21:15 31.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚОНУНЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШУВИГА ҲИССА ҚЎШИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛАМИЗ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасидаги “Агар мен депутат бўлсам” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. 

Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, “Ёшлар қаноти” фаоллари, танлов иштирокчилари қатнашди.  

- Партия дастурий вазифаларининг асосий устувор йўналишларидан бири давлатнинг яхлит ва талабга жавоб берадиган ёшлар сиёсатини амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратишдир, - дейди партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппаратининг Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Бегмат Очилов. - O‘zLiDePнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама камол топган, Ватанига садоқатли, ижтимоий-сиёсий жараёнларда, замонавий бозор иқтисодиёти, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришда фаол иштирок этишга тайёр бўлган йигит-қизларни тарбиялашга қаратилган. Партиянинг ёшлар ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилаётган тадбирлари самарадорлигини статистика маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Масалан, 2009 йилги парламент сайлови натижаларига кўра, партия “Ёшлар қаноти”нинг 243 нафар фаоли турли даражада депутат бўлди ва бу борада профессионал фаолият юритмоқда. 

Танлов туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичларида ўтказилди. Шартлар бўйича иштирокчилар ўзларининг ижодий ишларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари роли ва фаолияти ҳақидаги таассуротларини эркин ифода этиб, ёшларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этишда қонунчилик ташаббусларини асослашни шакллантириш бўйича аниқ таклифлар берди. Яъни лойиҳалар аслида сайловолди дастурлари ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш минидастурлари бўлди.

Бугунги кунда лойиҳа доирасида ўтказилган 150 дан зиёд тадбирда – амалий семинар ва учрашувларда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари вакиллари – қарийб 8 минг йигит-қиз иштирок этди. Улар томонидан 350 дан зиёд лойиҳа тайёрланиб, танлов ҳайъати аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди. Умуман олганда, лойиҳани амалга ошириш натижалари бўйича 2008-2013 йиллар давомида 500 нафарга яқин йигит-қиздан иборат истиқболли кадрлар захираси базаси яратилди.

Танловнинг республика босқичи икки кун давомида ўтказилди. Биринчи куни тадбир иштирокчиларининг намунавий сайловолди дастурлари режавий тақдимотлари ўтказилди ҳамда иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида иштирок этиш имконига ҳам эга бўлди.

Тадбир жараёнида танловнинг республика босқичи иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан биргаликда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг қонунлар асосланишини тайёрлаш жараёнидаги амалий вазифаларини муҳокама этди. Ёшлар манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳалари ҳамда қонуности ҳужжатлари ҳақида фикр алмашди. Сўнгра айтилган таклиф ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда қайта ишланган лойиҳалар ҳайъат аъзоларига тақдим этилди.

Танловнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда ёшлар лойиҳалари шахсий тажриба, мавжуд ресурслар ва имкониятларни таҳлил қилиш, ёшларни ўйлантирувчи масалаларни ҳал этишнинг энг қисқа ва самарали йўлларини танлашга асосланади. Бундан ташқари, турли соҳаларга оид билимларни олиш билан бирга иштирокчилар ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказиш, тажриба алмашиш, турли масалаларни депутатлар билан муҳокама этиш, долзарб ва истиқболли йўналишларни аниқлаш имконига эга бўлди.

Ҳайъат иши якунлари бўйича республика танловида иштирок этиш учун 44 номзод танланди, учта номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати”, “Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати”, “Халқ депутатлари туман кенгаши депутати” каби учта номинация бўйича ғолибларга партиянинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. 

- Танловнинг қуйи босқичлари доирасида ташкил этилган тадбир, учрашув ва семинарлар бизнинг соҳага доир билим ва кўникмаларимиз бир поғона ошишига хизмат қилган бўлса, якуний босқичда бу кўникмалар янги поғонага кўтарилди, - дейди Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги 10-мактаб ўқитувчиси Нафиса Холмуродова. - Мен  ёш авлод таълим-тарбиясига масъул бир инсон сифатида партия ташаббусларини қўллаб-қувватлайман. 2011 йилдан бери O‘zLiDeP Зарафшон шаҳар Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Танловга тайёрлаган дастуримда асосий эътиборни бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратдим. У орқали аҳолининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, ҳудудларда мавжуд бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлайман. Уларни халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияларининг кун тартибига киритиб тегишли қарор қабул қилинишига эришиш ва ижросини мунтазам назорат қилишни мақсад қилганман. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш қонун ижодкорларидан юксак ташаббускорликни, фаолият самарадорлигини ҳамда парламент назорати таъсирчанлигини оширишни талаб этади. Мен лойиҳамда бу жиҳатларга ҳам эътибор қаратдим. 

Бухоро туманидаги Галаосиё педагогика коллежи талабаси Моҳинур Сайфуллаева танловда “Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати” йўналишида биринчи ўринни эгаллади. 

“Партиянинг мазкур танловида иштирок этиб, кўплаб тенгқур ёшлар билан ўзаро фикр алмашиш, парламентдаги депутатлар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдик ва дунёқарашимиз янада ўсди. Бу каби танловларнинг ўтказилиши ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, қонунчилик маданияти ва сиёсий билимлари янада ошишида катта маҳорат мактаби вазифасини ўтайди”, - деди М.Сайфуллаева. 

Иккинчи куни эса улар Олий Мажлис Сенати биноси, Ўзбекистон тарихи давлат музейига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди. 
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме