23:16 20.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ҚОНУН ИЖОДКОРЛИГИ ЖАРАЁНИДА ФРАКЦИЯЛАР ВА ДЕПУТАТЛАР ГУРУҲЛАРИНИНГ РОЛИ КУЧАЙТИРИЛДИ
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда икки палатали парламентнинг ташкил этилгани қонун ижодкорлиги сифатини ошириб, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришишда муҳим аҳамият касб этаётир. Айни пайтда миллий парламент фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, парламент ва давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни уйғунлаштириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган ва 2008 йилнинг 1 январидан кучга кирган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг ролини янада оширди. Ушбу қонун билан жорий қилинган ҳуқуқий механизмлар туфайли Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари фаолияти янада ривожланди, фракциялараро соғлом рақобат муҳити кучайди. Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнида уларнинг иштироки сезиларли равишда ошди. Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида сиёсий партияларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни, иштирокини янада кенгайтириш ва ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу асосда бугунги кунда парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти ва бу жараёнда сиёсий партиялар фракцияларининг ролини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқишни ташкил этиш, бунинг учун масъул қўмитани белгилаш, уларни муҳокамага тайёрлаш ва қонун лойиҳалари муҳокамасининг барча босқичида фракцияларнинг (депутатлик гуруҳларининг) иштирокини таъминловчи ҳуқуқий нормалар янада такомиллаштирилаётир. Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 18 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси тарзида тайёрланган мазкур ҳужжат қонун лойиҳаларини муҳокама этиш ва қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида фракцияларнинг (депутатлик гуруҳларининг) иштирокини таъминловчи аниқ процессуал механизмларни яратди. Маълумки, 2003 йил 29 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, асосий принциплари, ташкилий шакли каби муҳим меъёрларни қамраган. Қонунчилик палатаси Кенгаши, уни ташкил этиш ва фаолият йўналишлари белгиланган. Унга кўра, мазкур Кенгаш Қонунчилик палатаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш, қўмиталар ишини мувофиқлаштириб бориш, қонун лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш масаласини дастлабки тарзда кўриб чиқишни ташкил этиш мақсадида тузилади. Унинг таркибига Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари, фракциялар ва депутатлар гуруҳларининг раҳбарлари, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раислари киради. Кенгашга Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлик қилади. Қабул қилинган янги қонун билан ушбу жараён янада такомиллаштирилди. Эндиликда Қонунчилик палатасининг Кенгаши ҳузурида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилади. Ушбу гуруҳ Қонунчилик палатаси девони ходимлари орасидан танлаб олинади ва уч кишидан иборат бўлади. Гуруҳ келган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини рўйхатдан ўтказади ва Кенгаш аъзоларини бу ҳақда хабардор қилади. Кенгаш Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани белгилайди. Қўмитага, бир вақтнинг ўзида фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) қонун лойиҳаси ҳамда унга илова қилинган материалларни топширади. Масъул қўмита ва фракциялар қонун лойиҳаси устида баравар ишлайди. Масъул қўмита фракцияларнинг фикрлари ва таклифларисиз ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Масъул қўмита қонун лойиҳаси бўйича барча фракциялардан фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида хулоса беради. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқишда уни қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Конституция ва қонунларга мувофиқлиги, шунингдек, қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳамда молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинади. Бунда маърузачи биринчи ва кейинги ўқишларда фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт. Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини мажбурий тартибда белгилаган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ёхуд рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Масъул қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида тушган фикрлар ва таклифларни умумлаштиради. Асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳаси матнига киритилади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита томонидан маъқулланган таклифлар ҳам, маъқулланмаган фикрлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилади. Хулоса қилиб айтанда, янги қонун фракцияларнинг (депутатлик гуруҳларининг) қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада фаоллаштириш, қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида палата томонидан қабул қилинадиган қарорларга уларнинг таъсир кўрсатиш имкониятини оширишга хизмат қилади. Муҳими, сиёсий партияларнинг дастурий ҳужжатлари ва сайловчилар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича ўз нуқтаи назарларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиши ва ҳимоя қилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.
Тўлқин Турсунов,Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатаси Қонунчилик васуд-ҳуқуқ масалалари қўмитасираисининг ўринбосари
www.uza.uz
Обсудить новость на Форуме