20:30 02.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚУЙИ БЎҒИН АЪЗОЛАРИ ЎЗ КУЧИГА ИШОНМОҚДАЛАР
O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ботир Бекжанов йил охиригача бошланғич партия ташкилотлари сони икки баробарга ошиши мумкинлигини таъкидламоқда
— Айни пайтда Қорақалпоғистонда 10 минг 600 нафарга яқин O`zLiDeP аъзоси бор, — дейди Б.Бекжанов биз билан суҳбатда. — Уларнинг 58 фоизини ёшлар, 36 фоизини эса аёллар ташкил этаётир.
Ҳисобот-сайлов йиғилишлари давомида БПТ етакчиларининг 117 нафари ёки 19,9 фоизи бошқа ишга ўтгани, айримларининг фаолияти суст деб топилгани боис улар ўрнига янги етакчилар сайланди.
2013 йилнинг ўтган даврида қуйи бўғин аъзолари томонидан турли мавзуларда 350 га яқин тадбир ташкил этилиб, либерал-демократик ғоялар изчил тарғиб этилди. Натижада БПТлар саъй-ҳаракати билан партия сафига 225 нафар янги аъзо қабул қилинди. Йиғилишларда фаол иштирок этган, билимдон, ташкилотчи ёшларнинг 320 нафари эса кадрлар захирасига олинди. Шу ўринда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган семинар-тренингларда БПТлар билан ишлаш механизми янада такомиллаштирилганини айтиш жоиз.
Бунинг натижаларини қуйи бўғинлар фаоллиги, ташаббускорлиги ошганида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Қанликўл туманидаги «Арзимбет қум» овул фуқаролар йиғини ва «Аселл-Лаззет» хусусий корхонаси, Хўжайли туманидаги 13-сонли МФЙ, Нукус шаҳридаги «Зар-Дил-Дилбар» хусусий корхонаси, Шуманай туманидаги «Б.Саденов» фермер хўжалиги, Тўрткўлдаги «Машхолдинг» МЧЖ, Кегейлидаги «Кегейли тутинув» хусусий корхонаси, Қўнғирот туманидаги «Қўнғирот сода заводи» унитар корхонасида иш олиб бораётган бошланғич ташкилот аъзоларининг фаоллигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бошқа кўплаб қуйи бўғинларнинг кейинги икки йилдаги фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.
Ўзаро ҳамкорлик
Маълумки, ҳар қандай партия фаолиятининг самарадорлиги кўп жиҳатдан бошланғич ташкилотлар, депутатлик гуруҳлари ва электорат вакиллар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига боғлиқдир. Ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш, мавжуд муаммоларни маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларида ўрганиб чиқиш, долзарб ҳисобланганларини халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссияларда таҳлил қилиб, сессияларда кўриб чиқишда ҳам БПТлар ташаббускорлиги ниҳоятда муҳимдир.
Мана, бир мисол. Яқинда Қанликўл туманидаги 2-сонли МФЙ ҳудудида иш олиб бораётган БПТ аъзолари аҳолига маиший хизмат кўрсатиш маркази биноси учун ер майдони ажратиш тўғрисида депутатлик гуруҳига мурожаат этди. Масалага депутатлар жалб этилганидан кейин туман ҳокими қарори қабул қилиниб, унга асосан 180 кв.метр ер майдони ажратилди.
Хўжайли туманидаги «Ахунбабаев» МФЙ ҳудудида фаолият юритаётган БПТ эса 10 та хўжаликни газ билан таъминлаш бўйича туман партия кенгашига мурожаат қилди. Кенгаш мутасаддилари бу масалани депутатлик гуруҳи билан муҳокама қилганидан кейин туман газ бошқармаси, архитектура бўлими ёрдамида хўжаликларга газ қувурлари тортилди.
Айни пайтда Тўрткўл, Беруний, Қанликўл, Амударё туманлари ва Нукус шаҳридаги фаол БПТ аъзолари томонидан ҳам электорат манфаатларига оид бир қатор масалалар депутатлик гуруҳлари йиғилишларида муҳокама этилаётганини айтиш мумкин.
Янги босқичнинг янгича вазифалари
Шу ўринда, Қорақалпоғистонда ташаббускор бошланғич ташкилотлар тажрибасини оммалаштириш мақсадида турли семинар, давра суҳбати ва очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани, бундай тажрибалар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётганини таъкидлаш жоиз.
Лекин Амударё, Қораўзак, Мўйноқ туманларидаги БПТлар фаолияти хусусида бундай ижобий фикрлар билдириш қийин. Шунинг учун ҳам O`zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ана шу ҳудудлардаги қуйи бўғинлар ишини жонлантириш мақсадида махсус режа ишлаб чиқиб, уни амалга ошира бошлади. Бунда, биринчи навбатда, БПТлар раҳбарларининг сиёсий, ҳуқуқий билимларини чуқурлаштириш, партия юқори органига таҳлилий материаллар бериш жараёнини жадаллаштириш, қуйи бўғинларнинг депутатлар ва депутатлик гуруҳлари, шунингдек, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Мақсад – шу йил охиригача йирик корхона ва ташкилотлар ҳамда кичик бизнес, якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш орқали қуйи бўғинлар сонини икки баробарга оширишдир.
Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистонда тинимсиз изланиш, жонкуярлик ва ташаббускорлик билангина бошланғич ташкилотлар салоҳиятини тўлароқ рўёбга чиқариш мумкинлиги ўз исботини топмоқда.
Беҳзод ИСРОИЛОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 31 октябрь, 44 (520)-сон
Обсудить новость на Форуме