23:00 25.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ БИРИНЧИ ЎҚИШДА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тақдим этилган кун тартиби тасдиқлангач, депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонунчилик палатасининг мажлиси ҳамда ундан олдин бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси Кенгаши, сиёсий партиялар фракциялари ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг йиғилишлари яқинда кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун талаблари асосида ташкил этилди.
Қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқиш давомида маърузачилар сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг тегишли қонун лойиҳалари юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.
Чунончи, депутатлар “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Мазкур ҳужжатда гаров реестрини ҳисобга олишнинг ягона базасини яратишга доир ҳуқуқий механизмлар белгиланган бўлиб, улар гаровга қўйилган мол-мулкни ҳисобга олиш, шунингдек, уни ғайриқонуний равишда реализация қилиш ёки бошқа шахсга беришнинг олдини олиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Гаров реестри маълумотларнинг ягона ахборот базаси бўлиб, у жисмоний ва юридик шахсларнинг гаров таъминотига доир ҳуқуқлари юзага келганлиги, шунингдек, бу ҳуқуқлар ўзгарганлиги ёки тугатилганлиги ҳақидаги электрон шаклдаги ёзувни ўз ичига олади.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида юзага келган имконият ҳамда қонун лойиҳаларининг қўмиталар ва фракциялар кўриб чиқиши учун бир вақтнинг ўзида келиб тушиши фракцияларга қонун лойиҳалари юзасидан ўз фикрлари ва таклифларини батафсил тайёрлаш имкониятини яратди. Мисол учун, ЎзЛиДеП фракцияси қонун лойиҳасини мамлакатимиз минтақаларида тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда муҳокама қилишни ташкил этишга муваффақ бўлди. Фракция ўтказган давра суҳбатида миллий ва халқаро экспертларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалари эшитилди. Буларнинг барчаси фракциянинг қонун лойиҳаси юзасидан масъул қўмитага киритган нуқтаи назарида ҳисобга олинди.
Чунончи, ЎзЛиДеП фракцияси вакиллари шуни алоҳида таъкидладиларки, қонун лойиҳаси Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси молия-банк тизимини янада ривожлантиришга, молия хизматлари бозорида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва рақобатни кучайтиришга, энг юқори халқаро андозаларга жавоб берувчи замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.
Бунда қонун лойиҳасининг энг муҳим вазифаси кредитларни расмийлаштириш тартиб-таомилини янада такомиллаштириш, кўчар мулкни гаров айланмасига киритиш ҳисобига кичик бизнеснинг кредит орқали молиялаштиришдан эркин фойдаланишини кенгайтириш ҳамда мол-мулкни гаровга қўйиб, кредит беришда тижорат банкларининг таваккалини камайтиришдан иборатдир.
ЎзХДП фракцияси депутатлари мазкур қонун лойиҳаси юзасидан билдирган ўз нуқтаи назарларида гаров реестрини ташкил этишдан асосий мақсад гаров тўғрисида ишончли ахборот йиғиш, унга ишлов бериш ва уни гаровга қўйилган мол-мулкка ҳуқуқи бўлган ёки уни олишни хоҳлаган шахсларга беришдан иборат эканлигига асосий эътиборни қаратдилар. Ушбу қонун гаров таъминотлари бўйича ахборотларни ҳисобга олиш, сақлаш ва алмашиш борасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Бу чора-тадбирлар, авваламбор, гаровга қўйилган мол-мулкнинг давлат томонидан аниқ ҳисобга олинишини таъминлашга, шунингдек, унинг ғайриқонуний равишда реализация қилиниши ёки бошқа шахсга ўтказилишининг олдини олишга қаратилгандир.
Фракция аъзолари шуни алоҳида таъкидладиларки, уларнинг қонун лойиҳаси юзасидан олдиндан билдирган фикрлари ва таклифлари масъул қўмитага топширилди, ушбу фикрлар ва таклифлар қонун лойиҳасини парламентнинг қуйи палатасида кўриб чиқиш чоғида инобатга олинди.
“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳасининг жуда муҳимлигини, шу жумладан, қонун лойиҳасида гаров реестрининг ягона базаси асосида гаров предметининг ҳуқуқий мақомини тезда аниқлаш бўйича бериладиган имкониятдан кредиторлар, қарз олувчилар, гаровга қўювчилар ва гаровга олувчилар фойдаланишлари мумкинлигини, бу эса мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилашга, тадбиркорликка катта эркинлик берилишига, миллий иқтисодиётимизнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
“Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг фикрига кўра, қонун лойиҳасида назарда тутилган гаров реестридан узлуксиз ва кечаю-кундуз эркин фойдаланиш имконияти тегишли дастурий таъминот воситасида қўллаб-қувватлаб турилади, бу эса маълумотлар базасидан аниқ вақт режимида фойдаланиш ҳамда рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартибидан, шунингдек, гаров ахбороти олиш имкониятидан фойдаланиш учун шароит яратади. Бунда қонун лойиҳаси энг яхши халқаро тажрибага ва гаров реестри тизимини тартибга солувчи норматив ҳужжатларга, таъминот битимларига, шунингдек, бир қатор хорижий мамлакатлар – АҚШ, Канада, Буюк Британия, Хитой, Австралия ва бошқа мамлакатларнинг қонун ҳужжатларига мос келади. Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишнинг аниқ муддатларини кўрсатишни қатъий талаб қилдилар.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари янги таҳрирдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонун лойиҳаси корпоратив бошқарув ҳамда назорат органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва масъулиятини янада аниқ белгилаб қўйишга, акциядорлик жамиятлари кузатув кенгашларининг, умумий йиғилишлари ва тафтиш комиссияларининг роли ва аҳамиятини оширишга, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг ахборот жиҳатидан акциядорлар ва имкониятли инвесторлар учун очиқлигини таъминлашга қаратилгандир.
ЎзЛиДеП фракцияси депутатларининг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг муҳимлиги унинг концепциясига ҳам, ишчи гуруҳ томонидан таклиф этиладиган ҳар бир нормага ҳам синчковлик билан эътибор беришни талаб этади. Ана шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда фракция аъзолари қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари аъзоларини ҳамда қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакилларини таклиф этган ҳолда очиқ ошкора муҳокама жуда ўз вақтида ташкил этилганлиги ва ўтказилганлигини, бу эса жуда кўплаб саволларга жавоб олиш ва Қонунчилик палатаси мажлисига янада жиддий тайёргарлик кўриш имкониятини яратганлигини таъкидладилар.
Фракция аъзолари шуни қайд этдиларки, ушбу қонун лойиҳасида ҳал этиладиган энг муҳим вазифа республикамизда корпоратив муносабатларни янада ривожлантиришдан иборатдир. Акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, уларнинг устав фондини шакллантириш, қимматли қоғозларнинг бозор қийматини белгилаш, акцияларни оммавий таклиф этиш орқали жамиятларнинг акцияларини жойлаштириш, шунингдек, бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва масъулияти, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш масалаларини янада аниқ тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилади.
ЎзХДП фракцияси аъзолари акциядорларнинг, хусусан, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлигини кучайтириш, чунончи уларнинг акциядорлик жамиятини бошқаришдаги иштироки механизмини янада аниқ белгилаш, бундай акциядорларнинг манфаатларини ифода этувчи махсус органни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Чунончи, қонун лойиҳасида акциядорлик жамиятини бошқариш органлари тузилмасида миноритар акциядорлар қўмитасини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, бундай қўмита акциядорлар томонидан сайланади ва акциядорларнинг умумий йиғилишига ҳисобдор бўлади, қўмитанинг асосий вазифалари миноритар акциядорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, жамиятнинг миноритар акциядорларнинг қонуний манфаатларига зид бўлган битимлари бўйича хулосалар чиқаришдан иборат.
Шу билан бирга, фракция аъзоларининг таъкидлашича, қонун лойиҳаси муайян даражада қайта ишлашни, хусусан, акциядорларнинг ҳуқуқларини янада аниқ белгилаш, шунингдек, қонун нормаларида акциядорлик жамиятларининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ тартиб-таомилга оид масалаларни янада аниқ белгилаш борасида қайта ишлашни талаб этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда фракция аъзолари қонун лойиҳасини қайта ишлаш муддатини мажбурий тартибда белгилаб қўйган ҳолда биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисидаги қарорни қўллаб-қувватладилар.
“Миллий тикланиш” ДП фракцияси вакиллари Қонунчилик палатасининг мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилиб, депутатларга “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг қарор лойиҳаси юзасидан таклифи етказилганлигини, чунончи, қонун лойиҳаси инвесторларнинг, айниқса, миллий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини янада кўчайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар. Қонун ҳужжатида “аффилланган шахслар” ва “манфаатли битимлар” тушунчалари ҳамда уларга қўйилган талаблар аниқлаштирилган. Тузилиши манфаат келтирувчи битимлар ҳақидаги батафсил ахборотни ошкор этишга қўйилган талабларни белгилаш ҳамда бундай битимларни мустақил аудиторлик ташкилоти томонидан кузатув кенгаши ёки акциядорларнинг талабига кўра тегишли хулосалар тақдим этган ҳолда олдиндан ўрганиш йўли билан акциядорлик жамиятларининг битимлар тузиши шаффофлигини оширишга доир нормалар назарда тутилган.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси манфаатли битимлар тузиш чоғида зарарни қоплаш тўғрисидаги мажбуриятларни белгилаш йўли билан акциядорлик жамияти бошқарув органлари аъзоларининг акциядорлар олдидаги жавобгарликни кучайтиришни ҳамда бундай битимларни акциядорларнинг даъво аризасига кўра суд қарори билан ҳақиқий эмас, деб эътироф этиш имкониятини назарда тутади.
“Адолат” СДП фракцияси аъзолари фракциянинг фикрларини мажбурий тартибда ҳисобга олиш муҳимлигини, бу оз сонли фракцияларга нисбатан устунлик беришини алоҳида таъкидладилар. Фракция аъзоларининг фикрига кўра, қонун лойиҳаси акциядорлик жамияти фаолиятининг ахборот жиҳатидан барча акциядорлар ва имкониятли инвесторлар учун очиқлигини таъминлаш механизмини назарда тутади, акциядорлик жамияти фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, тегишинча уларга нисбатан ишончни таъминлаш имкониятини яратади. Чунончи, акциялари фонд биржасининг листингига киритилган акциядорлик жамияти фонд биржасининг сайтида ўз устави матнини, шу жумладан, унга ўзгартиш ва қўшимчаларни эълон қилиши лозим. Акциядорлик жамиятининг акциядорларга ахборот тақдим этиши, акциядорлик жамияти ўзининг аффилланган шахслари тўғрисидаги ахборотини эълон қилиши механизми назарда тутилган.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлари “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Мазкур қонун лойиҳаси айрим ҳуқуқий нормаларни қонун ҳужжатларига янгитдан киритилаётган тузатишларга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Ер кодексларига, “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.Ҳар томонлама муҳокамадан сўнг депутатлар юқорида кўрсатиб ўтилган барча қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқулладилар ва уларни биринчи ўқишда қабул қилдилар. Ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси масъул қўмиталарга топширилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатасинингАхборот хизмати
www.parliament.gov.uz
Обсудить новость на Форуме