20:46 24.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚУЙИ БЎҒИНЛАР ОЛДИНГА ЎТСИН

Маълумки, ҳар қандай сиёсий кучнинг жамиятдаги обрў-эътибори, шубҳасиз, унинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, яъни аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қўшаётган ҳиссаси билан белгиланади. 

O`zLiDeP ва унинг қуйи тузилмалари ҳам ушбу талабдан келиб чиқиб, электорат хоҳиш-иродаси ва манфаатларини тўла рўёбга чиқаришга интилмоқда. O`zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Салим Болтаевнинг таъкидлашича, айни пайтда ҳудудда 421 та бошланғич ташкилот бўлиб, улар ўз атрофига 9263 нафар аъзони бирлаштирган ҳолда фаолият олиб бормоқда.

— Туман ва шаҳар кенгашлари ташаббуси билан ўтказилаётган ҳар қандай тадбир, айниқса, партиявий лойиҳаларга ҳам БПТ аъзолари кенг жалб этилмоқда, — дейди С.Болтаев. — Бундан кўзланган мақсад уларни партия ғоя ва вазифаларидан кенгроқ хабардор қилиш ва албатта, БПТларни ана шу жараённинг фаол иштирокчиларига айлантиришдир.

Бу борда, айниқса, Бухоро, Когон шаҳар ва туманлари, шунингдек, Вобкент туманларидаги ижобий ишлар яхши самара бермоқда. Аммо ҳозирча Пешку, Қоракўл ва Жондор туманларидаги фаолиятимизни қониқарли, деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам вилоят кенгаши мутахассислари айнан ана шу ҳудудларга амалий ёрдам бераяптилар. БПТлар турли адабиёт, тарқатма материаллар билан таъминланаяпти. Қуйи бўғин аъзолари учун семинар ва тренинглар ўтказилаяпти.

Ҳақиқатан ҳам, кейинги пайтда Бухорода қуйи бўғинлар фаолиятида юз бераётган ижобий ўзгаришлар туман, шаҳар кенгашлари ишига ҳам таъсир этаётгани бежиз таъкидланмаяпти. Бир сўз билан айтганда, фаоллик, ташаббускорлик БПТлар учун асосий мезонга айланмоқда, десак хато бўлмайди. Айниқса, жойларда ўтказилаётган турли тадбирлар, давра суҳбатларида асосий эътибор электорат вакилларининг ҳаётий муаммоларига қаратилаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Бу эса жойларда партиянинг ғоя ва мақсадларига бўлган қизиқишни кучайтираётир. Ташқи иқтисодий фаолият «Миллий банк»нинг Когон шаҳар филиали ҳамда туман Саломатлик масканида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам асосий эътибор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик масалалари муҳокамасига бағишланди. Қолаверса O`zLiDeP Дастури ва Устави, шунингдек, Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кўплаб амалий таклифлар ўртага ташланмоқда. 
Юртбошимизнинг «Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш бизнинг бош мақсадимиздир» мавзуидаги маърузаси юзасидан эса Жондор ва Қоракўл туманларида ўтказилган давра суҳбатлари, шунингдек, Олот туманида БПТ етакчилари иштирокида ташкил этилган «Сиёсий партияларнинг мақсад ва вазифалари: уларнинг партиявий ғоялари ўртасидаги тафовутлар» мавзуидаги йиғилиш, Ромитан туманидаги «Қаҳрамон» МФЙ ҳудудида иш олиб бораётган қуйи бўғиннинг «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» мавзуига бағишланган тадбирлари ҳам долзарблиги ва ижтимоий аҳамияти билан алоҳида ажралиб турди.

— Маълумки, қуйи ташкилотлар партиянинг негизи саналади. Агар улар кўнгилдагидек фаолият юритса, ижтимоий-сиёсий соҳада кўзланган мақсадларга тўла эришиш мумкин, — дейди O`zLiDeP Бухоро шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Д.Шарипова. – 350 га яқин бошланғич ташкилот  раислари қайта сайланди. Жойларда ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишларида қуйи бўғинлар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шундан кейин шаҳардаги барча БПТлар ўз режасини қайта кўриб чиқиб, келгуси вазифаларни белгилаб олди. Бу эса «Обод турмуш йили»да қуйи бўғинлар ва уларнинг етакчилари зиммасига катта масъулият юклаши шубҳасиз. Зеро, ғоявий-маърифий ишларни кучайтириш, партиянинг ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилиш, ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш ҳар биримизнинг асосий бурчимиздир.


Шаҳодат МИРЗААЛИЕВА,
 "XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 20 июнь, 25 (501)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме