20:30 02.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ҚОНУН КУЧГА КИРДИ

Насим АЛИМОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O’zLiDeP фракцияси аъзоси

Бундан буён тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан қўлланадиган жазо чораларини либераллаштиришга қаратилган ушбу янгиликка мувофиқ қонунни бузгани учун бутун ташкилот эмас, балки аниқ айбдор (мансабдор) шахс жавоб берадиган бўлди.

Энг аввало, тадбиркор ва ишбилармонлар эътиборини тортаётган, жорий йилнинг 7 октябрида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунга батафсилроқ тўхталсак. Унга кўра бир қатор амалдаги қонун ҳужжатларига, хусусан, 8 та Кодексга, яъни Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат, Солиқ, Божхона, Уй-жой, Фуқаролик, Хўжалик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят кодекслари ҳамда 22 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини қайд этиш мумкин. 5 та қонун ҳужжати эса ўз кучини йўқотган деб топилди. 

Президентимизнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун асосида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амалдаги қонунларга киритилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бошқача айтганда, Президентимиз фармонида белгиланганидек, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига риоя қилинадиган бўлди. Ушбу қоидага мувофиқ, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар энди тадбиркорлар фойдасига талқин этилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 12-моддаси ва «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига қўшимчалар киритилди. Божхона кодекси эса шу йўналишдаги 71-моддаси билан тўлдирилди.

Маълумки, Солиқ кодексининг 11-моддасида назарда тутилган ҳамда қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршилик ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинишини белгилайдиган худди шундай тамойил ҳуқуқни қўллаш амалиётида муваффақиятли қўлланилмоқда. Шу мазмундаги норма янги таҳрирда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. 

Янги қонунда юридик шахслар учун солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш билан боғлиқ бўлмаган  молиявий санкциялар бекор қилингани, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш муддатини бузганлик учун ҳисобланадиган пенялар миқдори 0,05 фоиздан 0,033 фоизга камайтирилганини ҳам қайд этиш жоиз. Бундан буён тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан қўлланадиган жазо чораларини либераллаштиришга қаратилган ушбу янгиликка мувофиқ қонунни бузгани учун бутун ташкилот эмас, балки аниқ айбдор (мансабдор) шахс жавоб берадиган бўлди. Бу, ўз навбатида, шундай ҳолат юз берган тақдирда бутун бошли тадбиркорлик субъектига жазо-жарима қўлланилиб, унинг фаолиятига зарар етказувчи ҳолатларнинг олдини олиш ва, айниқса, мансабдор шахсларнинг ўз фаолияти учун масъулиятини янада оширишларига олиб келади. Шунингдек, бугунги кунгача молиявий санкцияларни қўллаш, яъни жаримага тортиш ҳар бир соҳадаги муносабатларни тартибга солишга мўлжалланган махсус қонунлар («Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида», «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида», «Стандартлаштириш тўғрисида», «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида», «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Табиий монополиялар тўғрисида», «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Божхона ва Солиқ кодекслари)  орқали амалга оширилаётган эди.  Янги қонунга биноан юқорида саналган махсус қонунлардаги молиявий-иқтисодий санкциялар билан боғлиқ нормалар бекор қилиниб, уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказилди.

Қонунга киритилган янги нормалар билан божхона назорати муддати уч йил билан чеклангани, шунингдек, товарлар божхона назоратидан ўтказилгандан кейин бир йил ўтиб, божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш тақиқланиши ҳам белгиланди. 

Ҳужжатда айрим ҳолатларда тадбиркорлар ишига тўсқинлик қилаётган яна бир масалага ойдинлик киритилганини таъкидлаш жоиз. Яъни «Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан савдо ва сервис соҳасида олинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи корпоратив пластик карталар орқали тўланганида тўлов терминалларининг чеклари ҳам бошланғич ҳисоб ҳужжатлари деб тан олинади» деган норманинг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунга киритилгани бўлди. Демак, энди корпоратив пластик карталардан фойдаланилганда тўлов терминалларининг чеклари ҳам бирламчи бухгалтерия ҳужжати тоифасига киритилади.

Мазкур қонун билан фермер хўжаликларининг молиявий-иқтисодий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси олиш пайтида очиқ танловда кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағларини фермер хўжалиги раҳбари томонидан устав фондига киритилиши белгиланганини таъкидлаш лозим. 

Шунингдек, янги қонун кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, хизматлар кўрсатиш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли эканлиги тўғрисидаги норма билан тўлдирилди.

Фермер хўжаликларининг ҳуқуқларини фермер кенгашлари орқали ҳимоя қилишни янада кенгайтириш учун эса Солиқ кодексининг 329-330-моддаларига Фермерлар кенгашлари – давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларига, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатига (ҳаракатсизлигига) нисбатан фермер хўжаликларининг манфаатини кўзлаб киритиладиган даъволар ва шикоятлар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳақидаги норма киритилди.

Ушбу норма ҳам фермерлар ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишда янада кенг имкониятлар яратади, албатта.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчига айланган синф — тадбиркорлар қатлами учун кенг имконият ва имтиёзлар яратган янги қонун O’zLiDeP электорати, тадбиркор ва ишбилармонлар, қишлоқ мулкдорлари манфаатини судларда ҳимоя қилишда улар манфаатини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 31 октябрь, 44 (520)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме