16:15 06.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚОНУН ЯНГИ ТАҲРИРДА ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ
Аммо O’zLiDeP фракцияси аъзолари қонун лойиҳасининг концептуал асосларини янада такомиллаштириш учун таниқли экспертлар ва иқтисодчи-амалиётчилар билан жонли мулоқотлар ўтказишга қарор қилдилар
O’zLiDeP фракцияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда барча вилоятларда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ҳамда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаларининг концептуал асослари юзасидан экспертлар, иқтисодчилар ва амалиётчилар иштирокида давра суҳбатлари ўтказди.
Маълумки, «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозимлиги белгилаб берилган эди. Шунингдек, «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида ҳам мазкур қонун лойиҳасининг ниҳоятда муҳимлиги қайд этилиб, уни янги таҳрирда қабул қилиш чора-тадбирлари белгиланганди. Шундан келиб чиқиб, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳузуридаги махсус ишчи гуруҳи ушбу масалани атрофлича ўрганиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқди. Қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик, манфаатдор вазирлик ва идоралар, барча акциядорлик жамиятлари, акциядорлар, тадбиркор ва партия электорати вакиллари билан муҳокама қилиш ҳамда жойлардан билдириладиган таклиф ва тавсияларни жамлаш мақсадида шундай тадбирлар ташкил этилди.
Агар Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида ўтган тадбирларда асосий эътибор акциядорлик жамиятлари масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа шаклдаги тижорат ташкилотлари, очиқ бозорда чекланмаган шахслар ўртасида инвестицияларни жалб қилиш имконияти мавжудлиги билан ажралиб туриши, бироқ амалда ёпиқ акциядорлик жамиятлари кейинчалик қимматли қоғозлар бозорига чиқмаслик мақсадида ташкил этилаётгани ҳамда бу билан амалда ёпиқ акциядорлик жамияти шакли масъулияти чекланган жамиятлар институтини такрорлаётганига қаратилган бўлса, Фарғонада қонун лойиҳаларининг аҳамиятга молик томонларидан бири сифатида миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатлари ҳақидаги нормаларнинг киритилаётгани эътироф этилди.
Қашқадарё вилоятида эса «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янги таҳририда корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини янада аниқ белгилаш лозимлиги таъкидланди. Тадбирда қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази раҳбари Дўстмурод Султонов, O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Азиз Пирназаров сўзга чиқиб, қимматли қоғозлар аҳоли, айниқса, тадбиркорлар учун қўшимча даромад манбаи эканини қайд этдилар. Шунингдек, тадбиркорларни ушбу бозорда янада фаол иштирок этишлари учун янада қулай шароит яратиш, самарали механизмлар ишлаб чиқиш, унинг ахборот таъминоти, қимматли қоғозлар ва уларни чиқарган ташкилотлар ҳақида кенг маълумотлар тарқатиш, рентабеллилиги бўлган компанияларнинг акциялар кўринишидаги қимматли қоғозларини кўпайтириш, ва, албатта, амалдаги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Мустафхон Султоновнинг таъкидлашича, корпоратив муносабатларнинг алоҳида томонларини ҳуқуқий тартибга солишдаги ноаниқликларни бартараф этиш, жамиятни бошқарув муаммоларини камайтириш, уларга янада қулай муҳит яратиш учун халқаро тажрибаларга таянган ҳолда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини янги таҳрирда қабул қилиш лозимлиги бежиз кун тартибига киритилгани йўқ.
Шу ўринда янги таҳрирдаги қонунни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаатларига мос ҳолда қабул қилиш, қонун меъёрларининг акциядорлик жамиятларига тегишли қисмини мувофиқлаштириш ҳамда таъсисчилар таркибидаги ўзгаришлар ҳисобини тартибга солинишини таъминлаш, шунингдек, юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал этиш, ижро этувчи органлар фаолияти ошкоралиги ва улар устидан назоратни таъминлаш имконини беришини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мулоқотлар давомида масъулияти чекланган жамиятларда кузатув кенгашларини ташкил этиш, унинг ҳисоботларини тинглаш, жамият соф фойдасининг бир қисмини тақсимлаш ва тўлаш жараёнлари ва муддатини тартибга солиш, таъсисчилар умумий йиғилишининг йиллик бизнес-режасини тасдиқлаш, йирик битимлар тузишда ваколатларни аниқлаштириш масалалари ҳам тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Бундан ташқари кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, мажлислар ўтказиш ва унинг қарорларини расмийлаштириш, кворумни аниқлаш жараёнларини белгилаш, устав фондида давлат улуши бўлган масъулияти чекланган жамиятлар томонидан йиллик ахборотни ошкор этиш билан боғлиқ қўшимчалар киритишга доир таклиф ва тавсиялар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қимматли қоғозлар бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Қувондиқ ҲАМЗАЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O’zLiDeP фракцияси аъзоси: — Акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, улар фаолияти ва уларни тугатиш ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш масалалари 13 та бўлим ва 117 та моддадан иборат мазкур қонун лойиҳасининг асосий предмети ҳисобланади.
Унда, жумладан, акциядорлик жамиятларининг шакллари, яъни очиқ ва ёпиқ акциядорлик жамиятлари тушунчасини чиқариб ташлаш, шу билан бирга, акциядорлик жамиятлари томонидан чиқариладиган акцияларни очиқ ва ёпиқ обуна йўли билан жойлаштириш мумкинлиги кўзда тутилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат – бу акциядорлик жамиятларидаги бошқарув органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги билан боғлиқ нормаларнинг аниқ акс эттирилаётганидир.
Бундан ташқари лойиҳада жамият акциядорларининг умумий йиғилиши ёки Кузатув кенгаши қарорларини сурункали равишда бажармаслик ижро органи билан тузилган шартномани тугатиш (бекор қилиш)га асос бўлиши белгиланмоқда.
Мазкур норма орқали жамиятнинг коллегиал ижроия органи аъзолари билан шартномаларни тузиш тартиби, яъни коллегиал ижроия органи аъзосининг функционал мажбуриятларини бажариш, унинг коллегиал ижроия органи аъзоси сифатида келиб чиқадиган мажбуриятлари ва коллегиал ижроия органининг жамиятга етказилган зарар бўйича жамият ва акциядорлар олдидаги жавобгарлиги аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, жамият тафтиш комиссиясининг роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида жамият тафтиш комиссияси аъзоларига малакавий талаблар ўрнатилиши ва бир шахсни тафтиш комиссияси аъзолигига кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланишига чеклов ўрнатилиши кўзда тутилган.
Насим АЛИМОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Давлатимиз раҳбари Концепциясида миноритар, яъни қўлида акцияси кам бўлган акциядорларнинг кафолатларини кўпроқ таъминлаш, барча акциядорларни ва бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниянинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутиш айни муддао бўлиши алоҳида таъкидланган эди.
Бугун амалиётда акциядорлар Умумий йиғилишида йирик акциядорларнинг иштирок этмаслиги ва бунинг оқибатида кворум мавжуд эмаслиги натижасида йиғилиш ўтказилмай қолиш ҳолатлари учрамоқда. Бу нафақат жамиятнинг молия-хўжалик фаолияти, балки ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ корпоратив қарорларни ўз вақтида қабул қилинмаётганлигига ҳам сабаб бўлмоқда. Ана шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида халқаро тажрибани инобатга олиб, қонун лойиҳасида акциядорларнинг янги чақирилган Умумий йиғилишида иштирок этувчиларни рўйхатга олиш тугаган пайтга келиб жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами 50 фоиздан кам бўлмаган овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатга олинган бўлса, бу Умумий йиғилиш ваколатли ҳисобланиши тўғрисидаги меъёр киритилмоқда.
Айниқса, қонун лойиҳасига акциядорлик жамиятлари томонидан фонд биржаси сайтида жамиятнинг устави ҳамда унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар матнининг чоп этилиши мажбурийлиги тўғрисидаги меъёрнинг ҳамда акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун акциядорлик жамиятининг фаолияти тўғрисидаги ахборотларни жамият томонидан ошкор қилишни кўзда тутувчи моддаларнинг киритилиши O’zLiDePнинг дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.
Озод РАЖАБОВ,Сайфулла ИКРОМОВтайёрлади.
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 4 июль, 27 (503)-сон
Обсудить новость на Форуме