўрсатув очиш лозимлиги қайд этилди.
«XXI Asr»
ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме