19:00 15.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚУЛАЙ ИШБИЛАРМОНЛИК ВА ИНВЕСТИЦИЯ МУҲИТИНИ ЯРАТИШНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШЛАРИ

 Маълумки, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич эркинлаштириш, истисодиётни янада тараққий эттиришнинг стратегик йўналишларидан келиб чиқадиган долзарб вазифалар белгиланиб, ушбу дастуриламал ҳужжат асосида бир қатор янги қонунлар қабул қилинаяпти.  Худди шундай муҳим ҳужжатлар сирасига «Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам киради.  Мазкур қонун лойиҳаси Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Олий ҳўжалик суди томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент муҳокамасига киритилди. Бугунги кунда O`zLiDeP электорати ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонлар учун янада қулай муҳит яратишга қаратилган ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишда фракциямиз аъзолари қатъий позицияда турдилар. Зеро, бу жараён Сайловолди платформамиздаги йўналишларни ҳаётга татбиқ этиш билан бевосита боғлиқдир.  Шунинг учун ҳам ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилишларимизда уни қўллаб-қувватлаш билан бирга, Сенатга юбориш таклифини илгари сурдик. Қонун лойиҳасида Хўжалик процессуал кодексига учта йўналишда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назар тутилмоқда.  Биринчи йўналишдаги ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, хўжалик судлари фаолиятига электрон ҳужжат алмашинуви жорий қилиш, яъни хўжалик суди ишида иштирок этувчи шахслар ўз мурожаатларини, шунингдек, уларга илова қилинган ҳужжатларни хўжалик судига электрон кўринишда юборишлари мумкинлигини назарда тутувчи норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Хўжалик суди ишида иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатлари нусхаларини буюртма хат орқали юборилиши ёки тилхат олиб топширилиши тартиби сақланган ҳолда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг электрон манзиллари бўлганда уларга суд ҳужжатлари нусхаларини электрон почта орқали жўнатишни назарда тутувчи норма билан тўлдирилаяпти. Чунки ҳозирги вақтда хўжалик процессуал қонун ҳужжатларида суд ва ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида маълумотлар (ёзишмалар) алмашишнинг электрон шакллари назарда тутилмаган ва ишда иштирок этувчи шахслар судга фақат ёзма шаклда мурожаат қилишлари мумкин эди. Маълумки, Хўжалик судларининг Олий хўжалик суди ҳамда вилоятлар ва уларга тенглаштирилган хўжалик судларидан ташкил топган икки поғонали тизими судларга мурожаат қилишда муайян харажатлар (жисмоний, вақт билан боғлиқ, моддий, маънавий харажатлар)ни талаб этади. Хўжалик судлари катта шаҳарларда жойлашганлиги сабабли чекка туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўзларининг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун кўп маблағ ва вақт сарфлашларига тўғри келади. Амалдаги процессуал қоидаларга кўра, судга даъво тақдим этиш учун тадбиркорлик субъектлари уни почта орқали жўнатишлари керак ёки олиб келиб топширишлари лозим. Ҳар икки ҳолатда ҳам муайян ҳаракат, вақт ҳамда моддий харажатлар талаб этилади. Иккинчи йўналишдаги ўзгартиш ва қўшимчалар амалдаги Хўжалик процессуал кодексининг 1-моддасини хўжалик судига киритиладиган мурожаатлар, яъни ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоят, протестларнинг киритилиш асослари ва шакллари кўрсатилган учинчи қисм билан тўлдириш таклифидир.  Учинчи йўналишдаги ўзгартиш ва қўшимчалар эса хўжалик судига тааллуқли ишлар доирасини кенгайтириш, эндиликда акциядор ва акциядорлик жамияти, бошқа хўжалик ширкатлари ва жамиятлари иштирокчилари ўртасида хўжалик ширкатлари ва жамиятлар фаолиятидан келиб чиқадиган корпоратив низоларнинг, яъни дивидентларни тўлаш, улуш ажратиш, акционерларнинг умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш каби низолар хўжалик судларига тааллуқли эканини назарда тутувчи норма киритиш билан боғлиқдир. Корпоратив низоларнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, уларда бир тараф жисмоний шахс бўлишига қарамасдан, низо юридик шахснинг иқтисодий фаолияти бўйича вужудга келади. Амалиётда фуқаролик ишлари бўйича судлар бундай низоларни айнан шу сабаб бўйича кўриб чиқишни рад этган (иш бўйича иш юритишни тугатган) ҳолатлар кўплаб учрайди. Хўжалик судлари эса ХПКнинг амалдаги таҳририга асосан субъектив таркиб бўйича бундай низоларни кўриб чиқишга ҳақли эмас. Натижада шахсларнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бузилмоқда. Бундан ташқари, мазкур тоифадаги ишлар мураккаблиги билан ажралиб туради ҳамда нафақат ҳуқуқий, балки иқтисодий (корпоратив ҳуқуқ соҳасида) билимларни ҳам талаб этади. Мазкур тоифадаги ишларнинг иккита суд томонидан кўриб чиқилиши эса турли суд амалиётининг шаклланишига, бир хил ҳуқуқий нормаларнинг турлича талқин қилинишига олиб келади.  Хўш, шу ўринда ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қандай натижа беради, деган савол туғилиши табиий. Жавоб эса аниқ: авваламбор, хўжалик судларида ҳужжатлар алмашинувининг электрон шакли жорий этилиши тадбиркорлик субъектларининг моддий ва вақт билан боғлиқ харажатларини камайтиради, суд ва ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида ёзишмалар алмашинуви тартибини соддалаштиради. Суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини амалга ошириш учун эса янада қулай шарт-шароитлар яратади. Шунингдек, хўжалик судларига субъектив таркибдан қатъи назар корпоратив низоларни кўриб чиқиш ҳуқуқининг берилиши ушбу тоифадаги ишларнинг тааллуқлилиги муаммосини ҳал этади, уларни янада сифатли кўриб чиқиш ҳамда мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантириш имконини беради.   
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме