13:00 23.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ БОЗОР РАҚОБАТБАРДОШЛИГИ ШАРОИТИДА ХЎЖАЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ИҚТИСОДИЙ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИНИ КУЧАЙТИРАДИ

 16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда ЎзЛиДеП электорати манфаатларига бевосита дахлдор бўлган қатор масалалар кўриб чиқилди.Қонунчилик палатасининг депутатлари, жумладан, ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама этилди. Йиғилишда қонун лойиҳаси мамлакатда ижтимоий шериклик институтини шакллантириш ва самарали фаолият кўрсатишини қонунчилик асосида таъминлашнинг долзарб масалаларини ҳал этишга қаратилганлиги таъкидланди. ЎзЛиДеП депутатлик корпусининг мазкур қонун лойиҳаси ташаббускорлигидаги иштироки партиянинг Сайловолди дастурида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш йўлидаги ҳаракатларидан бири ҳисобланади. Унда партия фуқаролик жамияти институтларининг фуқаролар манфаатларини қондириш ва ҳимоя қилиш, муҳим ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган фаолияти самарадорлигини оширишга кўмак бериши назарда тутилган.Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, турли қатлам вакилларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини ҳал этишда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро муносабатларини аниқ белгилашнинг муҳимлиги – ЎзЛиДеП ушбу масалага жиддий эътибор қаратаётганлигини кўрсатмоқда. Йиғилиш давомида давлат органларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари, жумладан, тармоқ, минтақавий ва ҳудудий дастурлар, фуқароларнинг, хусусан, тадбиркорлар, фермерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қарорларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда уларнинг ННТлар билан муносабатлари каби меъёрларга алоҳида эътибор қаратилди.Фракция аъзолари «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар. Давлатимиз раҳбари Концепциясида фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва ўз шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлигини ўзида мужассам этган бўлиб, бу Ўзбекистонда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Йиғилиш давомида ЎзЛиДеП фракцияси хўжалик субъектларининг мулкий ва шахсий номулкий манфаатларини ахборотни ноқонуний қўлга киритишни бартараф этиш йўли билан ҳимоялаш ҳуқуқини амалга оширишда ахборот хавфсизлиги масалаларини қонунчилик асосида ишлаб чиқиш муҳимлигини қайд этди.Қонун лойиҳасида унинг мақсадларини тушунтирувчи ифодалар аниқлаштирилди, жумладан, «тижорат сири», «махфий ахборот», «мулк эгаси», «конфидент», «тижорат сири режими», «тижорат сирини ҳимоялаш», «тижорат сирини бериш», «тижорат сирини олиш», «тижорат сирини билиш» каби тушунчаларга аниқлик киритилди.Умуман, муҳокама этилган қонун лойиҳаси ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, уни тизимлаштириш ва тақдим этиш масалаларини қонунчилик асосида тартибга солишни таъминлашга қаратилган. ЎзЛиДеП фракцияси мазкур қонун лойиҳасининг меъёрлари бозор рақобати шароитида хўжалик субъектларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоялашни кучайтиришга қаратилгани билан изоҳламоқда. Унга амал қилиниши натижасида келажакда хўжалик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратилади, шунингдек, у ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари, ноу-хау ва инновацияларнинг янада ривожланишида рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади ва пировардида, иқтисодиётнинг ўсишига ва мамлакатимиз равнақига кўмаклашади. Буларнинг барчаси партия электорати манфаатларига тўла мос келади.Фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган «Микромолиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг12-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси сармоявий иқлим ва ишбилармонлик муҳити ҳолатини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш самарадорлигини юксалтиришга қаратилган.Қонун лойиҳасининг мақсади – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланишини яхшилаш йўли билан уларнинг ривожланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратишдан иборат. Мазкур лойиҳада «Микромолиялаш тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига кредит олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддатини ўн иш кунидан уч иш кунигача қисқартиришни белгилайдиган ўзгартиш киритилиши назарда тутилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»гиПФ-4609-сонли Фармонига мувофиқ киритилаётган мазкур ўзгартиш банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан кредит аризаларини кўриб чиқиш муддатини қисқартириш, шу йўл билан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг кредит ресурсларидан фойдаланишини енгиллаштиришга ёрдам беради.Фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда муҳокама этилган «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам ЎзЛиДеП электорати манфаатларига тўла мос бўлиб, у хўжалик субъектлари ва аҳолининг инвестиция жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга инвестиция киритиш учун қўшимча рағбат ва шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш усулларини, инвесторларнинг ҳуқуқ ва мулкларини ҳимоялашни кенгайтиришга қаратилган.Инвестиция фаолиятини амалга оширишда фойдаланиладиган асосий тушунчалар («инвестиция лойиҳаси», «инвестиция фаолият субъекти» ва ҳ.к.) рўйхатининг кенгайтирилиши, шунингдек, инвестиция жараёнларидаги замонавий талаблар муносабати билан амалдаги тушунчалар («инвестиция», «инвестор», «реинвестиция» ва ҳ.к.) аниқлаштирилгани ҳужжатнинг ўзига хос муҳим жиҳати ҳисобланади.Йиғилишда қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар бўйича амалдаги солиқ ва божхона имтиёзлари ва енгилликлари инвентаризациядан ўтказилгани ижобий ҳолат эканлиги эътироф этилди. Бундан ташқари, инвестицияларни амалга ошириш шакллари қаторига интеллектуал мулк объектларига эгалик қилиш ҳуқуқи ҳам қўшилди.Қонун лойиҳасида инвестиция фаолиятини молиялаш манбааларига ҳам батафсил таъриф берилиб, барча тур ва шаклдаги инвестицияларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги тушунча ҳам киритилди. Инвестиция жараёнлари субъектлари, жумладан, инвесторлар, буюртмачилар, лойиҳаларнинг яратувчилари, пудратчилар, таъминотчилар ва бошқаларнинг ҳуқуқ ва масъулияти қонун асосида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши унинг хусусий сармояларни рағбатлантириш учун муҳим ҳужжат бўлишига ва мамлакатда инвестиция соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга кўмак беради.Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Унга кўра, йўқотилган жиноят иши ёки унинг материалларини прокурорнинг қарори, жиноят иши суд муҳокамаси жараёнида йўқотилган тақдирда эса суднинг прокурорга ижро учун юбориладиган қарори билан қайта тикланишини тартибга солувчи механизмни жорий этувчи модда билан тўлдирилмоқда. Мазкур қўшимча жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш, жиноят жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини таъминлаш, шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқлаштиришга ёрдам беради.Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме