10:18 24.11.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚОНУНЛАР – ТАДБИРКОРЛИК РИВОЖИ КАФОЛАТИ

O`zLiDeP фракциясида таъкидлашларича, бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири бу Мамлакатимизда демокрактик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида белгиланган қонунларни ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш ва қабул қилишдан иборат. Бунда фракция ўз эътиборини асосан демокрактик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт бошқарувини либераллаштириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш  масалаларига, бир сўз билан айтганда, мулкдорлар синфини қўллаб-қувватлашга қаратмоқда. 

Концепция ва “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурида белгиланган қонун лойиҳалари муҳокамасига кенг аҳоли қатламларини фаол жалб қилиш уларнинг нафақат сифатини оширишга, балки келгусида жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасидаги ишларни яхшилашга ижобий таъсир кўрсатмоқда.  Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг ҳуқуқий маданияти юксалмоқда, қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши жараёнида уларнинг манфаатларини ҳисобга олиш, давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик таъминланмоқда, жамоатчилик назорати институти жорий этилмоқда. 

Шу муносабат билан O`zLiDePнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ташаббуси билан жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг  миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги ролини янада оширишга қаратилган қонун лойиҳалари кенг муҳокамасига бағишланган жамоатчилик, экспертлар ва мутахассислар, фуқаролик институти, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари вакиллари иштирокида тизимли семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Бу каби тадбирларнинг бири Наманган вилоятида бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинликларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасининг мавзуси бўлди.

Тадбирда, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун барча зарур шароитларни яратиш Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим таркибий қисми эканлиги таъкидланди.  Мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши бугун 50 фоиздан ошади. Концепция ва Давлат дастурида у реал иқтисодиёт соҳаларида, авваламбор - саноатда етакчи ўрин эгаллаши зарурлиги ҳамда шу мақсадда миллий қонунчиликни такомиллаштириш вазифаси белгиланган.

Барно Абдуллаева, O`zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

“Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар босқичма-босқич ва изчил амалга оширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгиланган стратегик вазифаларни амалга оширишда Конституция мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистонда кенг қамровли ўзгаришлар йўлида давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Концепция янги босқични бошлаб берди.  Ушбу дастурий ҳужжатда акс эттирилган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари иқтисодиётни янада либераллаштириш, кўп укладли бозор инфратузилмасини шакллантириш, давлатнинг назорат ва бошқарув ваколатларини кескин қисқартириш, корхоналарнинг хўжалик фаолиятига аралашувини ман этиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш масалаларини ўз ичига қамраб олади. Улар асосида иқтисодиётнинг турли соҳаларида муносабатларни тартибга солувчи ва уларни янги босқичга чиқарувчи қонунларнинг бутун пакети ишлаб чиқилган бўлиб, у жадал ривожланаётган жамиятимизнинг замонавий шароитларига мос келади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги улушини янада ошириш учун катта аҳамиятга эга бўлган яқинда яна иккита янги -  “Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинликларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Улар жуда долзарб ва замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Уларнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши нафақат “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” вазифаларини бажариш, балки умуман – Ўзбекистон иқтисодиётини янада жадал ривожлантириш, унинг дунё бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади”.

Тадбир иштирокчилари қизғин баҳс-мунозара давомида “Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинликларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига киритилган барча янги меъёрларни батафсил муҳокама қилдилар. Қонун қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишга, ўз фаолиятини кенгайтиришлари учун янги имкониятлар яратишига кўмаклашишини таъкидладилар.

O`zLiDeP фракцияси аъзолари тадбир иштирокчиларига тадбиркорликни ривожлантиришни янада рағбатлантириш, унинг субъектлари фаолияти учун янада кўпроқ эркинлик бериш, уларни ташкил қилиш механизмларини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг асосий мақсадлари ҳақида маълумот бердилар.

Жумладан, фракция аъзолари таъкидлашича, истеъмолчилик талабини қондириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилувчи қонун лойиҳасининг энг муҳим янгилигидан бири бу оилавий корхоналарни кичик тадбиркорлик субъектлари қаторига киритилиши, кичик корхоналар ишчилари ўртача йиллик чегара сонини 50 дан 100 кишига ошириш ва бошқа қатор янгиликлардир.

Равшан Асқаров, O`zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

“Тадбиркорлик фаолиятининг қўшимча кафолатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасидаги энг муҳим янгилигидан бири бу тадбиркорлик субъектининг ҳақлилиги презумпцияси белгиланганлигидадир. Энди тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлар фойдасига талқин этилиши қонунчилик асосида мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувларини қисқартиришга қаратилган меъёрлар киритилган. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, улар фаолиятини текшириш ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бошқа меъёрлари белгиланган тартибини бузганлик учун айбдор шахсни жавобгарликка, шу жумладан жиноий жавобгарликка тортиш зарурати белгиланди. 

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари учун бозорларда тенг шароитлар яратиш заруратидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасига носоғлом рақобатга йўл қўймаслик, тадбиркорларнинг хомашё, алоҳида товарлар ва хизматлардан кенг фойдаланишларини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш бўйича ушбу мақсадларга ихтисослашган марказлар ва ташқи савдо компаниялар тузиш тўғрисидаги моддалар киритилган.

Шунингдек, давлат буюртмасини олиш ҳам қонунчилик асосида мустаҳкамланмоқда. Жумладан, биринчидан, давлат идоралари   тадбиркорлик субъектлари орасида давлат эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариш ва етказиб бериш буюртмаларини жойлаштиришга доир чораларни кўрмоқда, иккинчидан, давлат харидлари бўйича танловларни ўтказишда бошқа тенг шароитлар қаторида кичик тадбиркорлик субъектларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади”.

Тадбирда қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган қатор бошқа нормалар ҳам кўзда тутилган.  

 
Давлатимиз раҳбари томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида баён этилган қонунчилик ташаббусларига мувофиқ ишлаб чиқилган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги яна бир қонун лойиҳаси Термиз шаҳрида муҳокама этилди.

Таъкидландики, қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад оилавий тадбиркорликни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг энг муҳим шакли сифатида иқтисодиётнинг турли соҳаларида ривожлантириш учун зарур қонунчилик базасини яратиш, оилавий бизнес учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш ва янги иш ўринларини яратишдан иборат.  

Абдуқодир Тошқулов, O`zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси:

“Қонун лойиҳасида оилавий тадбиркорлик оила аъзоларининг умумий ёки улушли мулки базасида ва оила аъзоларининг бевосита меҳнати иштирокида ташкил қилинган оилавий корхоналар томонидан амалга ошириладиган хўжалик фаолиятининг алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида кўриб чиқилмоқда. Оилавий корхона ўз фаолиятини юридик шахсни ташкил қилган ҳолда амалга оширади ва  нафақат эр-хотинлар умумий мулк базасида, балки меҳнат қилиш ёшига етган, қариндошлик муносабатларидаги бошқа оила аъзолари ҳам унда иштирок этиши мумкин.

Оилавий корхона давлат томонидан белгиланган намунадаги ариза ва таъсис шартномаси асосида соддалаштирилган тартибда хабар бериш принципи бўйича рўйхатга олинади. Бунда истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш, хизмат ва сервис хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик оилавий корхонанинг асосий фаолият соҳалари ҳисобланади. Оилавий корхоналар микрофирмалар ва кичик корхоналар каби, бироқ соддалаштирилган шаклда молиявий ҳужжат ва статистика ҳисоботини юритади”.

Тадбирда оилавий корхона аъзолари ўртасида ўзаро меҳнат муносабатлари улар томонидан меҳнат ҳақидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ёлланма ишчилар билан ўзаро муносабат сифатида тартибга солиниши таъкидланди.
Оилавий корхоналарни ривожлантиришни рағбатлантириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қонун лойиҳасига корхона иштирокчилари томонидан низом жамғармасини мустақил белгилаш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангач, даромад солиғидан озод этиш, коммунал инфратузилма объектларига қўшилиш ҳамда уларнинг аҳоли учун белгиланган тарифлардан фойдаланишини кўзда тутувчи нормалар киритилди.

Бундан ташқари, оилавий корхоналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган буюмлар рўйхатига кўра, ҳунармандлик, бадиий ҳунармандчилик ва амалий санъат буюмларини сотишдан олган даромад бўйича ягона солиқ тўловларидан озод этилади.

Неъмат Абдуллаев, тадбиркор (Бойсун тумани):

“Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда ислоҳотлар ислоҳотлар учун эмас, инсон учун, унинг манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш учун амалга оширилаётганини бир неча марта таъкидладилар. Буни ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Мен, тадбиркор сифатида ҳаётга татбиқ этилаётган сиёсат амалий натижа бераётганига ишонч ҳосил қилмоқдаман.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг изчил амалга оширилиши биз, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари учун  ўз фаолиятимизни ташкил этиш ва кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш учун янада катта имкониятлар ҳамда истиқболлар очиб бермоқда.

Концепцияда келтирилган қонунчилик ташаббуслари ниҳоятда мулоҳазали ва пухта ўйланган. Бу ташаббуслар бугунги кунда қандай амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ишлаб чиқилган янги қонунлар лойиҳалари Ўзбекистонда бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган муҳим нормаларни ўз ичига олган. Шубҳасиз, бу қонунларнинг қабул қилиниши ва амалга оширилиши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва салоҳиятини юксалтириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлашда  уларнинг ролини ошириш учун катта аҳамият касб этади. Ушбу қонун ҳужжатлари мамлакатимизда давом этаётган иқтисодий муносабатларни демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича қатор муҳим ҳуқуқий воситалар қаторига киритилади.

Мухтасар айтганда, O`zLiDePнинг парламентдаги фракцияси томонидан кенг жамоатчилик иштирокида жойларда ташкил қилинаётган тадбирларда  давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши олдимизда турган юксак мақсадларга эришиш – замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, халқимизни муносиб турмуш шароитлари билан таъминлаш ва жаҳон ҳамжамиятида ўзимизнинг муносиб ўринимизни эгаллашнинг кафолати эканлиги таъкидланмоқда.

Шунингдек, тадбирларда Концепциянинг ижросини таъминлашда аҳолимизнинг турли қатламлари, айниқса, тадбиркор ва фермерларнинг фаол иштироки зарурлиги билдирилмоқда.  Иштирокчиларнинг қонун лойиҳалари ва жамиятимиздаги демократлаштириш ислоҳотларини чуқурлаштириш бўйича таклиф-мулоҳазалари атрофлича ўрганилмоқда.

Бу туркумдаги тадбирлар республикамизнинг бошқа худудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

O`zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме