19:01 27.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚУЙИ БЎҒИНГА БИРЛАМЧИ ЭЪТИБОР

Жамиятимизни янгилаш ва модернизациялаш жараёнида жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар зиммасига улкан масъулият юклатилган. Партиялар, жумладан, O‘zLiDePнинг мақсад ва вазифалари эса  асосан унинг бошланғич ташкилотлари орқали амалга ошириляпти. Бинобарин, қуйи бўғинларнинг партия ғоявий таъсир доирасини  узлуксиз кенгайтиришдаги аҳамиятини янада ошириш, жойларда ижтимоий-сиёсий ишларни тобора кучайтириш, қисқаси, уларнинг фаолиятини тинимсиз такомиллаштириш ва юксалтириш талаб этилмоқда. 

Партиянинг жойларда фаолият олиб бораётган БПТлари билан ишлаш масаласи доимий диққат марказимизда турибди. БПТ раисларининг маънавий-маърифий, сиёсий савиясини янада оширишга партия сиёсий таълим маркази ҳам муносиб ҳисса қўшаётир. Масалан, жами 7744 нафар БПТ раиси иштирок этган сиёсий ўқувларда мамлакатимизда рўй бераётган муҳим воқеалар мазмун-моҳияти, Юртбошимизнинг маъруза ва асарлари, парламентнинг қонунчилик фаолияти ва бошқа муҳим  мавзулар кенг муҳокама қилинаётгани ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлашни истардим. 

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда ҳудудий партия ташкилотларида “Сиёсий партияларда бошланғич ташкилотлар самарадорлигини ошириш” мавзуида семинар-машғулотлар ҳам ўтказиб келинмоқда. Ўқувларда БПТлар раҳбарларига партиявий ишни ўргатиш, жумладан, маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда электорат вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кундалик муаммоларни ечиш билан боғлиқ ташкилий-партиявий ишларни янада жонлантириш, бу борада намунавий иш режалари тузиш  ва уни амалда бажариш йўл-йўриқларини ишлаб чиқиш каби бир қанча масалалар юзасидан маълумот берилаётир.Шу ўринда БПТлар фаолиятига доир манзарани тўлиқроқ тасаввур этиш учун айрим рақамларга диққат қаратайлик. Республика миқёсида жорий йилнинг 9 ойида БПТлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 76 тага кўпайиб, 7807 тага етди. Партия аъзолари эса  2632 кишига ортиб, 178106  нафарга етди. Бу шунчаки сон кетидан қувиш эмас, балки тизимли равишда олиб борилган ишлар ва тарғибот-ташвиқотнинг самараси, албатта.

Аъзоларнинг 93823 нафарини ёки 52,7 фоизини иқтисодиётимиз таянчи ҳисобланадиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари ташкил этаётгани, уларнинг  16965 нафарини ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бораётган фермерлар ташкил этаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш ўринлидир.   

Партия аъзоларининг 38,1 фоизини аёллар, 50,2 фоизини эса навқирон авлод вакиллари ташкил этаётгани либерал-демократик ғояларга қизиқиш муттасил ошаётганидан, айни пайтда хотин-қизлар ва ёшлар масаласи доимий эътиборда эканидан дарак беряпти.

БПТлар ишини мувофиқлаштириш ва янги босқичга кўтариш жараёнида ҳисобот-сайлов йиғилишлари жуда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур тадбирларда БПТларнинг ўтган йилги фаолиятига холисона баҳо берилди, улар фаолиятини янада жонлантириш ва кенгайтириш кўзда тутилган махсус режалар ишлаб чиқилди. 

Ҳисобот-сайлов йиғилишларида БПТ раислари ва уларнинг ўринбосарларига муносиб номзодлар сайлашга катта эътибор қаратилди. БПТ раисларининг 6811 нафари ёки  88,1 фоизи қайта, 926 нафари ёки 11,9 фоизи янгидан сайланди. Бу жараёнда ҳар бир етакчининг фаолияти сарҳисоб қилинди. Йиғилишларда партиянинг 146380 аъзоси, яъни жами аъзоларнинг 83  фоизи қатнашди. Қуйи ташкилотларга ёш, серғайрат, шижоатли тадбиркорлар ва фермерларни раҳбарликка сайлашга жиддий эътибор бериляпти.

Тилга олинган йиғилишларда Президентимизнинг “Бош мақсадимиз - кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш” номли маърузасидан келиб чиқувчи долзарб партиявий вазифалар, юртимизнинг барча жабҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар БПТ етакчиларидан ўз фаолиятларига нисбатан янгича ёндашувларни талаб қилаётгани борасидаги фикр-мулоҳазалар қатнашчилар диққат марказида бўлди. Шунингдек, ўтказилган ҳисобот-сайлов йиғилишларида қишлоқ мулкдорлари, ишбилармонлар ҳисобидан партия сафларини янада кенгайтириш, янги БПТлар ташкил этиш, шу билан бирга, “Обод турмуш йили” Давлат дастури ҳамда партиянинг 2013 йилдаги ҳаракат дастурини ҳаётга татбиқ этишда қуйи бўғинлар зиммасидаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунинг баробарида “O‘zLiDeP БПТлари фаолиятини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2013-2014 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар  режаси ишлаб чиқилди ва партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси мажлисида тасдиқланди. Белгиланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари раҳбариятининг йилда 2 маротаба, шунингдек, туман ва шаҳар партия ташкилотлари масъулларининг ҳар 3 ойда бир марта БПТ раислари ҳамда аъзолари билан мулоқотлар уюштириши амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур суҳбатларни ташкиллаштириш бўйича 7 та йўналишдаги намунавий мавзулар режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, БПТларнинг жорий йилга мўлжалланган иш режалари ишлаб чиқилди ва  шу пайтга қадар 704 та тадбир бўлиб ўтди. Уларда  партиянинг 26 мингдан зиёд фаоли бевосита иштирок этди. 

Кадрлар масаласи партия келажаги учун фавқулодда муҳим аҳамиятга эгалигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Бинобарин, ушбу тадбирларда сиёсий етук, ташаббускор партия аъзоларидан 812 нафари O‘zLiDePнинг жорий ва истиқболдаги кадрлар захирасига олингани саъй-ҳаракатларнинг ижобий самарасидир.    

Амалга оширилган ишлардан кенг жамоатчилик ва электорат вакиллари мунтазам хабардор этилмоқда. Шу йилнинг 10 ойи давомида марказий ва маҳаллий ОАВда  574 маротаба чиқиш қилинди. Бу эса 2012 йил билан қиёсланганда 30 фоиз кўп демакдир. Бироқ Деҳқонобод, Шовот, Сардоба ва Нукус туманларининг бу борадаги эришган натижаларини ижобий баҳолаб бўлмайди.

Ютуқларни эътироф этиш баробарида айрим камчиликлардан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Таҳлиллар ҳудудлардаги йирик корхона ва ташкилотларнинг аксариятида O‘zLiDeP бошланғич  ташкилотлари ташкил этилмагани ва партия аъзоларининг катта қисми сифат жиҳатдан талаб даражасида эмаслигини кўрсатди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўриш, белгиланган талабларга жавоб берадиган, рақобатбардош кадрлар захирасини шакллантириш муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан БПТлар ва партия аъзоларининг сифат таркибини яхшилашга устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Шулар инобатга олиниб, ҳудудий партия кенгашларига йирик ташкилотларда БПТлар тузиш ҳамда аъзолар сонини кичик бизнес, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳисобига ошириш бўйича режа ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш юклатилган эди. Натижада охирги тўрт ойда йирик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларида 121 та янги қуйи бўғин тузилди ва умумий ҳисобда 1000 дан зиёд киши партия аъзолигига қабул қилинди. Айни пайтда кичик бизнес тузилмалари, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари раҳбарларини партия сафига жалб этиш бўйича ҳам бирмунча ишлар бажарилди. 426 нафар раҳбар партия аъзолигига  қабул қилинди. 

Ташаббускор қуйи ташкилотлар электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, баъзи масалаларга депутатлар, мутасадди идоралар эътиборини қаратиш билан тобора кўпроқ шуғулланяпти. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг жорий йил февраль ойида “БПТлар томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ўрганиш ва уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш тўғрисида”ги қарори ва бу борадаги йўриқномаси эса қуйи бўғинлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. БПТ фаолларининг сайловчилар, фуқаролар мурожаатларига нечоғли масъулият билан ёндашаётганлиги қуйидаги рақамларда ҳам намоён бўлмоқда. Ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига юборилган 2229 та депутатлик сўровининг 1437 таси, 500 мансабдор шахс ҳисоботининг 113 таси ҳамда ўтказилган 211 та назорат-таҳлил ишининг 97 таси бевосита БПТлар томонидан кўтарилган масалаларга тааллуқлидир. Ушбу рақамлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўртача 55 фоиз ўсиш юз берганини кўрсатиб турибди.  

Умуман, юқорида баён этилганлар БПТлар фаолиятида олға силжиш борлигини яна бир карра тасдиқлаяпти. Аммо Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида БПТлар ташаббуси билан хусусий сектор вакилларининг қонуний манфаатларини ифодаловчи масалалар юзасидан партия юқори органларига доимий тарзда таҳлилий материаллар ва таклифлар тақдим этишда сусткашликка йўл қўйилмоқда. O‘zLiDeP салоҳияти ва электорат олдидаги масъулият кўламидан келиб чиқиб бу борадаги ишларни зудлик билан жадаллаштириш зарур. Шу боис, БПТлар фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш вазифаси изчиллик билан ҳал қилиняпти. Зеро, партиянинг негизи — бошланғич ташкилотлар самарали фаолият юритгандагина ижтимоий-сиёсий соҳада кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Мақсад эса ҳал қилувчи бўғин ҳисобланувчи БПТлар фаолиятини юксалтириш, пировард натижада партиянинг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишдан иборат.     
Бахтиёр АҲМЕДОВ,O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси
аппарати бош консультанти
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме