19:15 22.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ БЎЙИЧА ДАСТЛАБКИ НУҚТАИ НАЗАРЛАР БИЛДИРИЛДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилиши назарда тутилаётган масалаларнинг сиёсий партиялар фракциялари ва экоҳаракат депутатлик гуруҳи томонидан муҳокамасига бағишланган йиғилишлар бўлиб ўтди. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида “Гаров реестри тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси ҳақида берилган ахборотда қайд этилганидек, ундан кўзда тутилган мақсад гаровга қўйилган мол-мулкларни, шу жумладан, кўчар мулкларни, ҳисобга олиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ягона базани ташкил этишнинг ҳуқуқий механизмини белгилашга ҳамда гаров предметини ноқонуний сотиш ва бегоналаштиришнинг олдини олишга қаратилган. Бунда гаров реестри гаров таъминотига нисбатан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари вужудга келиши, уларнинг ўзгартирилиши ва бекор бўлиши бўйича электрон шаклдаги ёзувлардан ташкил топган маълумотларнинг ягона базасидан иборат бўлади. Таъкидланганидек, гаров реестрини ташкил этишдан мақсад гаров мулкига эгалик ҳуқуқи бўлган ёки мазкур ҳуқуқларга эга бўлишни хоҳловчи шахслар учун ишончли гаров маълумотларини тўплаш, қайта ишлаш ва тақдим этиш, шунингдек, салоҳиятли қарз олувчига гаров мулки тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ва гаровга қўйилган мулкка гаров ҳуқуқи борлигини аниқлашдан иборат. Мутахассисларнинг қайд этишларича, гаров реестрида гаровга қўйилган мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш тизимининг мавжудлиги тадбиркорлик соҳасида кредит таваккалчиликларининг камайишига, кредиторлар манфаатларини янада кучлироқ ҳимоя қилинишига имкон яратади. Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатларини эътироф этган ҳолда, бир қатор таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларни билдирдилар ва лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқулладилар. Йиғилишда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда тақдим этилган маълумотда келтирилишича, мазкур қонун лойиҳасининг мақсади амалдаги қонун нормаларини аниқлаштириш асосида корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириш, акциядорларнинг, айниқса, миноритар акциядорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини ҳамда акциядорлик жамиятларининг бошқарув ва назорат органлари ролини ошириш, шунингдек, акциядорлар ва салоҳиятли инвесторлар учун акциядорлик жамиятининг фаолияти тўғрисидаги ахборот ошкоралигини таъминлашга қаратилган. Фракция аъзолари томонидан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳага мувофиқ киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Фуқаролик кодексида ҳамда “Банкротлик тўғрисида”, “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”, “Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги каби 10 дан зиёд қонун ҳужжатларида акс эттирилаётгани таъкидланди. Йиғилишда ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан берилган саволларга тегишли ишчи гуруҳлари вакиллари томонидан батафсил жавоблар, қўшимча маълумотлар асосида тушунтиришлар берилди.
Ойдин ЛАТИПОВА,“Биржа” иқтисодий газета№58-сон
Обсудить новость на Форуме