22:16 25.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Қарор қатъий: парламент эшитуви ўтказилиши керак
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги семинарда “Давлат кадастрлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини янада такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Ана шу мавзуга бағишланган семинар иштирокчиларининг фикрича, бундан 11 йил аввал қабул қилинган қонун давлат кадастрларини юритиш, кадастрга доир ахборотни тўплаш ва ундан фойдаланиш муносабатларини тартибга солиш имконини берди, албатта. Мазкур қонуннинг 5-моддасида давлат кадастрлари ягона тизими 21 та йўналишда олиб борилиши ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси (“Ергеодезкадастр”) давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги махсус ваколатли орган ҳисобланади. Шунингдек, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Маданият ва спорт ишлари, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш, “Давархитекқурилиш”, Геология ва минералогия давлат қўмиталари, “Давсувхўжаликназорат” инспекцияси, “Ўзавтойўл”, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекистон темир йўллари” каби компаниялар ҳам давлат кадастрларининг тегишли йўналишлари бўйича масъул идоралар ҳисобланади.
— Айни пайтда кадастр объектларини суратга олиш, кадастр харитасини тузиш, инвентаризациядан ўтказиш ва паспортлаштириш, сифат ва сон жиҳатидан баҳолаш, кадастр объектлари чегараларини ўлчаш ишларида илғор техника ва технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйиш, ушбу тизимга кирувчи ташкилотларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда, — деди тадбирда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Абдуллаев. — Кадастр объектларининг географик жойлашуви, ҳуқуқий мақоми, тавсифи ва баҳоси ҳақидаги бошқа маълумотларни тезкор тарзда янгилаб бориш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, кадастр объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини яхшилаш, улар фаолиятига хорижий давлатлар тажрибаларини кенг жалб этиш мақсадида турли шаклдаги тадбирлар ташкил этилмоқда.
— “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги қонуннинг кўпгина моддалари ҳавола нормалар бўлиб, унинг ижроси бошқа қонуности ҳужжатлари – низом ва йўриқномалар орқали таъминланаётганини таъкидлаш жоиз, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти масъул ходими Улуғбек Аълоев. — Бу эса соҳа ривожининг ҳуқуқий асоси саналаётган мазкур ҳужжатни давр талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Агар бу борадаги хорижий тажрибани таҳлил қилсак, аксарият ривожланган мамлакатларда кадастр юритиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар қонуннинг ўзида акс эттирилганини кўрамиз.
O`zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Комилов эса тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қонун талабларини бажариш жараёнида қатор камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилаётганини таъкидлади. Жумладан, мазкур қонунда ҳудудларда давлат кадастрини тузиш ва уни юритиш аниқ белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳанузгача ушбу кадастр низоми қабул қилинмаган. Бундан ташқари, давлат кадастрларини тузишга масъул муассасалар томонидан ишлаб чиқилган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган баъзи низомларнинг номланиши қонуннинг 5-моддасига мос келмаяпти.
Шу ўринда, ҳайвонот дунёси бўйича давлат кадастри юритиш Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўрмон хўжалиги бош бошқармаси, Фанлар академияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклатилган бўлса-да, ушбу кадастр ҳалигача юритилмаганини таъкидлаш жоиз. Бу эса ана шундай ҳолатларни бартараф этиш, қабул қилинган қонунларнинг мукаммал процессуал механизмларини яратиш борасида тизимли чора-тадбирлар белгиланиши лозимлигини кўрсатмоқда.
— Амалдаги қонунда белгиланган 21 та йўналишдаги давлат кадастрлари сирасига хавфли юқумли касалликлар кадастрини ҳам киритиш мақсадга мувофиқ, — дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Ориф Шарипов. – Зеро, ҳайвонларда учрайдиган айрим касалликлар эпизотик барқарорликка қанчалик хавф солиши ҳеч кимга сир эмас.
Семинар иштирокчилари муҳокама қилинган масалаларнинг долзарблигини инобатга олиб, Концепцияда белгилаб берилган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини ўрнатиш ҳамда билдирилган мулоҳазалар асосида “Давлат кадастрлари тўғрисида»ги қонун ижроси юзасидан парламент эшитувини ўтказиш лозим, деган қарорга келдилар. Шу муносабат билан Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2012 йилдаги иш режасига ушбу қонуннинг масъул вазирлик ва идоралардаги ижросини таъминлашга қаратилган назорат-таҳлил фаолиятини киритиш таклиф қилинди.
Озод РАЖАБОВ,
“ХХI asr”
Обсудить новость на Форуме
25 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |