10:45 05.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Қарор қатъий, назоратга ўрин бор
Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг вилоятда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва дастурий таъминот бозорини ривожлантириш тўғрисидаги масалани вилоят кенгашининг XI сессияси муҳокамасига киритиб, агентликнинг вилоят бўлими раҳбари Ҳаким Мамедовнинг ҳисоботини эшитди.
Маълумки, ҳар қандай давлатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланганлик даражаси унинг ахборот ва телекоммуникация индустрияси нечоғлик тараққий этгани билан боғлиқдир. Чунки дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириши баробарида, унинг интеллектуал имкониятларига ҳам баҳо берувчи омил саналади. Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш масаласига бирламчи эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам ана шунда. Мазкур соҳанинг иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари билан чамбарчас боғлиқлиги эса унинг аҳамиятини янада оширади.
Ана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз Сайловолди дастурида илгари сурган мақсадлар асосида ахборот ва дастурий таъминот бозорини ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қарата бошлади. Партия вакилларининг фикрича, бугун республикамиз иқтисодиётини янгилаш вазифаси кун тартибига қўйилаётган экан, бунда дастурий таъминот индустриясини ривожлантирмасдан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Негаки, ушбу соҳа иқтисодий тараққиёт даражасини таъминлашда ўзига хос локомотив вазифасини ўтайди. Шу боисдан ҳам O’zliDeP фракцияси томонидан бундан бир неча ой муқаддам ахборот ва коммуникация технологиялари тизимида олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати, ютуқ ҳамда муаммолар парламент эшитуви даражасида муҳокама қилинган эди. Мазкур эшитувдан сўнг, фракция аъзолари соҳада амалга оширилаётган ишларни ҳудудлар кесимида ўрганиш ва унинг натижалари бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш ҳам яхши самара бериши мумкин, деган қарорга келдилар. O’zliDeP Жиззах вилояти кенгашидаги депутатлик гуруҳининг мазкур ташаббуси ҳам ана шу ишлар самарасидир.
Хўш, 1 миллион 100 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган вилоятда мазкур соҳада олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолатидан қониқиш ҳосил қилиш мумкинми? Бунда маҳаллий давлат бошқаруви органлари қонун ва қонуности ҳужжатлари ижросини етарли даражада таъминлаяптиларми? Соҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши ва уларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар қай аҳволда? Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши сессиясида асосан ана шу масалалар муҳокама қилинди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузасида парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига муносабат билдирилганидан кейин, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам барча тузилмалари олдига ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиш талабини қўйди. Ушбу маърузада алоҳида таъкидланганидек, «Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партиялар гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг минтақалар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир амалий вазифаларни ҳал этиш ишига партияларнинг таъсирини ошириш даркор»лигидан келиб чиқиб, O’zliDeP ўз иш режаси ва амалий ҳаракат дастурларига ўзгартишлар киритди. Бунда, энг аввало, жойлардаги депутатлик гуруҳлари ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар масъулиятини оширишга бирламчи эътибор қаратилди. Натижада ўтган давр мобайнида жойлардаги депутатларнинг ҳам фаоллиги ва ташаббускорлиги ошиб, сессиялар кун тартибига ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ижроси билан боғлиқ долзарб масалалар киритила бошланди.
— Аввалига бу масала Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги 32 нафар депутатимиз томонидан ўрганиб чиқилди, — дейди O’zliDeP вилоят кенгаши раиси Эркин Ҳолматов. — Натижада вилоятда таълим муассасаларида интернет хизматини жорий этиш, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик юритувчи субъектларда интернет хизматлари кўрсатиш, Tas-IX тармоғига кириш, “E-Hujjat” электрон ҳужжат алмашинуви тизимини ўрнатиш ва рақамли имзо билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани маълум бўлди. Шу билан бирга давлат бошқарув органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг иш унумдорлигини ошириш, иш вақти ҳамда моддий ресурслар харажатини кескин қисқартириш, соҳада партия электорати бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ҳамда шу орқали дастурий таъминот бозорини ривожлантириш масалаларида қатор камчиликлар мавжудлиги ҳам аниқланди. Шу боис депутатларимиз мазкур масалани вилоят кенгаши сессиясига олиб чиқишга қарор қилдилар.
Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 57 нафар депутати қатнашган сессияда агентликнинг вилоят бўлими раҳбари Ҳаким Мамедовнинг ҳисоботи тингланди.
— Мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида ҳам ижобий натижалар бермоқда, — деди Ҳ.Мамедов. — Бунда, айниқса, соҳани ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган қонунчилик асослари яратилгани муҳим аҳамият касб этди. Шу кунгача соҳага оид 11 та қонун, 40 дан ортиқ қонуности ҳужжатларининг қабул қилинганиалоқа ва ахборотлаштириш йўналишини жаҳон андозалари асосида ривожланишини таъминлаш баробарида юртимизни дунё миқёсида интеграциялашувини ҳам тезлаштирмоқда. Ана шундай ҳужжатлар асосида Жиззахда ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг «Ахборот коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида 14 та давлат бошқаруви органларида локал ва корпоратив тармоқлар ташкил этилди. Барча шаҳар ва туман ҳокимликлари ўртасида “UzNet” филиали орқали (VPN) корпоратив тармоқ ишга туширилди. Халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш тезлиги 2002 йилдагига нисбатан 60 баробарга ошди. Ёшларни зарур ахборот манбаи билан таъминлаш мақсадида “ZiyoNET” ахборот таълим тизимига 2 та олий таълим муассасаси, 55 та коллеж, 4 та академик лицей ва 381 та мактаб уланди. “Электрон таълим миллий тизимини қуриш” лойиҳаси асосида эса Жиззах политехника институтига 2270 метр, Жиззах давлат педагогика институтига 1500 метр оптик толали кабель ўтказилди.
Йиғилишда соҳада фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони ва улар учун яратиб берилаётган шарт-шароитларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маърузачининг таъкидлашича, бугун вилоятда интернет тармоғига уланиш хизматини кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар сони 5, жамоа пунктлари сони эса 23 тага етган.
Аммо ана шундай натижаларга қарамай, ўтган йиллар давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан вилоят кесимида деярли ҳеч қандай дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмаган. Фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар асосан маиший хизмат кўрсатиш соҳасида банд. Шу билан бирга ҳудудда интернет тармоғининг етарли даражада оммалашмагани билан изоҳланмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 1576 та давлат ва ҳўжалик бошқаруви органларининг бор-йўғи 553 таси интернетдан фойдаланмоқда, холос. Бу умумий соннинг 35 фоизини ташкил этади. 18974 та хўжалик юритувчи субъектнинг эса атиги 2826 таси ёки 15 фоизи интернет тармоғига уланган.
O`zLiDeP фаолларининг фикрича, соҳа мутасаддиларининг жаҳон тажрибаларидан етарли даражада фойдаланмаётганлари, масалага жиддий эътибор қаратилмаётгани дастурий таъминот индустрияси ривожига салбий таъсир кўрсатаётир. Ваҳоланки, мазкур соҳа давлатнинг экспорт салоҳиятини оширувчи ва валюта тушумлари кўпайишини таъминловчи муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу масалани вилоят сессиясига олиб чиқишдан мақсад ҳам алоқа ва ахборотлаштириш йўналишидаги ишларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш ҳамда мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилашдан иборатдир.
Сессияда иштирок этган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Х.Мирзоҳидовга депутатлар бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, O`zLiDeP вилоят кенгаши депутати М.Сувонқулов вилоятда интернет тармоғига уланиш кундан-кунга кўпайиб бораётганига қарамай, унинг сифати ва ишлаш тезлиги юқори эмаслиги, айниқса, бу ҳолат туманлар миқёсида сақланиб қолаётганига эътибор қаратди. Депутат С.Зиятов эса умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларни алоқа воситалари, компьютер жиҳозлари ва интернет билан таъминлашда вилоятда ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўплигини таъкидлади. Бунда, биринчи галда, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасини мукаммал биладиган етук кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни жой-жойига қўйиш масаласи назоратга олиниши зарур.
O`zLiDeP вилоят кенгаши депутати Б.Тўраева ҳам «Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси» тизимидаги телеканаллар дастурларини мунтазам равищда томоша қилиш вилоятнинг тоғли ҳудудларида маълум даражада чекланганига эътибор қаратди. Жумладан, Фориш туманининг Гараша, Ухум, Мажрум ва Андаген қишлоқлари аҳолиси теледастурларни доимий томоша қилиш имкониятига эга эмас. Бундан ташқари, дастурларнинг сифатли узатилишида ҳам қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Маълумки, республикамизнинг Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида рақамли телевидениега ўтилгани ҳолда Жиззах вилоятида бу имкониятдан фойдаланилмаяпти.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят кенгаши сессиясида Ўз ХДП партияси вакили Қ.Эргашев, «Миллий тикланиш» ДП вакили Б.Мамажонов ҳам сўзга чиқиб, кун тартибига киритилган масаланинг ғоятда муҳим ва долзарб экани ва масала O`zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан ўз вақтида олиб чиқилганини таъкидладилар.
Сессия кун тартибидаги масала юзасидан Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг тегишли қарори қабул қилиниб, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ўртасида қўшма тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Кун тартибидаги масала депутатларнинг доимий назоратида туриши лозимлиги таъкидланди.
Обсудить новость на Форуме