22:16 11.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚОНУНЛАР ИЖРОСИ ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
“Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” ҳамда “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг вилоятдаги ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама этилган мазкур тадбирда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси А.Жўрабоев, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар мазкур қонунлар ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритдилар.
Вилоятда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаат қилувчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда керакли ахборотни бериш ёки таништириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолини ҳамда оммавий ахборот воситаларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлардан хабардор қилиш мақсадида вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг деярли барчасида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган. Интернет тармоғида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат идораларининг веб-сайтлари ташкил этилиб, уларда тегишли тартибда зарур маълумот ва ахборотлар жойлаштириб берилмоқда. Мавжуд олтмишга яқин оммавий ахборот воситалари аҳолининг кенг қатламига мамлакатимиз, хусусан, Самарқанд вилояти ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳамда маданий-маърифий ҳаётига оид муҳим хабар ва янгиликларни ўз вақтида, сифатли етказиб бермоқда. Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг аҳоли билан бевосита мулоқотлари уюштирилиб, фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқдалар.
“Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2012 йилда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан йигирма мингга яқин мурожаат рўйхатга олиниб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Бу борада замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланилиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари веб-сайтлари ва электрон манзиллари орқали фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ҳамда уларга жавоб бериш тизими йўлга қўйилган. Ушбу йўналишдаги ишлар тез-тез таҳлил этилиб, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилмоқда.
Йиғилишда ижроси ўрганилган қонунларни амалга оширишда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилгани, мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани қайд этилди. Хусусан, давлат органларининг ахборот хизматлари ва медиатузилмалар ишини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатларига нисбатан масъулиятни кучайтириш, оммавий ахборот воситалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва улар билан ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат идоралари фаолиятига нисбатан ижтимоий ва жамоатчилик фикрини мониторинг қилиб боришни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди. ЎзА, Ғ.Ҳасанов
Обсудить новость на Форуме