17:45 24.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚУЙИ БЎҒИН – ЭЛЕКТОРАТ БИЛАН КУЧЛИ
Бухоро вилоятидаги “Жондор чашмаси” масъулияти чекланган жамиятида O‘zLiDeP бошланғич ташкилоти 2013 йил март ойида ташкил этилган эди. Ўз сафига 9 нафар аъзони бирлаштирган БПТга раис этиб мазкур МЧЖ раҳбари Мамлакат Тошиева сайланганди.
М.Тошиева мухбиримиз билан суҳбатда O‘zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда партия қуйи бўғинлари ҳал қилувчи кучга эга эканини алоҳида таъкидлади.
-Мамлакатимиздаги тўртта сиёсий партия орасидан айнан O‘zLiDePни танлаганингизнинг боиси нима?
- Тадбиркор аёл бўлганим учун ҳам O‘zLiDeP Дастуридаги устувор вазифалар ва партиянинг истиқболли режалари менда катта қизиқиш уйғотган, десам хато қилмаган бўламан. O‘zLiDeP сафига қўшилар эканман, партиянинг келажагига бўлган ишонч мени ўз фаолиятимда янги марралар сари етаклашини чин юракдан ҳис қилганман.
Корхонамизда фаолият юритаётган қарийб йигирма ишчидан 9 нафари ана шундай ишонч туфайли бугун O‘zLiDeP сафида. Улар партиявий топшириқларни астойдил бажариш билан бир қаторда корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари салмоқли бўлишига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Партия тадбиркор ва ишбилармонлар фаолияти ялпи миллий маҳсулотнинг яратилишида етакчи ўрин эгаллаши ҳамда фуқаролар фаровонлигини оширишда асосий омил бўлиши керак, деб ҳисоблаши уларнинг ҳам кўнглидаги гап.
- Корхонангизда кейинги пайтда рўй берган ўзгаришлар хусусида ҳам сўз юритсангиз.
- МЧЖга қарашли сутни қайта ишлаш заводи технологик жиҳатдан янгилангандан сўнг ишлаб чиқариш қуввати янада ошди. Ўтган йили 8 та янги иш ўрни яратилди. Корхонада тайёрланаётган сариёғ, пишлоқ, творог, қаймоқ, бринза сингари 12 турдаги маҳсулотга бугунги кунда талаб катта. 2012 йилда буюртмачиларга 594,6 млн. сўмлик маҳсулот етказиб берилди, рентабеллик даражаси 22 фоизга етди.
Бу ютуқларимизга бундан 5 йил муқаддам тижорат банкларидан 50 миллион сўм кредит олиб, янги асбоб-ускуналар харид қилганимиз асосий пойдевор бўлди, десам янглишмайман. Чунки бунинг натижасида ишлаб чиқариш қуввати сезиларли ўсди. Аҳоли ва фермерлардан кунига 2,5-3 тонна серқаймоқ сут харид қилиб олиниб, қайта ишланадиган бўлди.
Кейин эса корхона даромади ҳисобидан яна бир қанча турдаги янги технологиялар, 2 та замонавий музлаткич сотиб олдик. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз тури кўпайди, сифати янада яхшиланди.
Ҳар йили маҳаллий бозорга катта миқдорда помидор ва бодринг етказиб бериб, эл дастурхони тўкинчилигига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз.
Корхонамиз меҳнат жамоаси аъзолари, айниқса, O‘zLiDeP фаоллари саъй-ҳаракати билан янги истиқболли режалар ишлаб чиқилиб, изчил амалга ошириб келинмоқда. Келгусида банк кредитлари ҳисобига зотли, маҳсулдор қорамоллар сотиб олиш ниятимиз ҳам йўқ эмас. Натижада сут заводимиз учун маҳсулотнинг бир қисми ўзимиздан чиқади.
Бу режаларимизни амалга оширишда партия бизга маслакдош эканини доимо ҳис этиб турамиз. Чунки партия Дастурида қишлоқ хўжалигини, жумладан, чорвачиликни ривожлантириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Бошланғич ташкилотимиз аъзоларидан Абдуғафур Саидов, Фотима Аҳмедова, Насиба Неъматова, Вазира Рўзиева ва Дилафруз Муҳитдинова кабилар олий маълумотли мутахассислар экани партия дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда жуда қўл келяпти.
Корхонамиз 2,6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Фаол аъзоларимиз нафақат мана шу ҳудудда, балки қўшни “Пахтакор” ва “Навгади” МФЙларида ҳам турли мавзуларда суҳбатлар, учрашувлар ташкил этишни йўлга қўйган.
O‘zLiDePнинг мамлакатимиз сиёсий майдонидаги етакчилик мавқеи янада мустаҳкамланиши учун юртдошларимизнинг партиямизни бундан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлашига эришиш ниҳоятда зарур. 2014 йилда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий кампания – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар арафасида бу масала ҳар доимгидан ҳам жиддий долзарблик касб этади.
Буни партиянинг қуйи бўғин тузилмалари, хусусан, бизнинг БПТ фаоллари ҳам чуқур ҳис этиб турибди. Шунинг учун электорат билан ишлаш, партиянинг мақсад ва вазифаларини кенг оммага етказишда биз янада фаолроқ бўлишга интиляпмиз.
O‘zLiDeP Бухоро вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме